
Япония ҳукуматининг Хитойдаги фуқароларига хавфсизлик чораларига риоя қилиш ва одамлар гавжум жойлардан узоқроқ бўлиш тавсиясини берди. Ушбу чақириқ Япония бош вазири Санэ Такаичининг Хитойнинг Тайванга ҳужум қилиши эҳтимоли Япониянинг хавфсизлигига таҳдид солиши ва ҳарбий жавобга олиб келиши мумкин деган баёнотидан кейин эълон қилинди.
Бу баёнот Токио ва Пекин ўртасида жиддий дипломатик инқирозга сабаб бўлди. Хитой Такаичидан ўз сўзларини қайтаришни талаб қилди, бироқ Япония ҳукумати ўз позициясини ўзгартирмаслигини ва Тайван масаласи тинч йўл билан ҳал қилиниши кераклигини таъкидлади.
Можаро фонида Хитой ўз фуқароларига Японияга боришни тавсия этмаётганини эълон қилди. Шу муносабат билан сайёҳлик компаниялари парвозларни бекор қила бошлади ва чипта пулларини қайтариб бермоқда.
Хитойда япон фильмларининг намойиши ҳам тўхтатилди. Ушбу ҳолат Япония туризми ва бизнесига сезиларли зарба бўлди, чунки Хитой сайёҳлари мамлакатдаги умумий сайёҳларнинг қарийб чорак қисмини ташкил этади.
Вазият кескинлигича қолмоқда: Хитой кемалари Сенкаку ороллари атрофидаги баҳсли сув ҳудудларига кирган бўлса, АҚШ Японияни иттифоқ шартномасига биноан ҳимоя қилишга тайёрлигини тасдиқлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.