
АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноем Х ижтимоий тармоғида эълон қилишича, у Фуқаролик ва иммиграция хизматларига Green Card лотереяси доирасидаги DV1 визалар дастурини тўхтатиш бўйича кўрсатма берган. Ушбу виза ҳар йили АҚШга иммиграция қилиш учун лотерея орқали ғолиб бўлган шахсларга берилади.
DV1 дастури орқали ҳар йили 50 минг нафаргача чет эллик шахс АҚШга киради. Ушбу дастурда иштирок этиш учун ўрта маълумот ёки икки йиллик касбий тажриба талаб этилади.
Кристи Ноемнинг таъкидлашича, Браун университетининг икки талабаси ўлдирилишида гумон қилинган португалиялик Клаудио Мануеле Невеш Валенте 2017 йилда ушбу виза асосида АҚШга келган. Ҳодиса давомида Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлган.
Шунингдек, ушбу виза орқали 2017 йилда АҚШга келган ва Нью-Йоркда саккиз кишини қасддан автомобиль билан уриб ўлдирган ўзбекистонлик Сайфулла Соипов ҳақида ҳам эслаб ўтилди. CBS телеканалининг қайд этишича, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп DV1 туридаги визалар лотереясига узоқ йиллардан бери танқид билан қараб келган.
Трампнинг сўзларига кўра, бундай визалар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солади. Шу билан бирга, дастур тарафдорлари уни АҚШ иқтисодиёти учун фойдали ва мамлакат имижига ижобий таъсир кўрсатади, деб ҳисоблайди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.