Хитойда литийдан 80 баравар арзон бўлган темир батарея яратилди

Хитойда олимлар темир асосидаги аккумуляторларни яратди, бу литийдан 80 баравар арзон. Янгиланган электролит ва молекуляр тузилиш ўзгариши батареяларнинг асосий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам берди. Синовларда аккумулятор 6 000 марта зарядлаш ва зарядсизланиш циклига бардош берди, бу эса унинг узоқ муддатли самарали ишлашини кўрсатади. Янги технология қуёш ва шамол энергиясини сақлаш тизимларини арзонлаштиради.
Хитой Фанлар академияси қошидаги Металларни тадқиқ қилиш институти олимлари темир асосидаги аккумуляторлар технологиясини сезиларли даражада такомиллаштиришга муваффақ бўлди. Ушбу янгилик катта ҳажмдаги энергияни сақлаш учун энг истиқболли ечимлардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Тадқиқотчилар электролит таркибини янгилаб, темир бирикмасининг молекуляр тузилишини ўзгартирди. Бу усул батареяларнинг асосий муаммолари — фаол модданинг парчаланиши ва унинг мембрана орқали сизиб чиқишини бартараф этиш имконини берди.
Синов натижаларига кўра, тажриба намунаси қувватини йўқотмасдан 6 000 марта зарядлаш ва зарядсизланиш циклига бардош берди. Бу кўрсаткич қурилманинг 16 йилдан ортиқ вақт давомида ҳар куни самарали ишлашини англатади.
Темир литийга қараганда ўнлаб марта арзон бўлгани сабабли, бундай технология қуёш ва шамол энергиясини сақлаш тизимларини янада ҳамёнбоп қилади. Янги аккумуляторнинг иш самарадорлиги 78,5 фоизни ташкил этиб, синовлар давомида унинг тузилиши барқарорлигини сақлаб қолган.































Изоҳлар 0
…