23:08 / 04.10.2018
5 925

Имомнинг маникен қизи (4-қисм)

Имомнинг маникен қизи (4-қисм)
Ҳаёт сўқмоқларида

Қуръондан сабоқ олинганида...


Бутун вужуди билан Қуръондан ибрат олишга интилар экан, руҳи сал бўлса ҳам енгил тортиб, юрагида умид уйғонди. Сабр қилиши керак, ахир қизига жуда гўзал тарбия берган. Шундай оғир пайтда Қуръондан ўгит олаётгани яхши бўлди. Юрагидаги олов тобора аланга олаётган бўлса ҳам, анча тасалли олди. Бу тасалли ҳам бўлмаганда нима қилган бўлар эди?

Машинанинг орқа ўриндиғида ўтирганча унсиз йиғлар экан, яна ўша сўзлар оғзидан тушмас эди.

– Болажоним, йўқ, уларнинг тузоғига тушма... Отангга раҳминг келсин. Юрагим дош беролмайди, ахир. Менга бу азобларни раво кўрма.

Ҳайдовчи имомни бу аҳволда кўриб, уни қандай тинчлантиришни билмас эди.

– Қизингизми?

Ёқуб имом кўз ёшлари ичида жавоб бера олмас эди. Сал туриб зўрға минғирлаб деди:

– Ҳа... Қизим.

Ҳайдовчи хафа бўлиб давом этди:

– Сизни тушуниб турибман. Ҳозир қанийди, қизим бўлмаса эди деётгандирсиз.

Ёқуб имом кўз ёшларини артиб:

– Йўқ, ундай деб ўйлаганим йўқ. Ёмон бўлса ҳам у мени болам. Бундай дейишга ҳаққим ҳам йўқ. Менга фарзанд бўлишини мен ҳал қилмаганман ахир.

Олдиндаги машина Лолали маҳалласига келгач, кўп қаватли уйнинг қаршисида тўхтади. Қизи машина ҳайдовчиси билан қўл бериб хайрлашгач, савдо расталарига кириб кўздан ғойиб бўлди.

Ёқуб имом уйга қайтганида бир аҳволда эди. Кечгача гоҳ бориб савдо қилди, гоҳи уйга келиб ётди.

Бўлган воқеани ҳатто аёлига ҳам айтмади. Қизига айтиб қўйишидан чўчиди. Ёқуб имом эса бугун кўрганларини қизига билдирмай, уни олдинги ҳолатига қайтариш ниятида эди. Агар қизи отасининг ҳамма нарсадан хабардор эканлигини билиб қолса, уйдан қочиб кетиши мумкин эди. Унда ҳам қизини йўқотар, ҳам душманлари ғолиб келган бўлар эди.

Кечки пайт қизи келганида қизи билан гаплашиб олишга турли йўллар қидира бошлади. Кейин табассум билан қизига деди:

– Кел қизим, бугун дастурхонни сен туза. Фарзандим тайёрлаган кечки овқатни еб бир маза қилай. Шундай деганча у қизининг юзига тикилиб, унинг хаёлларини англаб олишга интилар эди.

Фотима отасининг унга бундай чиройли оҳангда сўзлашишидан мамнун бўлиб, дарров рози бўлди. Демак, отасининг ҳали ҳеч нарсадан хабари йўқ.

– Хўп бўлади, дада. Дарров тайёрлайман.

Ёқуб имом эса унсиз йиғлади. Қизи мана неча ойлар ўтдики, анчадан бери энди “дада” деди.

Фотима шошиб-пишиб дастурхон тузай кетди. У дадасининг одатини яхши билади. Хуфтон намозидан олдин овқат ейилиши суннат ҳисобланади.

Усома ҳам етиб келди. Ёқуб имом ўғлини қучоқлаб ҳол аҳволини сўради. У ўғли билан дўст бўлишга қарор қилганди. Дастурхон атрофига тўпланишганида эса имом ичидаги дарду аламларга қарамай, кўтаринки кайфиятда кўринишга интилди. Аёлига қараб гапирарди-ю, лекин у гаплар аслида қизига қаратилган эди.

– Бугун савдо жуда яхши бўлди. Шу кетишда давом этса, яхши бир жойга кўчиб ўтамиз. Қизимга бу ер ёқмади. Нега энди фарзандимнинг айтганини қилмас эканман? Қизим энг гўзал нарсаларга лойиқ-ку, шундайми? Мен қизим учун ҳам, ўғлим учун ҳам кечани кеча кундузни кундуз демай ишлайман.

Фотиманинг егани бўғзида тиқилиб қолаёзди:

– Сал кеч қолмадингизмикан, дада?

– Нега кеч бўлар экан? Зарар ишнинг қаеридан қайтилса ҳам фойдалидир. Фақат қайтишни билиш керак.

Қизига у “бу хато ишларингдан қайт” деётганди. Ёнаётган руҳи билан деди:

– Бандамиз. Ҳаммамиз хато қиламиз. Қанчадан қанча одамлар бор, охирги дақиқаларда хатоларини тушуниб етганлар. Аслида менинг унчалик катта хатоларим йўқ-ку, лекин сизларнинг шикоятларингизга қулоқ солмаганим учун, сизларни қийнаб қўйганим учун ўзимни айбдор ҳисоблайман. Мен хатоимни тузатаман, чунки мен ўзимга оид хатоларни тузатишга жавобгарман, сиз ҳам ўзларингизга оидларини тузатишга масъулсиз.

Бу гаплардан сўнг жимжитлик ҳукм сура бошлади. Ёқуб имом аста билдирмай Фотимани кузатар, “қизим бу гапларимдан ўзига бирор хулоса чиқариб олдимикин?” деб ўйларди. Қанийди, қизининг қалбида заррача пушаймонлик ҳисси бор йўқлигини билолсайди... Уни қутқариш умиди ортар эди.

Бироқ қизи ҳечам сир бой бермас эди.

– Умуман тўғри йўлдан озган бўлса-чи?

Ёқуб имом бу саволни эшитиб кўнгли кўтарилди. Демак, қизи ўзини йўлдан адашган ҳисоблар, “бу йўлдан қутула оламанмикин?” деб ўйлаётган эди. Шунинг учун у эҳтиёт бўлиб ва маъноли гапириши керак эди.

– Адашса-ю, ақлини йиғиб олиб, тўғри йўлга қайтса, ўзини қутқара олган бўлади. Тунов куни газетада ўқиб қолдим. Бир киши ўзини “Бўғоз” кўпригидан ташлабди. Денгиз томон шўнғир экан, ўз жонига қасд қилиб нотўғри қилаётганини тушуниб етибди. Юқоридан сакраганда сув қаттиқлашар экан-ку, буни билгани учун йигит сувга яқинлашиб қолганда ҳавода бир ўмбалоқ ошиб, кейин ўзини сувга отгани учун ҳатто бурни ҳам қонамай соғ-омон қолибди. Буни қаранг-ки, пушаймонлик кечроқ бўлса ҳам ўз фойдасини кўрсатар экан.

– Умуман йўлдан озганлар учун вазият қандай бўлади?

– Агар ўша йўлда қолиб кетса, нариги дунёга шу тарзда кетади. Лекин ўлим келмай, ўзини қутқара олиши ҳам мумкин.

Ёқуб имомнинг қалбида неча ойдан бери энди оғзини очган қизининг гапларидан анча умид уйғонди. Бўлди, агар қизи йўлдан адашган бўлса ҳам, қизи хатоларини тушуниб етадиган бўлса, уни кечирар ва унинг хатоларини ҳеч ҳам юзига солмас эди.

Таомдан кейин қалбидаги умид нурлари ила масжидга тушди.

Орадан кунлар ўтди.

Ғам ва умид орасида яшаётган эди Ёқуб имом. Бир куни кечки пайт дўсти Аҳмад уни чақирганини эшитиб пастга тушди.

– Тинчликми Аҳмад? Нимадир бўлдими?

Аҳмад жуда ғамгин ва паришон ҳолда эди. Ёқуб имом зиналардан шошиб тушар экан, сўради?

– Нима бўлди? Кимдир ўлиб қолибдими?

Аҳмад унинг кўзларига алам билан қаради:

– Сенинг учун ўлим билан баробардир, дўстим.

– Нима бўлди, тезроқ гапир, бўлмаса юрагим тўхтаб қолади.

Аҳмад бўлса энди йиғлай бошлаган эди.

– Сўрама дўстим. Ўзимнинг фаришта имомим... Сенга нохуш хабарим бор...

– Қанақа хабар?

– Қандай айтишни ҳам билмайман. Аслида бу гапни сенга айтиш жуда оғир, лекин айтишга мажбурман.

Ёқуб имом бирдан қизининг уйда эмаслигини эслади.

– Нима-а-а, қизим ўлдими?

– Айтадиган гапим, ўлимдан ҳам мудҳиш. Бу гапни эшитгандан кўра қизингнинг ўлишини афзал кўрар эдинг.

Ёқуб имом гап нима ҳақда эканлигини англади. Демак, у қизини очиқ сочиқ ёки бирор йигит билан кўрибди.

– Йўқ, қизим нима қилган тақдирда ҳам, уни қандай ҳолда кўрган бўлсанг ҳам, мени ўлимичалик ёндирмайди. Қайтага, шу аҳволида дунёдан ўтиши мени кўпроқ эзади. Чунки ҳали умид бор, чиқмаган жондан умид. Қизимни қаерда ва қандай ҳолда кўрдинг Аҳмад?

– Сен учун энг аламлиси ўлим экан, унда айта қолай. Бугун қизингни мини юбкада кўрдим. Рўмолини ечган, бўянган. Кўрсанг таний олмайсан.

– Биламан.

– Нима? Биласанми?

– Ҳа, Аҳмад биламан. Уни кузатиб боргандим. Йўлда рўмолини ечиб олди. Рўмолини ечгандан кейин, агар ихлоси бўлмаса, мини юбка ҳам кияди. Хўш, сенинг кўрганингни билдими?

– Билди. “Дадамга айтманг” – деб роса ёлворди. Лекин мен қандай қилиб айтмай, ахир бу сенга хиёнат бўлар эди-ку.

Ёқуб имом яна йиғлай бошлади.

– Эшитишимни хоҳламаганидан, демак, ҳали умид бор. Илтимос, менга айтганингни билмасин ва уни ўша аҳволда кўрганингни ҳам ҳеч ким билмасин.

– Албатта, ҳеч кимга айтмайман, дўстим. Одамлар билса нима дейди ахир, асло айтмайман.

Ёқуб имом ёшли кўзларини дўстига тикиб:

– Йўқ, мен одамларни эмас, қизимни ўйлаяпман. Унинг рўмолини ечиб, кундан кунга йўлдан озаётганини билишса, қизимни тўғри йўлга солиш умидим қолмайди.

Аҳмад дўстининг сабру иродасига ҳайрон қолган эди. Бу қандай ота бўлди. Умрида ҳеч қачон бундай отани кўрмаган эди. Улар иккалалари ҳам масжид ташқарисида тик оёқда туришар эди. Ёқуб имом масжиднинг ўртароқ қисми томон юра бошлади.

– Аҳмад, энди сен борақол, қизим бизни кўриб қолса дарров сезиб қолади.

– Хўп бўлади, лекин бу ёғига нима қилмоқчисан?

– Аввалам бор, савдо ишим яхши кетса, бошқа жойга кўчиб ўтамиз. Қизимнинг қўлига кўпроқ пул бераман, ишдан бўшатиб оламан. Булар балки чорамасдир, лекин ҳозир бошқа қандай йўл тутишни ҳам билмайман. У ҳали номусини йўқотиб бўлганича йўқ, балки ўзига келиб қолар, деб ҳаракат қиляпман.

– Сабру матонатингга ҳайрон қолдим. Аллоҳ ўзи қувват берсин.

– Соғ бўл, Аҳмад. Баъзан ўзим хато қиляпманми, деб ўйлаб қоламан. Бир гап бор-ку “ўликлар тирикларни ҳолва еяпти деб ўйлар эканлар” – деган. Шунга ўхшаб, одамлар ўйлайдики, имомларнинг ҳечам ғами бўлмайди, хато қилмайди, деб. Улар бизга, биз уларга бошқа бошқа дунёлардан қараймиз. Ҳозирги гапларинг менга қувват бағишлади, кайфиятимни кўтарди. Демак, тўғри йўлда эканман. Аллоҳ фойдали гапларни гапирадиганларни севади. Қани энди борақол, машҳур шоир айтганидек, “энди мен ёлғиз йиғлайин”.

* * *

Кунлар шу тарзда ўтиб борди. Ёқуб имом ҳеч қандай чора топа олмаётган эди. Эрталаб тонг саҳардан яна аравасининг бошида харидор пойлар экан, бошқа тарафдан ҳали ҳам қизини ўйлаб юм-юм йиғларди-ю, кўз ёшларини ичига ютар эди.

Бирдан дўсти Аҳмаднинг келганини пайқаб қолди. Бироз суҳбатлашганларидан сўнг ўй хаёллари билан ўртоқлашди:

– Аллоҳга шукур, дўстим. Гаров пулини ҳам йиғиб қўйдим. Тавба, баъзи уй эгалари Аллоҳдан қўрқишмайди ҳам. Гаровга тилла бераман десам, олмаяптиям. Мен у уйдан кетаётганимда гаров пулининг ҳеч қандай қиймати қолмас ёки электр ҳақини тўлаб қўйишим керакмиш. Ҳа, шунақа экан, тиллани олақол. Майли, шу пулидан қутулиб олсам, кейин тилла оладиган бирор бошқа уй қидираман.

– Тополмасангчи?

– Топгунимча қидираман. Ўз принципларимдан воз кечолмайман.

– Ҳамма сендай бўлганда-ку, уй эгалари бунчалик адолатсизлик қилмас эди. “Нима қилай қанча миллион сўмларни шу ерга сарфладим, олаётган кира хаққим ўша сарф-харажатларимни қопламаяпти-ку” – дейишади.

– Йўқ, улар нотўғри фикрлашяпти. Тиккан пуллари фақат кира ҳаққидан келмайди-ку, мулкининг қиймати ҳам йил сайин ошяпти. Бир миллиардлик ер саккиз миллиардга кўтарилади-ю, у бўлса нуқул кира ҳаққини ҳисоблайди.

– Тўғри айтасан. Мен ҳам биттасига шу гапни айтсам, “сен мулкимнинг ҳисоб-китобини қиляпсанми?” – деди.

Ёқуб имом ўйчан ҳолда:

– Нимадир қилишимиз керак, деди.

Аҳмад ҳам имомга маъноли қараб қўйиб:

– Тўғри айтасан, нимадир қилиш керак, дея жавоб берди-ю, сўнг мавзуни ўзгартириш ниятида “Хўш, ўзингда бошқа нима гаплар?” – деб сўради.

Аҳмад Ёқуб имомни бирор бошқа мавзуда гап очади деб ўйлаган эди. Лекин имомнинг фикр-у хаёлида биргина ўй эди:

– Ҳаммаси ўша ўша. Кундан кун қизимни йўқотиб боряпман. Лекин қўлимдан ҳеч нарса келмаяпти.

– Тавба, Фотима динидан воз кечдимикана?

– Йўқ, дўстим. Қизим динсиз эмас, лекин у динини севмайди. Аллоҳга ҳам, Қуръонга ҳам ишонади. Лекин унга гўзал кўринаётган дунёнинг ҳақиқий юзини кўрмагани учун диний ҳукмларни ёқтирмайди. Динсиз бўлишни истамайди-ю, барибир ўзини динсиз ҳаётга отади. Нотўғри таълим бердик, дўстим. Хато қилдик. Дин ўргатяпмиз деб, савоб ёки гуноҳлардан сўз очдик. Макруҳ мубоҳларни эса четлаб ўтдик. Оқ ёки қорани ўргатдик, қолган рангларни беркитдик. Болани ҳар тарафдан сиқдик. Кулса ҳам, йиғласа ҳам айбдор санадик. Бошқалар эса Аллоҳнинг динига зид равишда унга рангин дунёни кўрсатди.

Бир муддат нима дейишини билмай, сўнгра яна давом этди:

– Нималарнидир хато тушунтирдик, хато қилдик. Ўзгалар болаларининг дарди билан ёнибман-у, ўз боламни унутибман. У ҳам энди ўшалардан фойдаланяпти.

– Нега айбни доим ўзингга тўнкайсан? Нима ҳамма айб сендами? Қизинг айбсизми? Ўзингни бунчалик қийнама. “Ўзгалар ҳаққини ейиш ҳақсизлик-да, ўз ҳаққига хиёнат адолатсизлик эмасми? Инсон ўз қадрини ҳам билиши керак” – деган сен эмасмидинг? Қизинг сендай отанинг қадрига етмай, ўзидан кетяпти.

– Мен ахир уни айбсиз демадим-ку. Шундай йўл топишим керакки, у ҳам мен ҳам хатоимизни тушуниб етайлик.

– Лекин, Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳам фарзанди динсиз эди. У нима отасининг хатоси сабабли динсиз бўлибдими? Йўқ, баъзи фарзандлар катталарнинг хатосини қурол қилиб олиб имонсизлик қилишяпти. Сен ўзингни бунчалик азоблама.

– Гапларинг тўғри, лекин менинг қизим динсиз эмас. Динсиз бўлишни хоҳламайди ҳам. Боламнинг дарди бошқа дедим-ку. Муҳит ҳам боламга анча таъсирини кўрсатди. Мен ҳам Исломни борича сингдира олмадим, шекилли. Нимадир бўлди-да... Аллоҳ ёрдамчинг бўлсин, Аҳмад. Бошқа нима ҳам дея олардим.

– Хафа бўлма-ку. Жуда сергапсан-да. Ўрнингда бўлганимда шунақанги додини бериб калтаклар эдим-ки, ўзини касалхонада кўрар эди. Йўқол, қаерга борсанг, бор. Мени шарманда қилишга нима ҳаққинг бор, дердим.

Ёқуб имом кўзлари тўла ёш билан жавоб берди:

– Сен осон йўлни танлаган бўлсанг, мен нима қилай? Нима қилаётган бўлсам ҳам, болам мени шарманда қилгани учун эмас, уни тўғри йўлга солиш учун ҳаракат қиляпман. Сен ўз орингни ўйлаяпсан. Мен бориб динимни бошидан ўрганаману, қаерида хато қилганимни топаман.

Чуқур нафас олди-ю, йиғламсираган оҳангда гапини давом эттирди:

– Албатта унгача боламдан асар қолса ва мен ҳаёт бўлсам...
Давоми бор...

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (4-қисм)