16:04 / 30.06.2017
7 642

Аёл жозибаси. Қаерда қандай?

Аёл жозибаси. Қаерда қандай?
Гўзаллик стандартлари ҳар доим ҳар хил бўлиб келган. Уларнинг турли минтақалардаги мезонлари ҳам турлича. Масалан: Шарқ мамлакатларида ёш соҳибжамоллар, ғарбда эса каттароқ ёшдаги хонимларга эътибор кучли. Шу жумладан, ҳар бир малакатда бу меъёр ҳар хил.

Испания
Ҳақиқий испан гўзали ёши 30-35лар атрофидаги ҳиссиётли аёл. Улар табиат ўзларига инъом этган гўзалликни кўз-кўз қилишни хуш кўришади. Маҳаллий аҳоли мезонлари бўйича гўзаллик меъёрлари қуйидагича: буғдойранг тери, камон қошлар ва бодом қовоқлар...

Шунингдек, атрофдагиларнинг завқини келтирадиган даражада кулиш ёки раҳмини келтириб йиғлай олиш ҳам испан аёли эга бўлиши керак фазилат саналади.

Буюк Британия
Инглизча гўзаллик эталони бу — табиийлик. Сочлардан тортиб пардоз-андозгача табиий рангда бўлиши керак. Юздаги сепкиллар эса аёлнинг олий табақага мансублигидан далолат беради. Буюк Британияда қомати озғин, ҳаракатларида шошқалоқлик аломатлари сезилмайдиган аёллар мафтункор саналади. Дарвоқе, инглиз хонимларидек кўзгу қаршисида кўп ўтирадиган ва сунъий воситалар ёрдамида табиий гўзалликка эриша оладиган аёллар бутун дунёда бўлмаса керак.

Маълумот: инглиз аёллари учун ажин катта муаммо эмас, (Буюк Британия ёшартирувчи операцияларни амалга ошириш бўйича ривожланган давлатлар ичида энг охирги ўринда туради). Маҳаллий хонимлар ажин, айниқса кўз атрофидаги майда ажинчалар аёлнинг кўркига кўрк бағишлайди, деб ҳисоблайдилар.

Германия
Англияни «спорт ватани» дейишади, Германияда эса бадантарбия ихтиро қилинган. Агар чиндан ҳам гўзаллик стандартлари мавжуд экан, демак олмон аёллари уларига қатъий амал қилиш учун туғилган деб ҳисоблаш мумкин. Маҳаллий олмон гўзали – малласоч, кўзга яққол ташланадиган юз тузилишига эга, мовий кўзли бўлади. Ораларида юқорида санаб ўтилган гўзаллик белгиларига эга бўлмаганлари «стандарт»га мос келиш учун рангли линзалар, соч учун бўёқлар «хизмати»дан фойдаланишга эринмайдилар.

Франция
Бошқа мамлакатларда қандай билмадигу, аммо Францияда ўрта ёшлардаги аёл ёшгина соҳибжамолдан кўра қадрлироқ. 40-45 ёшлардаги аёлга ёш қизларга нисбатан кўпроқ эҳтиром кўрсатилади. Чинакам француз аёли ҳеч қачон очиқ-сочиқ ёки баданини кўз-кўз қиладиган даражада жуда тор либослар киймайди. У кўпроқ оддийликка интилади.

Француз эркаклари эса «аёл кишининг хунуги бўлмайди», деган қоидани ўзига шиор қилиб олганлар.

Сахара
Агар бўйни қават-қават ёғ босмаган бўлса, Туагерлар қабиласига мансуб аёл бир умр қариқиз бўлиб қолиши эҳтимоли бор. Олдинга эгилганида, қорнида 12 қават ёғ ҳосил бўладиган «қомат» соҳибаси эса Сахара чўлларининг чинакам гўзали сифатида эътироф этилади.

Ва ниҳоят, мақола якунида социологларнинг яна бир кузатувини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз: кейинги вақтларда дунё миқёсида қайд этилаётган никоҳларда эр ўз аёлидан 3-4 ёш кичик бўлган ҳолатларга кўп дуч келинмоқда. Бундан қуйидагича хулосаларга келиш мумкин: биринчидан, ёшнинг катталиги гўзалликка халал бермайди. Иккинчидан эса катта ёшдаги гўзаллик ҳам навқирон гўзаллик сингари кишиларни ўзига жалб қиладиган кучга эга. Демак, келажак катта ёшдаги аёлларнинг қўлида, дея тахмин қилиш мумкин. Сиз-чи, бу фикрга қандай қарайсиз?

ДИЛШОДА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Аёл жозибаси. Қаерда қандай?