18:36 / 01.10.2018
8 288

Имомнинг маникен қизи (2 - қисм)

Имомнинг маникен қизи (2 - қисм)
Биз қорани ёки оқни ўргатдик.

Қолган рангларни эса беркитдик.

Қўлларига таянган куйи Ёқуб имом ичида чуқур ўйлар эди. Қизини бу ҳолатдан чиқариш чорасини қидирарди. Кўзларига келган ёшларини зўрға тийиб турарди… Фотимага ўзи нима бўлди? Унинг нияти, дарди нима ўзи? Аммо бу чексиз саволларнинг жавобини топишга шу тобда ожиз эди гўё. Шу хаёллар билан ўтирганда ичкаридан рафиқасининг товуши келди:

– Йўқ, аҳвол бу тарзда кетиши мумкин эмас. Қизингизни аслида бошимизга сиз чиқариб олгансиз.

Ёқуб имом бир нафас аёлининг кўзларига тикилиб қолди.

Гул хоним эса турмуш ўртоғининг бу ҳолатига баттар жаҳли чиқиб, минғирлаганча уй ичида айланарди:

– Бир кун келиб пушаймон бўласиз-ку, лекин унда кеч бўлади.

Ёқуб имом маҳзун ҳолда:

– Малол келмаса менга бир қараб юбора оласанми? – деди аёлига.

– Лаббай!

Ёқуб имом яна ўша оҳангда маҳзун нигоҳларини аёлига тикиб сўради:

– Мен ахир нима қиляпман?

– Уни жуда эркалатиб юборяпсиз.

– Масалан нима қиляпман, мисол келтироласанми?

– Ҳаддан ташқари яхши муомалада бўляпсиз, урмайсиз, сўкмайсиз.

– Демак менинг айбим яхши бўлганимда экан–да. Сенингча ёмон муомала яхшироқ таъсир қилар экан–да. Ҳатто ҳайвонлар ҳам ёмон муомала билан яхши йўлга юрмайди. Бу фикрингдан воз кеч. Ғазаб қанчалик кучли кўринмасин, аслида унинг иши вайроналикдир. Менга ҳадеб икки гапни бирида мусулмонларча муомаламни гапириб озор берма, хўпми? Дардим шундоғам ўзимга етарли. Агар уриш, калтаклаш ечим бўлганида эди, урган бўлардим. Лекин менга ишонавер, бу қизни ҳеч қандай ёмонлик билан йўриғингга юргизолмайсан.

Гул хоним турмуш ўртоғини ҳақли дегандай кўринарди-ю, лекин “ўз ёғингга ўзинг қоврил”, дегандай яна ётоқхонасига кириб кетди.

Ёқуб имом ўрнидан туриб уй ичида у ёқдан бу ёққа юрар, бироқ ичидаги дардини чиқариб ташлай олмас эди. Сўнгра кутубхонасига назар ташлади, “нима ўқиса экан?” Ичидаги Ёқуб нуқул бир нарсани ўйлайверганидан, унга бошқа бирор иш қилишга имкон бермас эди. Имом пальтосини кийиб, ташқарига чиқди. Масжидгача пиёда бориб, кейин ортига қайтадиган бўлди. Шу тобда унинг кўнгли ёлғизликни истади. Сим сиёҳ кўчалардан ўтиб борар экан, учқунлай бошлаган қор зарраларини кўриб, хаёли бироз чалғиди. “Қанийди, мен ҳам мана шу қор парчаларига айланиб қолсаму, ерга тушган заҳотим эриб, йўқ бўлсам”, деб ўйлади. Кейин эса бу ўйлари Аллоҳнинг иродасига зид келишини ўйлаб:

– Кечир Роббим. Бу хато фикрларимни кечир, деди .

Ёқуб имом аста-секин қадам ташлар, ногоҳ девор устида йиғилиб қолган қорларни олиб, тўп ясади, кейин эса авлоқ жойга бориб, узоқларга улоқтирди.

Шу дамда у ўзини ўзи тушуна олмас эди. Нега энди қор тўпини одамлардан беркитаётган эди. Ҳаром бўлмаган оддийгина ҳаракатни нега бошқалардан беркитишга уринган эди? Қадамларини секинлаштириб, ҳатти-ҳаракатини қайта ўйлади.

– Эй Ёқуб жавоб бер! Нега бу кичкинагина ҳаракатни катта гуноҳ ишдек бошқалардан яширишга уриндинг?! Ҳаром нима эканлигини билмайсанми ёки ўзингча ҳаром ўйлаб топяпсанми?

Саволларига ўзи ҳам жавоб топа олмас эди. Билгани шу: “Ўзича ҳаром нарса кашф қилиш нияти йўқ”. У хаёлга чўмганча борар эди. Рўпарасидан ўғли Усоманинг келаётганини кўриб қолди–ю, йўлнинг нариги тарафига ўтиб олди. Ёдига тушди, у ўғлини кекса онасини кўргани юборган эди. Саломлашиб бўлиб, сўради:

– Онамнинг аҳволлари қандай экан?

Усома совуқдан қотиб қолган қўлларини иситишга ҳаракат қилиб, уфлаганча жавоб берди:

– Бувим яхши, сизга салом айтиб юбордилар. Ўғлимни соғиндим, ўн кундан бери нега келмаяпти? – деб сўрадилар.

Ўғли билан бирга уйга кетиш учун ортга қайтган Ёқуб имом бир муддат жим тургач:

– Сен нима дединг, ўғлим?

– Келади бувижон, дадам доим сизни ўйлаб юрадилар, дедим.

– У нима деди?

– Кошки ўн марта ўйлагандан кўра, бир марта кўргани келса эди, дедилар.

Бу гап унга биров миясига худди мушт ургандай таъсир қилди. Сўнгра секин шивирлаб деди:

– Онам ҳақли, лекин вазиятни билмайди.

Усома ўн тўрт ёшли ақлли болакай эди. Қизиқсиниб сўради:

– Қандай вазият ҳақида гапиряпсиз, дада? Тўғриси, менинг ҳам хабарим йўқ.

Ўғлига айтсамикан? Ёки буларнинг барчасини ичига ютиб юраверсинмикан? Ёқуб имом ўғлининг овозидан ўзига келди.

– Дада, менга ҳам айтинг, нима бўлди?

– Сенгами? Билмадим, ўғлим. Айтсаммикан? Ёшинг кичкиналик қилмасмикан?

– Нималар деяпсиз, дада. Мен ахир кап-катта йигит бўлиб қолган бўлсам. Мен энди ҳамма нарсани тушунаман.

– Ундай бўлса айтақолай. Ойимни бориб кўришга йўлга пулим йўқ. Сендай ёшгина бўлсам экан ўн километрлик йўлни пиёда босиб ўтолсам.

Усома бу гапларни эшитиб қаттиқ хафа бўлган эди:

– Кўрдингизми, дада. Шунинг учун мен имомлик қилиб кун кўрмайман.

– Имом бўлмоқчи эмасмисан, болам? Ўзинг хор бўлмаслик учун, исломни хор этмоқчимисан?

– Йўқ, сиз мени нотўғри тушундингиз. Имомлик қиламан, лекин у менинг иккинчи касбим бўлади. Ўзингиз айтмаганмидингиз: “Ҳар кимнинг ўз касбини бажармаслиги уларни аянчли аҳволга солиб қўяди. Ҳеч ким исломга зарар етказа олмайди” – деб.

– Тўғри, лекин ҳамма нарса ҳам бирор сабаб билан содир бўлади. Исломнинг шу кунгача етиб келишида ҳам тақволи имомларнинг ўрни каттадир. Имомлик жуда юқори лавозим ҳисобланади. Баъзи онгсиз имомларнинг борлигига қарамай, имомларнинг ўрни каттадир.

– Лекин дада, кўриб турибсиз-ку, ойлик маоши жуда оз. Жамоат пулнинг ичида сузиб юрса-ю, сиз эса онангиздан хабар олгани пул топа олмасангиз!?

– Тўғри, бир қанча хатолар бор. Бироқ ўша хатолар сабабли имомликдан воз кечиш керак эмас. Хўш, онам яна нималар деди?

– Вой шунақанги қизиқарли нарсаларни гапириб бердилар-ки. Бир марта ўртоқларингиз билан ўйнаётганингизда сиз имом бўлган экансиз, ўртоқларингиз эса жамоат. Сафнинг бошига ўтиб, жаноза намозида айтиладиган гапларни айтган экансиз: “жаноза намози учун ният қиламиз, Аллоҳу акбар”. Бир марта эса маъруза ўқиб: “ Эй жамоат аҳли. Болаларингизга велосипед олинг” – деган экансиз. Чунки ўзингиз велосипедни жуда қаттиқ яхши кўрган экансиз–да. Бувим кулгидан ўзларини зўрға тийиб: “Болалигидан бери унинг бутун фикру хаёли имом бўлишда эди, мана ниятига ҳам етди” – дедилар.

Бу сўзлар Ёқуб имомнинг кайфиятини кўтариб, Фотима ҳақидаги ўйларидан чалғитган эди. Соатига қараса, намоз вақтига ўн дақиқа қолибди. Қадамларини тезлаштириб масжид томон йўналди. Етиб келганда, масжидда дўсти Аҳмадни кўрди. Уни анчадан бери кўрмагани туфайли севиниб кетди.

– Хуш келибсан, Аҳмад, кўринмай кетдинг-ку.

– Эҳ сўраманг. Қирқдан ошганимда бир ўқигим келиб қолди. Қишлоққа борган эдим. Қишлоқ имомидан дарс олиб келдим. Дам олдим, баъзан овга ҳам чиқиб турдим. Мана келдим.

– Жуда соз! Кел, аввал намозни ўқийлик-да, кейин бироз дардлашайлик.

Дардлашайлик дея айтишга айтди-ку, намоз тугади ҳамки, гапини қаердан бошлашни била олмас эди.

Уйга келганида Фотиманинг оёқ кийимига кўзи тушди. Ҳартугул қизи уйга қайтибди. Хонасининг чироғи ҳам ёниқ.

У бироз муддат қизининг эшиги ёнида туриб қолди. Нима қилса экан, кириб қизи билан гаплашсинми? “Болам, бу нафратингнинг сабаби нима” – дея сўрасинми? У икки ўт орасида қолган эди. Сўнгра сас-садосиз хонаси тарафга йўналди.

* * *

Бир неча кун ўтгач, қизининг кундалик дафтари қўлига тушиб қолди. “Нима қилсам экан?” – деб ўйлай бошлади. Дафтарни очиб ўқисаммикан? “Йўқ” – деди у ўзига-ўзи. Қизим бўлган тақдирда ҳам унга тегишли нарсани берухсат ўқишга ҳаққим йўқ..

У дафтарни вароқлай ҳам олмаётган эди. Унинг қон-қонига сингиб кетган ислом бунга изн бермаётган эди. Шунда унинг ақлига бир ўй келди. Қизи кундалигини отаси ўқиши учун атайин столнинг устига қўйиб кетган бўлса-чи. Ундай бўлса ўқиши керак эди. Фотима бошқа ишларимга эмас, айнан кундалик тутишимга тақлид қилади, – дея дафтарни қўлига олди.

Қўллари титраганча дафтарнинг илк саҳифасини очди. Катта ҳарфлар билан: “Исён саҳифаларимни ҳеч ким ўқимасин” – деб ёзилган эди. Иккинчи бетда у отасига мурожаат қилган эди. “Мени сиз буздингиз, дада. Бошқаларга ўхшаб яшашимга йўл қўймадингиз. Сизни ҳеч қачон кечирмайман”. Учинчи бетда эса нега кундалик дафтар тутганининг сабабини ёзиб, қуйидагича давом этган эди:

Ҳалиям икки йил олдинги оёқ кийимимни кийяпман. Одамларга намоз ўқитаман, деб дадам мени шу аҳволга туширди. Мана икки йилдан бери мода тўрт марта ўзгарди. Кампирларга ўхшаб ҳалиям битта оёқ кийимни кийяпман.

Отам эса ҳаётидан мамнун. Уч-бешта жамоати деб, оиласини тош даврида яшатяпти. Кошки улар буни билиб, дадамни қадрласалар эди. Қаёқда, қайтанга тескариси. Бирор маротаба дадамдан ҳол–аҳвол ҳам сўрашмади-ку. Бир марта бизга кўмир олиб берган жамоатдагиларнинг ўғли менга “сизларга кўмир олдик” – деб мақтанган эди. Дадамнинг эса бу парвойига ҳам келмади. “Аллоҳ ризолиги учун” деди. Болаларининг розилиги эса унинг учун аҳамиятли эмас. Кошки дадам ахлат ташувчи бўлса-ю, биз сал одамга ўхшаб яшасак.

Бундай яшаш жонимга тегди. Ё дадам имомлигини ташлайди, ёки мен...

Қолганини ёзмайман. Ҳеч ким ўқий олмасин дея, давомини ичимга ютдим.

Ёқуб имом кўзлари жиққа ёш бўлиб дафтарни варақлар эди-ю, ичидаги ғам-андуҳи янаям ортаётган эди.

Бир саҳифада ногирон йигитча ва унга бўлган нафратини ёзган эди. Фотима ғоят даражада раҳм-шафқатсиз эди. Унинг гапларидан кину нафрат ёғиларди.

Қолганини ўқишга юраги дов бермади. Кўз ёшларини артиб, кундаликни олган жойига худди ўшандай қилиб қўйиб қўйди. Кейин кутубхона қаршисида айланиб, миясига келган бир сўзни ҳар доимгидай катта қилиб картон қоғозга ёзди-да, кутубхона деразасига ёпиштириб қўйди. Кейин эса яна хонага бошқатдан кириб, ўша ёзувни ўқиди....

Шундай саволлар бор-ки, жавобини фақат нариги дунёда олишингиз мумкин…
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (2 - қисм)