date

Дам олиш кунлари яна қор ёғиши кутилмоқда

Дам олиш кунлари яна қор ёғиши кутилмоқда

Кеча кузатилган ёғингарчиликдан кейин бугун, кундузги соатларда Ўзбекистон ҳудудининг аксар қисмида нисбатан барқарор ва ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиши кутилмоқда. «Ўзгидромет» маълум қилишича, кун давомида ҳаво очиқ бўлиб, табиат қисқа муддатга бўлса-да, сокинликка қайтади.

Ҳарорат кўрсаткичлари республика бўйлаб 0…+5 даража атрофида бўлади, жанубий ҳудудларда эса ҳаво янада илиқроқ бўлиб, +6…+9 даражагача кўтарилиши мумкин.

Бироқ дам олиш кунларига келиб вазият яна ўзгаради. Шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистон ҳудудига нам ҳаво массаларининг янги тўлқини кириб келиши кутилмоқда. Натижада республика бўйлаб вақти-вақти билан ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади. Кечаси ҳаво ҳарорати 0…–5 даражагача пасаяди, кундуз кунлари эса 0…+5 даража атрофида бўлади.

Шамол асосан ғарб томондан эсади, айрим ҳудудларда ўртача тезликкача кучайиши мумкин. Шунингдек, республика бўйлаб баъзи жойларда туман тушиши эҳтимоли сақланиб қолади, бу эса йўлларда ҳаракатланишда эҳтиёткорликни талаб қилади.

Тоғли ҳудудларда эса вақт-вақти билан қор ёғиши давом этади. Мутахассислар ушбу ҳудудларда қор кўчиши хавфи мавжудлигини эслатиб, аҳолини эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақирмоқда.

Тошкент шаҳрида бугун кундузи ёғингарчилик кутилмайди, ҳаво ҳарорати +1…+3 даража бўлади. Шанба куни пойтахтда асосан қор ёғиши, туман тушиши мумкин. Якшанба куни эса кечаси ва эрталаб бироз қор ёғиши эҳтимоли бор, кундузги соатларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси ва кундузи –2…+3 даража атрофида бўлади.

Қисқаси, табиат дам олиш кунларида яна қиш қиёфасини эслатади. Шу боис сафар ва режаларни об-ҳаво шароитига қараб тузиш тавсия этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » Дам олиш кунлари яна қор ёғиши кутилмоқда