
Франциянинг Безансон шаҳри суди жамиятни ларзага солган иш бўйича якуний қарор чиқарди. 12 нафар беморнинг ўлими ва яна 30 кишининг заҳарланишида айбланган собиқ анестезиолог Фредерик Пеше умрбод озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда France 24 нашри хабар берди.
Суд материалларига кўра, 53 ёшли Фредерик Пеше қарийб ўн йил давомида — 2008 йилдан 2017 йилгача тиббий амалиёт вақтида беморларга қасддан заҳарли моддалар қўшган. У томчилар таркибига юрак тўхташи ёки кучли қон кетишига олиб келувчи моддаларни аралаштирган. Оқибатда 12 нафар бемор вафот этган, яна ўнлаб инсонлар оғир ҳолатга тушган.
Энг даҳшатлиси, Пешенинг энг ёш қурбони атиги тўрт ёшда бўлган. 2016 йилда бодомсимон безларни олиб ташлаш учун қилинган оддий операция чоғида болада икки марта юрак тўхташи юз берган. Энг катта жабрланувчи эса 89 ёшда бўлган. Франция оммавий ахборот воситалари ушбу ишдан сўнг Пеше ҳақида «Доктор ўлим» деган лақабни ишлатишни бошлади.
Прокуратура маълумотларига кўра, Пеше айрим ҳамкасблари билан келишмовчиликка борганидан сўнг айнан уларнинг беморларига қасд қилган. Айрим ҳолатларда у вазиятни ўз фойдасига буриш мақсадида заҳарланган беморларни реанимация қилишда иштирок этиб, ўзини «қутқарувчи» сифатида кўрсатишга уринган.
Собиқ анестезиолог эса тергов давомида барча айбловларни инкор этди. У заҳарланиш ҳолатларини бошқа шифокорларнинг тиббий хатолари билан боғлади, шунингдек, ўзи ишлаган клиникалардан бирида заҳарловчи шахс бўлганини, аммо бу инсон ўзи эмаслигини таъкидлади.
Суд қарорига асосан, Фредерик Пешега умрбод қамоқ жазосидан ташқари тиббиёт соҳасида фаолият юритиш ҳам абадий тақиқланди. Шу билан бирга, у ҳукм устидан шикоят киритиш ниятида эканини маълум қилди.
Бу иш Франция жамиятида тиббиётга ишонч, шифокор масъулияти ва назорат тизимлари ҳақида кескин баҳсларни янада кучайтирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.