date

Трамп маъмурияти Венесуэлага ҳарбий аралашув сценарийларини тайёрламоқда

Трамп маъмурияти Венесуэлага ҳарбий аралашув сценарийларини тайёрламоқда

The New York Times газетаси маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэла ҳудудига нисбатан бир нечта ҳарбий ҳаракат вариантларини ишлаб чиққан. Манбаларнинг таъкидлашича, режалар Николас Мадуро ҳокимиятини босим остида қолдириш ва мамлакатдаги сиёсий вазиятни ўзгартиришни кўзлайди.

Биринчи сценарийда АҚШ ҳаво кучлари Венесуэладаги асосий ҳарбий объектларга зарба бериши мумкин. Бу орқали Мадуронинг хавфсизликка бўлган ишончини йўқотиш ва уни қочишга мажбур қилиш режалаштирилган. Вашингтондаги манбалар фикрича, президентнинг ўзини хавфсиз ҳис қилмаслиги уни мамлакатдан чиқиш ёки музокараларга рози бўлишга ундаши мумкин. Бироқ айрим таҳлилчилар бундай ҳаракат халқнинг акс таъсирига сабаб бўлиб, Мадуро атрофида аҳолини янада бирлаштириши мумкинлигидан хавотирда.

Иккинчи вариант — махсус операция сценарийси. Унга кўра, «Делта» қўшинлари ёки машҳур SEAL Team 6 бўлинмаси Венесуэлага ёпиқ миссия билан юборилиши мумкин. Уларнинг вазифаси Мадурони қўлга олиш ёки йўқ қилиш бўлади. Бундай вариант расмий жиҳатдан сиёсий жиҳатдан баҳсли ҳисобланса-да, Трамп маъмурияти Мадурони наркокартел раҳбари сифатида кўрсатиш орқали бу операцияни қонуний асослашга уриниши мумкин.

Учинчи сценарий эса кенг кўламли ҳарбий ҳаракатни ўз ичига олади — америкалик десантчиларнинг Венесуэла аэродромлари ва нефть конларини назоратга олиши. Бу орқали АҚШ мамлакатдаги иқтисодий ресурслар ва логистик йўналишлар устидан назорат ўрнатишни кўзламоқда. Аммо NYT ёзишича, бу вариант АҚШ ҳарбийлари учун энг хавфли бўлиб, айниқса Каракас каби шаҳар муҳитида амалга оширилса, катта йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Шу билан бирга, Доналд Трамп америкалик аскарларни хавф остига қўядиган қарорларни қабул қилишга шошилмаяпти. Шу боис режаларда денгиз дронлари ва узоқ масофали қуроллардан фойдаланиш кўзда тутилган. Манбаларнинг маълум қилишича, бу вариантлар ноябр ойи ўрталарида Кариб денгизига 75 дан ортиқ ҳарбий самолёт ва 5 мингга яқин ҳарбий хизматчи билан етиб келган “Jerald R. Ford” авиаташувчиси орқали амалга оширилиши мумкин.

Газета маълумотларига кўра, Трамп қарор қабул қилишни айнан ушбу авиаташувчи Венесуэла қирғоқларига етиб келгунча кечиктирмоқда. Президент ҳозирча ҳарбий ҳаракатлар ҳақида аниқ қарор чиқармаган, чунки муваффақиятсизлик эҳтимоли юқори бўлган операцияни маъқулламайди. Бироқ унинг атрофидаги маслаҳатчилар Мадуро режимига қарши кескин чора кўриш зарурлигини таъкидламоқда.

Маълум бўлишича, АҚШ Адлия вазирлигига ҳам мурожаат қилиб, ҳарбий ҳаракатларни қонуний асос билан таъминлаш бўйича маслаҳат сўралган. Кутилмоқдаки, вазирлик Мадурони гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи картел раҳбари сифатида “қонуний ҳарбий нишон” деб эътироф этади.

Сўнгги ойларда АҚШ Венесуэла яқинида ҳарбий фаоллигини кучайтирган. Кариб денгизида 10 мингга яқин америкалик аскар жойлаштирилган, уларнинг ярми денгиз кемаларида, қолган қисми Пуэрто-Рикодаги базаларда. Шу билан бирга, Америка бомбардимончи самолётлари — B-52 ва B-1 — “кўрсатма рейдлари”ни амалга оширган. Бу вазиятда Николас Мадуро Россия, Эрон ва Хитойдан ҳарбий ёрдам сўрагани ҳам хабар қилинмоқда.

Мутахассислар фикрича, бу можаро яқин ҳафталарда жаҳон сиёсатидаги асосий мавзулардан бирига айланиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп маъмурияти Венесуэлага ҳарбий аралашув сценарийларини тайёрламоқда