Сўнгги дақиқалардаги икки аниқ зарба «Рома»га «Сассуоло» устидан очколарни олиб берди

А Сериянинг 20-турида «Рома» «Сассуоло»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Римликлар иккала голни ҳам 77-дақиқадан кейин уриб, уч очкони ишончли тарзда қўлга киритди. Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Учрашувда «Рома» тўп назоратида устун бўлиб, жарима майдонига кўпроқ кириб борди, бироқ якуний зарбаларда аниқлик етишмади: Дибаланинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси нишонга тегмади. Кейин Фергюсонда бел қисми жароҳати юзага келиб, у майдонни тарк этди, унинг ўрнига Эл-Шаарави тушди.
«Сассуоло» асосан кам сонли қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Энг хавфли вазиятлардан бири Матичнинг узатмасидан сўнг Фадерада юзага келди, аммо Свилар яқин бурчакка йўлланган зарбани қайтариб, мезбонларни қутқариб қолди.
Иккинчи бўлимда «джаллоросси» босимни қанотлар орқали кучайтирди: Цимикас ва Челик жарима майдонига мунтазам тўп узатиб турди. 62-дақиқада ҳакам Моуричнинг Суле га ишлатган қоидасиз ҳаракати учун пенальти белгилади, бироқ VAR офсайдни қайд этиб, қарор бекор қилинди.
Шунга қарамай, «бўрилар» ўз сўзини деди. 77-дақиқада Суленинг қанотдан оширган тўпини Коне ҳавода ютиб, бош билан дарвозага жойлади. Орадан икки дақиқа ўтиб, «Сассуоло» очилиб кетгани фонида «Рома»да бўш ҳудудлар пайдо бўлди ва Суле Гилардининг пастдан узатмасини якунлаб, ҳисобни 2:0 га етказди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!