Жаҳон банки Тошкентда давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш бўйича семинар ўтказди

Тошкентдаги Жаҳон банки ваколатхонасида давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Тадбир Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасида харидлар бўйича бошқарма раҳбари Фелипе Гоя ташрифи доирасида ташкил этилди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Семинарда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, давлат харидлари бўйича электрон платформалар операторлари ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этди. Улар орасида Жаҳон банки билан бирга Осиё тараққиёт банки ва Ислом тараққиёт банки мутахассислари ҳам бор.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда давлат харидлари тизимини янада такомиллаштиришнинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди. Жаҳон банки ўтказган баҳолаш натижалари тақдим этилиб, амалдаги ислоҳотларнинг ҳозирги ҳолати, мавжуд тўсиқлар ҳамда тизимни яхшилаш бўйича тавсиялар кўриб чиқилди.
Шунингдек, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки томонидан Ўзбекистонда харидлар соҳасида давлат органлари салоҳиятини кучайтиришга қаратилган тадқиқотлар хулосалари муҳокама қилинди. Алоҳида эътибор айрим тармоқларда электрон давлат харидлари (eGP) тизимларини жорий этиш бўйича устувор чораларга, шунингдек экологик тоза ва энергия тежамкор маҳсулот ҳамда хизматларни афзал харид қилишни назарда тутувчи “яшил” давлат харидлари амалиётини кенгайтиришга қаратилди.
Иштирокчилар шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш учун белгиланган чора-тадбирлар ижросини кузатиб бориш механизмларини ҳам муҳокама қилди. Семинар давлат идоралари, халқаро ҳамкорлар ва экспертлар ўртасида очиқ мулоқот майдонига айланиб, Ўзбекистонда давлат харидларини модернизация қилиш ва рақамлаштириш бўйича ёндашувларни мувофиқлаштиришга хизмат қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!