
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем мамлакатда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган қарорни эълон қилди. У Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизматларига DV1 визаси дастурини вақтинча тўхтатиш бўйича расмий кўрсатма берилганини маълум қилди. Мазкур виза ҳар йили ўтказиладиган Green Card лотереяси ғолибларига АҚШга қонуний равишда иммиграция қилиш имконини бериб келар эди.
Маълумот учун, DV1 дастури орқали ҳар йили тахминан 50 минг нафар хорижий фуқаро АҚШга кўчиб ўтиш ҳуқуқини қўлга киритади. Лотереяда иштирок этиш учун камида ўрта маълумотга эга бўлиш ёки икки йиллик иш тажрибасини тасдиқлаш талаб қилинади. Ушбу тизим кўплаб мамлакатлар фуқаролари учун АҚШга киришнинг энг очиқ ва шаффоф йўлларидан бири ҳисобланиб келган.
Кристи Ноем ўз баёнотида қарорга сабаб бўлган хавфсизлик омилларига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, 2017 йилда DV1 визаси орқали АҚШга келган Португалия фуқароси Клаудио Мануеле Невеше Валенте Браун университетининг икки талабаси ўлими билан боғлиқ ишда гумонланмоқда. Ушбу фожиали ҳодиса вақтида Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам ҳалок бўлгани қайд этилди.
Шунингдек, вазир яна бир оғир воқеани эсга олди. Унинг сўзларига кўра, 2017 йилда Нью-Йорк шаҳрида саккиз нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган терактни амалга оширган Сайфулло Соипов ҳам айнан шу визалар дастури орқали АҚШга кириб келган. CBS нашри хабар беришича, АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам узоқ йиллар давомида DV1 лотереясига қарши чиқиб келган сиёсатчилардан бири ҳисобланади.
Трампнинг фикрича, бундай очиқ иммиграция дастурлари мамлакат ички хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкин. Шу билан бирга, дастур тарафдорлари бу қарашга қўшилмайди. Улар DV1 визаси АҚШ иқтисодиётига меҳнат бозори орқали ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, мамлакатнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилишини таъкидлашмоқда.
Айни пайтда мазкур қарор вақтинчалик экани айтилмоқда. Бироқ у иммиграция сиёсати атрофидаги баҳсларни янада кучайтириб, Green Card лотереяси келажаги борасида янги саволларни кун тартибига чиқарди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.