Тошкентда йўл талашган аёллар жаримага тортилди

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2025 йил 3 декабрдаги ижро варақаси асосида, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида юзага келган моддий зарарни қоплаш бўйича ижро иши бошланган.
Судда кўриб чиқилган материаллардан маълум бўлишича, воқеа икки нафар аёл ҳайдовчи ўртасида йўл ҳаракатида юз берган. Улардан бири иккинчисига йўл бермагани сабабли транспорт воситалари ўзаро тўқнашиб кетган. Ҳодисадан сўнг, ҳайдовчилар автомашиналардан тушиб, “сен менга йўл беришинг керак эди” мазмунида баҳс ва тортишувга киришган.
Суд қарорига кўра, қарздор Г. жабрланувчи Х. фойдасига 4 700 000 сўм миқдорида етказилган моддий зарарни қоплаши шартлиги белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 7 январь куни Бюронинг Олмазор туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Аниқланганидек, қарздор автотранспорт воситасини мажбурий суғуртадан ўтказмагани учун, зарар суғурта ҳисобидан эмас, балки унинг шахсий маблағи ҳисобига қопланган.
Ижро жараёнида қарздорга қонун талаблари тўлиқ тушунтирилиб, белгиланган муддатда 4 700 000 сўм маблағ тўлиқ тўлаб берилган.
Шунингдек, суд йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг жамоат тартибини бузгани ва ўзаро жанжал келтиргани учун ҳар икки аёл ҳайдовчига маъмурий жазо қўллаган. Уларга ҳар бирига 2 060 000 сўм — энг кам ойлик иш ҳаққининг 5 баробари миқдорида жарима солинган.
Натижада, моддий зарар ҳам, маъмурий жарималар ҳам тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжатлари амалда тўлиқ бажарилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!