15:04 / 04.01.2018
5 979

Eurasia expert: “Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди”

Eurasia expert: “Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди”
Барча жабҳаларда йил сарҳисоби давом этмоқда. https://eurasia.expert нашри мухбири Марказий Осиёда 2017 йилда бўлиб ўтган ўзгаришлар тўғрисида Қирғизистон Республикаси президенти ҳузуридаги миллий бирликни мустаҳкамлаш ва диний сиёсат бўйича экспертлар кенгаши аъзоси Денис Бердаков билан суҳбатлашган. Қуйида шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Йилнинг якунланиши билан ҳамма соҳада сарҳисоб қилинади. 2017 йил ҳам Марказий Осиё учун алоҳида аҳамият касб этди. Жумладан, Ўзбекистон минтақада очиқ сиёсат олиб бормоқда, Европа давлатлари минтақадаги инсон ҳуқуқлари муаммосига эътиборни сусайтирдилар. Европаликлар Марказий Осиёда қандай лойиҳаларни амалга оширишмоқчи, бунда Афғонистон омили қандай ўрин эгаллайди? Бу саволларга Қирғизистон Республикаси президенти ҳузуридаги миллий бирликни мустаҳкамлаш ва диний сиёсат бўйича экспертлар кенгаши аъзоси Денис Бердаков жавоб беради.

- Марказий Осиё давлатлари учун 2017 йилни қандай баҳолаш мумкин?

- Аввало, бу Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан очиқ сиёсат олиб бориши катта ўзгаришларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон мамлакат ичида амалга оширган саноатлаштириш жараёнларини ўз чегараларидан чиқариб Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан савдо-иқтисодий ва саноат алоқаларини фаол ривожлантира бошлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон илгари ушбу мамлакатлар билан чегара ва сиёсий масалаларда сўнгги йилларда тўпланган кескинликни бартараф этди.
Бу омил минтақадаги кучлар мувозанатини сезиларли даражада ўзгартириб юборди. Биз Тошкентнинг минтақа давлатлари ўзаро боғлиқлиги ва интеграциялашуви кераклиги тўғрисидаги баёнотларининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Йиллар давомида Ўзбекистон асосий эътиборни мамлакатнинг ички ривожланишига қаратди ва ҳозирда очиқ сиёсат олиб бормоқда. Бунда, мамлакатда 30 миллиондан ортиқ аҳоли яшаши ва саноатлашган (Жанубий Корея билан қиёслаш нотўғри бўлади, лекин МДҲ доирасида жуда ҳам саноатлашган ва катта илмий салоҳиятга эга) давлат экани ҳисобга олиниши керак. Бу ҳолат, бир йил олдин минтақанинг етакчиси деб ҳисобланган Қозоғистонни, юмшоқроқ айтганда, ҳайрон қолдирмоқда.

Иккинчи муҳим ҳолат, минтақадан Сурия ва Яқин Шарқ давлатларига кетган кишиларнинг ўз ватанига қайтиши билан боғлиқ. У ерга кетганлар тушуниб етишдики, уларнинг келажаги йўқ. Бу ҳам бир таҳдид сифатида баҳоланиши мумкин. Ўзбекистоннинг олдида турган энг асосий муаммолардан бири ҳам шу ҳисобланади. Ўзбекистонда бўладиган ҳолатлар минтақанинг барча давлатларига катта таъсир кўрсатади.

Учинчи ўринга қирғиз-қозоқ муносабатларини қўйиш мумкин. Худди шундай ҳолатлар Қозоғистон ва Россия, Россия ва Беларусь ўртасида ҳам бўлиб ўтган, лекин очиқ гапирилмаганди. Иқтисодий инқирозлар давом этаётган ҳозирги вақтда бу муаммолар юзага чиқди. Бу ерда ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ишлаш кераклигини тушунди. Шу билан бирга, иқтисодий Иттифоқнинг ҳам охиригача ишланмаган салбий томонлари ҳам мавжудлиги ойдинлашди. Демак, бу салбий ҳолатларни бартараф этиш устида жиддий ишлар олиб борилиши керак.

Ўзбекистон ва Тожикистон бу ҳолатни кузатиб туришди: иқтисодий иттифоққа кириш керакми ёки йўқми, Москва бу воқеага қандай муносабатда бўлади. Чунки, бу икки давлат ҳам транзит борасида Қозоғистон билан боғланиб қолган. Бу вазиятнинг яна бир томони, Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат мигрантлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш борасида Россия билан бевосита келишиб олган эдилар.

Марказий Осиё минтақасида юз бераётган тўртинчи ҳолат, бу – европанинг ваколатхоналари ҳамда ташкилотлари фаоллашиб қолишди. Улар биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари муаммосини кун тартибидан олиб ташлашди. Ўзбекистон ва Қирғизистонда уларнинг ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар билан шуғулланиши кескин пасайиб кетди. Тожикистон ва Қирғизистондаги ЕХҲТнинг ваколатхоналарининг мақоми пассайтирилди. Европаликлар Марказий Осиёнинг бешта давлати ва Афғонистонни ўз ичига олган катта иқтисодий макон барпо этишмоқчи, шекилли.

- Европанинг фаоллашганини яна нималарда кузатиш мумкин?

- Улар бу ҳудудда катта маблағлар сарфламоқдалар, кўплаб медиа, экологик дастурларни амалга оширмоқдалар, минтақавий катта конференциялар ташкил қилишмоқда, Самарқандда ўтказилган конференция бунга мисол. Улар ҳам 1990 йилларда мавжуд бўлган, ягона Марказий Осиёни барпо этиш дастурининг бажарилишидан манфаатдор. Шунинг учун, улар кун тартибидаги саволларни ўзгартиришди.

- Марказий Осиё давлатлари томонидан Афғонистондаги зиддиятлар билан боғлиқ вазият қандай қабул қилинмоқда ва бу минтақа хавфсизлигига қанчалик таҳдид солиши мумкин?

- Европаликлар томонидан аслида, Афғонистон ҳам Қирғизистон ҳам бир хил – тартибсизликлар макони сифатида қабул қилинади. Улар, бу минтақадаги давлатларнинг савдо алоқаларини кучайтириб, одамларнинг фаровонлиги оширилса, бу ердаги аҳоли демократия, инсон ҳуқуқлари, фуқаролик жамияти тарафдори бўлиб қолишади, деб ўйлашади.

Марказий Осиё давлатларининг ҳеч бири Афғонистон билан интеграциялашувни хоҳлашмайди. Ўзбекистон уларга йўл қуриб бераяпти. Барча атрофдаги давлатлар уларга ниманидир сотишга тайёр, айниқса, хитойликлар. Афғонистон ҳеч нарсани сотиб олишга тайёр эмас. Фақатгина, Ўзбекистон бундан мустасно, чунки Ўзбекистоннинг саноати ривожланган, шунинг учун улар саноат маҳсулотларини таклиф қилишади. Лекин, ҳамма тушунади, Афғонистоннинг бу нарсаларни харид қилишга маблағи йўқ. Боз устига, Афғонистонда барқарорликка таҳдид туғдирувчи экстермистик гуруҳлар мавжуд.

- Сизнинг фикрингизча, Марказий Осиёда 2018 йилдаги воқеалар ривожини қандай ҳолатлар белгилайди?

- Гапни ижобийларидан бошласак, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг биринчи босқичини қуриш тўғрисидаги шартнома имзоланса яхши бўларди.

Салбий ҳолат, агар Суриядаги “Ислом давлати” террорчи гуруҳлари батамом тор-мор қилинса, улар ўз фаолиятини қўшни Афғонистоннинг шимолига кўчиришга ҳаракат қилишади. Бу ерда ҳам уларга қулай бўлмайди ва жангарилар Марказий Осиё давлатларига киришга уриниб кўриши мумкин ҳамда бу оғир оқибатларни келтириб чиқаради.

Қирғизистонда саноат ишлаб чиқариши ортиб бормоқда, секинроқ бўлсада Россия бозорига чиқиляпти ва халқнинг фаровонлиги ошишига эришилмоқда. 2018 йилда Қирғизистонда иқтисодий ўсиш кутилмоқда. Аммо, энг муҳим ҳолат меҳнат мигрантлари билан боғлиқ. Россияда 2018 йилда футбол бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади, шу сабабли меҳнат мигрантларига босим оширилиши мумкин.

Агар, бу мигрантларга нисбатан босимларнинг иккинчи тўлқин бошланса ва уларнинг айримлари эктремизм таҳдидини келтириб чиқарса, меҳнат мигрантларининг кўпи ўз мамлакатига чиқариб юборилиши мумкин. Бу ҳолат Тожикистон ва Қирғизистонга жуда катта салбий таъсир кўрсатади, чунки, Қирғизистонда рухсат берилган айрим диний гуруҳларнинг фаолияти Россияда тақиқланган. Бундан келиб чиқиб, мигрантларнинг Россияда ишга жойлашишидаги қийинчиликлар ҳам минтақадаги вазиятни мураккаблаштиради.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Eurasia expert: “Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатини ўзгартириб юборди”