
Яқин Шарқда сиёсий вазият янада кескинлашди. Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Истанбул бош прокуратураси томонидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва бир қатор юқори мартабали амалдорларни ҳибсга олиш ҳақида чиқарилган ордерни қаттиқ танқид қилди.
Саар ўзининг ижтимоий тармоқдаги мурожаатида бу ҳаракатни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг навбатдаги «пиар спектакли» деб атади. Унга кўра, бу қарор сиёсий асосга эга бўлиб, адолат билан мутлақо боғлиқ эмас.
Исроил вазири таъкидлашича, Туркия суд тизими сўнгги йилларда сиёсий рақибларни жисмонан ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам босим остига олиш воситасига айланган. «Эрдўғаннинг ҳукмронлиги остида судлар эркинлик эмас, балки тийиш ва жазолаш қуролига айланди. У журналистлар, мэрлар ва судьяларнинг фикр билдириш ҳуқуқини чеклаб қўйган», — дея қўшимча қилди Саар.
У Истанбул мэрининг яқинда фақат президентга қарши чиққани учун ҳибсга олинганини ҳам эслатди ва бу ҳолатни Туркиядаги сиёсий тизимнинг холис эмаслигини исботловчи далил сифатида келтирди.
7 ноябрь куни Истанбул бош прокуратураси 37 нафар исроиллик амалдорни, жумладан Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Исраэл Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ҳамда армия бош штаби бошлиғи Эял Замирни ҳибсга олиш бўйича ордер бергани маълум қилинганди.
Туркия томони уларни Ғазо секторидаги ҳаракатлар орқали «геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар» содир этганликда айбламоқда. Шунингдек, уларнинг айримларига Фаластин ҳудудидаги Sumud флотилияси кемаларига нисбатан қилинган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик юкланмоқда.
Бундан ташқари, Нетаняҳуга нисбатан Халқаро жиноий суд (ҲЖС) томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордери ҳам ҳануз кучда. Суд қарорларида Исроил бош вазири 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган даврда «инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий ҳуқуқбузарликларда» гумон қилинаётгани қайд этилган.
Тел-Авив эса бу айбловларни қатъиян рад этиб, ХЖСнинг позициясини «сиёсийлашган ва антисемитизм таъсиридаги қарор» деб атади. Исроил расмийларининг фикрича, бу уринишлар мамлакатни сиёсий жиҳатдан изоляция қилишга қаратилган.
Ҳозирча Анқара томони бу танқидларга жавоб бермади. Аммо кузатувчилар бу воқеа Туркия ва Исроил ўртасидаги муносабатларни янада совутиши мумкинлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!