date

Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси инқирозга юз тутди

Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси инқирозга юз тутди
Ҳиндистоннинг энг йирик авиакомпанияси IndiGo операцион инқирозга дуч келди. Декабр ойининг бошларида компания минглаб рейсларни бекор қилди ва кечиктирди, бу авиация тармоғини ишлашида узилишларни келтириб чиқарди ва компаниянинг обрўси ҳамда молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатди.

2–3 декабр кунлари бошланган ушбу инқироз Ҳиндистон фуқаролик авиацияси тарихидаги энг жиддий воқеалардан бири бўлди. Ҳиндистон ОАВларига кўра, декабр бошидан буён компания ички тармоқда 3 400 дан 4 000 гача рейсни бекор қилган, шундан 5 декабрда фақатгина 1 000 дан ортиқ рейс амалга оширилмаган.

Бунинг оқибатида мамлакатнинг турли аэропортларида ўн минглаб йўловчилар алоқа, маълумот ва ўз вақтида ёрдам ололмай қолишди. Расмий баёнотга кўра, бу инқироз янги қоидалар асосида иш графикларини қайта ташкил этишга улгурилмаганлиги сабабли юзага келган.

Янги қоидаларга кўра, учувчилар ва экипажлар учун мажбурий дам олиш вақти оширилди ҳамда кечки сменалар сони камайтирилди. Натижада, арзон авиахизмат кўрсатувчи компанияда рейсларни жадвал бўйича бажариш учун етарли ходимлар қолмади.

Ушбу узилишлар Деҳли, Мумбай, Бангалор, Ҳайдарабод, Ченнай каби йирик авиация марказларига жиддий таъсир кўрсатди. Йўловчилар хизмат кўрсатиш столлари ва терминал зоналарида узоқ навбатларда кутишга мажбур бўлишди.

Фуқаролик авиацияси регулятори DGCA компанияни назорат қилишни кучайтириб, IndiGo штаб-квартирасига инспекторларини юборди ва парвозларни тиклаш жараёнини кунлик мониторинг қилишни йўлга қўйди. DGCA, шунингдек, кадрлар таъминоти, экипажларнинг ишлатилиши ҳамда хавфсизлик стандартларига риоя қилинишини кузатиш учун махсус назорат жамоасини тузди.

Ҳукумат IndiGo авиакомпаниясига тегишли қишки жадвални 10 фоизга қисқартиришни буюрди ва қоидабузарликлар учун қатъий чоралар кўрилишини огоҳлантирди. IndiGo бош директори Питер Элберс йўловчилардан "жиддий операцион узилишлар" учун узр сўради.

У компания барқарор жадвални қайта тиклаш устида ишлаётганини ва регулятор билан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, инқироз қасддан юзага келмаган ва экипажлар ишининг янги қоидаларга ўтишдаги қийинчиликлар сабаб бўлган.

Компания йўловчиларга етказилган ноқулайликлар учун 10 000 рупий (тахминан 110 АҚШ доллари) миқдорида ваучер берилишини эълон қилди. 11 декабр куни авиакомпания вазият аста-секин нормаллашаётганини маълум қилди.

9 декабрдан бошлаб операциялар барқарорлашган. Компания барқарорлик тикланганидан сўнг кунига 1 950 дан ортиқ рейсларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

2025 йилнинг август ойида IndiGo Тошкентдан Мумбайга мунтазам рейсларни йўлга қўйган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистоннинг IndiGo авиакомпанияси инқирозга юз тутди