"Интер" жамоаси "Комо" устидан иродали ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди

Италия футболининг кутилмаган жамоаси бўлган "Комо" драматик ярим финал баҳсида ўз тарихидаги илк кубок финалига чиқиш имкониятини бой берди. Сеск Фабрегас шогирдлари ўз майдонидаги 0:0 ҳисобидан сўнг, жавоб ўйинида "Интер" меҳмони бўлиб, 2:0 ҳисобида олдинда бораётган эди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Учрашувнинг 32-дақиқасида Мартин Батурина ҳисобни очган бўлса, 48-дақиқада Лукас Да Куня меҳмонларнинг устунлигини мустаҳкамлади. Бироқ ўйин якунида Хакан Чалханоглу бошчилигидаги миланликлар ҳақиқий иродани намойиш этиб, вазиятни ўзгартиришга муваффақ бўлишди.

Бундеслиганинг собиқ юлдузи Чалханоглу 69 ва 86-дақиқаларда дубль қайд этиб, мувозанатни тиклади. 89-дақиқада эса унинг узатмасидан сўнг Петар Сусич ғалаба голини киритиб, ҳисобни 3:2 кўринишига келтирди.
Шу тариқа, "Интер" ўз тарихидаги ўнинчи кубок сари муҳим қадамни ташлади.
Энди миланликлар 13 май куни Римда бўлиб ўтадиган финалда "Лацио" ёки "Аталанта" жуфтлиги ғолиби билан тўқнаш келади. Айни пайтда А Серияда ҳам пешқадамлик қилаётган "Интер" жамоаси ўз тарихида учинчи бор олтин дубль қайд этиш имкониятига эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!