Осиё кубоги. Индонезия стартда "учди", Ироқ ҳам ютуқни қўлга киритди

Индонезияда бўлиб ўтаётган футзал бўйича Осиё кубогида “А” гуруҳининг биринчи тури ўйинлари ўтказилди. Дастлабки куннинг ўзиёқ мухлисларга жонли темп, сергол баҳслар ва аниқ сигнал берди: бу гуруҳда ҳеч ким “сайр” қилмайди.
Аввало, гуруҳнинг илк учрашувида Ироқ терма жамоаси Қирғиз Республикаси футзалчиларига қарши паркетга чиқди. Беллашув бошиданоқ тезлик юқори бўлди, вазиятлар кўпая бошлади. Якунда эса ироқликлар характер кўрсатиб, 4:2 ҳисобида ғалабани илиб кетди ва биринчи турдаёқ 3 очкони жамғарди.
Куннинг сўнгги баҳси эса том маънода мезбонлар концертига айланди. Индонезия Жанубий Кореяга қарши ўйинда тўлиқ устунликни қўлга олди: босим, тезкор ҳужумлар, жой танлаш — барчаси “ўз вақтида, ўз жойида”. Натижа ҳам катта бўлди — 5:0! Шу тариқа, мезбонлар йирик ғалаба билан гуруҳда пешқадамликни қўлга киритиб, турнирига жуда ишончли старт беришди.
Биринчи тур хулосаси қисқа: “А” гуруҳида темп юқори, голлар бор, интрига тирик. Давоми энди янада қизийди — чунки биринчи ўйинлар ҳар доим “таъб”ни очади, ҳақиқий кураш эса кейин бошланади.
