АҚШнинг Эронга қарши янги санкцияларидан муддао нима ва у кимга қандай таъсир кўрсатади?

  • 7-11-2018, 12:35
  • 693
  • Дунё
  • АҚШнинг Эронга қарши янги санкцияларидан муддао нима ва у кимга қандай таъсир кўрсатади?
    АҚШ Эронга қарши илк бор бундан ўттиз тўққиз йил илгари санкциялар жорий этганди. Ўшандан буён бу давлатга нисбатан санкциялар режимига бир неча марта ўзгартиришлар киритилди – айрим тақиқлар олиб ташланди, айримлари янада кескинлаштирилди, янги чекловлар жорий этилди.

    Сўнгги санкциялар шу йилнинг 5 ноябридан кучга кирди. АҚШ нима учун Эронга қарши санкциялар киритишдан тўхтамаяпти, бундай чоралар қачондан бошланган, санкциялардан мақсад нима ва унинг жаҳон иқтисодиётига таъсири қандай?

    Қарийб қирқ йиллик санкциялар

    Эронга нисбатан дастлабки санкциялар Ислом инқилоби ғалабасидан (1978-1979 йй) бироз вақт ўтиб жорий этилган. Бунга 1979 йил 4 ноябрда Теҳронда АҚШ элчихонасининг босиб олиниши сабаб бўлган. Ўшанда АҚШ президенти Жимми Картернинг фармонига мувофиқ Эрон нефтини сотиб олиш тўхтатилган, унинг Америка банклари ва уларнинг хориждаги филиалларидаги ҳисоб рақамлари музлатилган, Эронга ҳарбий эҳтиёт қисмлар сотиш тақиқланган. 1980 йил апрелда дипломатик алоқалар узилганидан сўнг Америка маҳсулотларининг Эронга экспорти ҳамда ушбу давлат маҳсулотларининг АҚШга импортига нисбатан тақиқ киритилган. 1981 йил январда савдо эмбаргоси бекор қилинган, аммо молиявий операцияларга нисбатан чекловлар амал қилишда давом этган.

    1984 йил 28 сентябрда Рональд Рейган маъмурияти Эроннинг терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатига киритилиши муносабати билан ушбу давлатга экспорт устидан қўшимча назорат чораларини жорий этди.

    1987 йил 29 октябрда Эрон маҳсулотлари, асосан нефть импорти яна чекланди. 1990 йил ноябрда Америка компаниялари Эрондан чекланган миқдорда нефть импорт қилишга рухсат олди.

    1995 йил 15 мартда АҚШ президенти Билл Клинтон Американинг Conoco компанияси билан Эрон миллий нефть компанияси ўртасидаги Эрон соҳилларида нефть қидириш бўйича келишувни тўхтатиб қўйди, 8 май куни эса АҚШ фирмаларига Эрондаги нефть ва газ конларида қидирув ишларини олиб бориш ҳамда Эрон нефтини учинчи мамлакатларга сотиш учун харид қилишни тақиқловчи фармонни имзолади. Бунга Эрон терроризмни қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлгани айтилди.

    1996 йил 5 августда Билл Клинтон хориж компанияларига Эрон билан нефть ва газ қазиб олишда ҳамкорлик қилишни тақиқловчи санкциялар тўғрисидаги қонунга имзо чекди.

    2006 йил октябрда кичик Жорж Буш президентлиги даврида Эронда ядровий дастур ривожланиши муносабати билан ушбу мамлакатнинг атом ва қурол саноати билан боғлиқ банклари, компаниялари ва жисмоний шахсларига нисбатан Эронда озодликни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди (у 1996 йилги қонуннинг янги таҳрири бўлиб, 2016 йилда ўн йилга узайтирилган).

    2010-2013 йилларда Эроннинг транспорт, нефть-кимё, энергетика, кемасозлик компаниялари, денгиз портлари ва телерадиокомпаниялари қора рўйхатга киритилди. Бундан ташқари, «ислом инқилоби қўриқчилар» корпуси қўмондонлари ва «басиж» халқ ҳаракатига нисбатан чекловлар жорий этилди.

    2012 йил февралда президент Барак Обама Эрон ҳукумати ва молия институтларининг активларини блоклаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Роппа-роса бир йилдан сўнг Эроннинг нефть савдосидан олган даромадларини тасарруф қилишини янада қийинлаштирувчи қўшимча чоралар қабул қилинди. Эрон молия муассасалари билан ҳамкорлик қилганлик учун санкцияга тушувчилар доираси кенгайтирилди, бунинг оқибатида унинг хориж банкларида сақланаётган нефть сотишдан тушган даромадларидан фойдаланиш имкониятлари чекланди.

    2013 йил июнда Америка банклари, молия институтлари ва компанияларига Эрон пул бирлиги риалдан фойдаланадиган ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тақиқланди. Шу тарзда риал халқаро молия тизимидан сиқиб чиқарилди.

    Вақтинчалик бекор қилинган чоралар

    Чеклов чоралари кенгайиши билан бир вақтда қатор маҳсулотлар санкциялар рўйхатидан чиқарилди ва айрим тақиқлар олиб ташланди. Эрон 2006 йилда ядро дастури бўйича Франция, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Россия ва ХХР билан музокараларга киришгач, Америка компанияларига Эронга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва дори-дармонлар экспорт қилиш ва у ердан икра, писта ва гилам импорт қилишга рухсат берилди.

    2009 йилда экспорт қилиш рухсат этилган маҳсулотлар қаторига ноширлик маҳсулотлари қўшилди, 2010 йилда эса Эронга АҚШ фирмалари томонидан компьютерлар учун ишлаб чиқарилган дастурларни, 2013 йилда компьютер қурилмаларини сотиш бўйича тақиқлар олиб ташланди. 2013 йил сентябрда АҚШ ҳукумати табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш, ёввойи табиатни асраш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи нотижорат ташкилотлар ва спорт ассоциацияларига Эронда ишлашга рухсат берди.

    2014 йил 20 январда Эрон ядровий дастурини тўхтатиб туриш ҳақидаги келишув кучга киргач, АҚШ Эрон нефти экспортига нисбатан санкцияларни юмшатди, Эрон билан молиявий муносабатлар ўрнатган хорижликларга чекловни вақтинча бекор қилди. Эрон давлат телерадиокомпаниясига нисбатан санкциялар ҳам вақтинча тўхтатилди. Boeing ва General Electric корпорацияларига Эронга эҳтиёт қисмлар етказиб бериш ва авиация двигателларини таъмирлашга рухсат берилди. Ўша йил ноябрида эса Эрондан нефть ва нефть маҳсулотлари сотиб олувчи учинчи давлатларга нисбатан санкциялар тўхтатилди.

    2014 йил декабрда АҚШ Эрон ҳукумати билан алоқадор жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар киритди.

    2016 йил 16 январда Эрон ўз ядровий фаолиятини МАГАТЭ назоратига ўтказиш бўйича келишув мажбуриятларини бажарганини тасдиқлади. Шу куниёқ Барак Обама хориж фирмалари ва Америка компанияларининг хориждаги филиалларига нисбатан иккинчи даражали санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ўша йил октябрида Эрон ва офшор банк муассасалари ўртасида долларда ҳисоб-китоб қилишга рухсат берилди. Санкцияга тушган шахслар бошқарадиган Эрон компаниялари билан халқаро молиявий операциялар ўтказишга қўйилган тақиқ олиб ташланди. Шу билан бирга, АҚШ жисмоний ва юридик шахсларига Эрон билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга қўйилган тақиқ ўз кучида қолди. Америка фуқароларига Эрон ҳукумати ва молия институтлари билан олди-берди ва ҳамкорлик қилиш мумкин эмасди. Қора рўйхатда эса 200га яқин киши ва компания бор эди.

    Трамп давридаги янги чекловлар

    2017 йил апрелда Дональд Трамп маъмурияти инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб Теҳрон қамоқхоналар ташкилотини санкциялар рўйхатига киритди, май ва июлда эса «Эроннинг баллистик ракета дастурини, ҳарбий харидларини ёки «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусини қўллаб-қувватлаган» қатор юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан санкцияларни кенгайтирди.

    Ўша йил 2 августда Трамп Америка душманларига қаршилик кўрсатиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унда Эроннинг баллистик ракеталарни ишлаб чиқиш дастурига алоқадор шахсларга нисбатан чекловлар жорий этиш кўзда тутилганди. Бундан ташқари, ушбу қонунга мувофиқ, чекловларни юмшатиш ёки бекор қилиш ҳуқуқи Конгрессга топширилди (илгари президент қарор қабул қиларди).

    13 октябрда АҚШ президенти Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан янги, янада кескин стратегиясини маълум қилди. АҚШ Эроннинг «беқарорлаштирувчи таъсири»га қарши ана шу стратегия асосида курашишни кўзда тутганди. Ўша куниёқ АҚШ молия вазирлиги Эроннинг учта ташкилотига нисбатан санкция жорий этди ҳамда «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусини «терроризмни қўллаб-қувватловчи» ташкилотлар рўйхатига киритди.

    16 ноябрь куни Трамп Эрон нефти ва нефть маҳсулотларига нисбатан жорий этилган эмбаргонинг амал қилиш муддатини узайтирди.

    Жорий йилнинг 4 январида АҚШ молия вазирлиги Эроннинг баллистик ракеталар ишлаб чиқариш дастурига алоқадор бешта ташкилот ва Вашингтон фикрига кўра террорчи гуруҳлар билан алоқадор уч нафар жисмоний шахсга нисбатан санкциялар жорий этди. 12 январь куни эса инсон ҳуқуқларини бузишга ва Теҳрон ракета дастурига алоқадор яна беш нафар жисмоний шахс ҳамда тўққиз ташкилотга қарши санкциялар киритилди.

    8 май куни Дональд Трамп Вашингтон Эрон ядровий дастури бўйича келишувдан чиқишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, мазкур келишув Эронга чекловларни четлаб ўтиб ядро қуроли яратиш имкониятини қолдирган. Трамп нафақат илгариги санкцияларни қайтариш, балки янги санкциялар киритишга ваъда берди.

    10 май куни АҚШ молия вазирлиги «ислом инқилоби қўриқчилари» корпусининг олти вакили ҳамда унга алоқадор учта компанияга нисбатан санкциялар киритилганини маълум қилди.

    2018 йилнинг 5 ноябрида эса санкцияларнинг иккинчи босқичи кучга кирди.

    Қандай санкциялар кучга кирди?

    АҚШнинг янги санкциялари Эрон иқтисодиётининг муҳим соҳалари – нефть қазиб олиш ва банк соҳаларига оид бўлиб, 5 ноябрдан бошлаб Вашингтон Эрондан нефть экспорт қилиш ва Эроннинг нефть қазиб олувчи компаниялари билан бизнес юритишни тақиқлади.

    АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга нисбатан санкцияларни «шу пайтгача мавжуд бўлган санкциялар ичида энг кескин санкциялар» деб атади. Янги санкциялардан ташқари, Эрон молиявий секторига тааллуқли илгари киритилган чеклов чоралари ҳам амал қилишда давом этади. Америка компанияларига Эрон банклари билан ҳар қандай операция ўтказиш тақиқланди.

    Вашингтоннинг фикрича, санкциялар киритилганидан сўнг Эроннинг нефть экспорт қилиши бутунлай тўхтайди. Ҳаттоки Қўшма Штатлар бу мақсадини амалга ошира олмаган тақдирда ҳам Эрон нефтига нисбатан ҳар қандай чеклов ушбу мамлакат иқтисодиёти учун оғриқли таъсир қилади. Чунки Эрон давлат бюджетининг 80 фоизини нефть сотишдан тушадиган даромад ташкил қилади.

    5 ноябрь куни Эрон банклари SWIFT халқаро тўлов тизими ёрдамида халқаро операцияларни амалга ошириш имконидан маҳрум қилинди.

    Эндиликда тизимдан узилган банклар халқаро тўлов операцияларини амалга ошира олмайди. SWIFT’да таъкидланишича, ушбу қарор халқаро банк тизимида барқарорликни сақлаб қолиш учун қабул қилинган.

    Санкциялардан мақсад нима?

    Вашингтоннинг баёнотига кўра, АҚШ «максимал босим» кўрсатиш орқали Эронни ядровий мақсадидан воз кечдириб, унинг «ёвуз феъл-атвори»ни ўзгартирмоқчи. АҚШ давлат котиби Майк Помпео 21 май куни сўзлаган нутқида Эрон санкцияларга дуч келмаслик учун бажариши керак бўлган 12та шартни айтганди. Санаб ўтилган шартлар орасида Эроннинг ракета дастурини тўхтатиши ва келгусида Яқин Шарқдаги низоларга аралашмаслиги талаб қилинган. Вашингтон Теҳронни Яқин Шарқдаги террорчилар – Ямандаги ҳусийчилар, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ», ХАМАС ва Фаластиндаги «Ислом жиҳоди» ташкилотларини қўллаб-қувватлашни тўхтатишга мажбур қилмоқчи.

    Эрон шунингдек, Суриядан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши ва Ироқдаги шиа ҳарбий гуруҳларини қуролсизлантириши лозим.

    Шу билан бирга, Қўшма Штатлар саккизта давлатни Эронга киритилган «нефть» санкцияларидан чиқарди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майк Помпео маълум қилди.

    «Биз бир нечта мамлакат учун вақтинчалик истисно киритиш ва нефть бозоридаги юқори талабни таъминлашга қарор қилдик. АҚШ Эронга қарши санкциялар доирасида Хитой, Ҳиндистон, Италия, Туркия, Жанубий Корея, Япония ваТайван учун истисно киритади. Бу давлатларнинг ҳар бири охирги олти ой ичида Эрондан нефть сотиб олишни сезиларли даражада камайтирди», - деди у.

    Унинг таъкидлашича, АҚШ Эрон нефть импортини нолга тушириш учун бошқа давлатлар билан музокараларни давом эттирмоқда.

    Помпео шунингдек, «Бушер» АЭСи ва мамлакатдаги иккита ядровий лойиҳа санкцияларга тушмаслигини қўшимча қилди.

    Бошқалар қандай фикрда?

    Евроиттифоқ, хусусан, Германия, Франция ва Буюк Британия АҚШнинг Эронга нисбатан киритган янги санкцияларидан афсусда эканлигини билдирди.

    «Биз Вашингтоннинг ядровий келишувдан чиқиши оқибати ўлароқ янги санкцияларнинг кучга киришидан чуқур таассуфдамиз», - дейилади ЕИ мамлакатларининг 2 ноябрь куни эълон қилинган умумий баёнотида.

    Санкциялар ҳамда АҚШнинг ядровий келишувдан чиқишини Россия ва Хитой ҳам маъқулламади. Уларнинг фикрича, келишувдан кўзланган мақсадга эришилди – Теҳрон томонидан ядровий қурол ишлаб чиқарилиши хавфи ва минтақада қуролланиш пойгаси бошланишининг олди олинди. Эроннинг Яқин Шарқда ўзини тутиши эса келишувда кўзда тутилмаган.

    Куни кеча эса Испания АҚШнинг Эрон бўйича ультиматумини қабул қилишдан бош тортди. Бу ҳақда Испания ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель айтиб ўтди.

    «Биз, албатта, АҚШ билан сиёсий ва бошқа кўринишдаги яхши муносабатлардан манфаатдормиз ва шубҳасиз, у бизнинг муҳим ҳамкор, бироқ Европа Иттифоқи ва жумладан, Испания ўз сиёсий йўналишини олиб боради ва Эрон билан ядровий келишувга амал қилиш учун барча имкони бор ишни қилади», деб айтди Боррель 6 ноябрда Мадридда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан биргаликдаги матбуот анжуманда.

    Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи ва жумладан, Испания АҚШнинг Эронга нисбатан қарори бўйича кескин фикр билдирган.

    «Европа Иттифоқи ядровий келишув доирасида Эрон билан ишлаш ва инвестициялар киритишни давом эттира олиши учун ҳаракатлар режасини қўллаб-қувватлайди», деди у.

    «Бизда мавжуд маълумотларга кўра, Эрон бу келишув бўйича мажбуриятларини бажармоқда ва АҚШ бу келишувдан воз кечиш учун ҳеч қандай асос ва сабабга эга эмас», деб қўшимча қилди Испания ташқи ишлар вазири.

    «Шу сабабли мен «сен биз билан ёки бизга қаршисан» дейишим кераклиги бошқа замонларга тегишли. Испания бундай баёнот қабул қилиши керак эмас», деб таъкидлаб ўтди Боррель.

    Туркия президенти Ражаб Тайип Эрдўған ҳам АҚШ томонидан Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларни нотўғри деб атади.

    «Биз бундай санкцияларга бўйсунмаймиз. Мен бу санкциялар киритилишини тўғри қарор деб ҳисобламайман. Мазкур қадам дунёдаги мувозанатни бузишга қаратилган», - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди NTV телеканали.

    Бундан ташқари, Эрдўған санкциялар «халқаро ҳуқуқ меъёрларига мос келмаслиги»ни яна бир бор таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Анқара «империалистик дунёда яшаш»ни истамайди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда унинг мамлакати Эрондан йилига 10 млрд куб метр газ сотиб олади.

    Ўз навбатида, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) ҳам август охирида АҚШ томонидан босим бўлишига қарамасдан, Эрон ядровий келишув шартларига амал қилаётганини билдирди.

    Эрон ТИВ мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш ва АҚШнинг келишувдан чиқиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш бўйича кафолат бериш учун Европа мамлакатларида 45 кундан 60 кунгача вақт борлигини маълум қилди. Агарда келишувнинг европалик иштирокчилари буни амалга оширмаса, Эрон «мажбурий қарор» қабул қилиши ҳақида огоҳлантирди. Расмий Теҳрон ўзига нисбатан жазо чоралари бекор қилинишини сўраб АҚШни Ҳаагадаги Халқаро судга берди.

    ЕИ санкциялар оқибатларидан ҳимоялана оладими?

    Сентябрь охирларида Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Федерика Могерини Брюссель АҚШ санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Эрон билан молиявий операцияларни таъминлайдиган махсус молия институтини ташкил этиш ниятида эканлигини айтди. Special Purpose Vehicels (SVP) деб номланувчи бу институт Европа компанияларига Вашингтон санкцияларига тушиб қолишдан хавфсирамасдан Эрон билан иқтисодий муносабатлар олиб бориш имконини беради.

    SVP товар алмашиш биржаси кўринишида бўлади. Эрон ва унинг Европадаги ҳамкорлари ўртасидаги ҳисоб-китоблар фақатгина мана шу тизим доирасида олиб борилади. Хусусан, нефть экспорти Эрон текстиль саноати учун техника етказиб бериш эвазига амалга оширилади. SVP хизматларидан нафақат Европа мамлакатлари, балки Эрон билан савдо қилишни истаган барча фойдаланиши мумкин бўлади. Фақат ҳозирча ҳаттоки ушбу ташкилот қароргоҳи қаерда жойлашиши ва унда кимлар ишлаши масаласи ҳам ҳал қилинмаган. Европадаги пойтахтлар SVP’ни ўзларига таклиф этишга шошилмаяпти.

    Шу билан бирга, Могеринининг баёнотига жавобан АҚШ давлат котиби Майк Помпео ЕИнинг бундай ташаббусидан «ҳайратга тушгани ва ҳафсаласи пир бўлгани»ни айтди. Унинг сўзларига кўра, бу «минтақавий ва глобал хавфсизлик учун тасаввур қилиш мумкин бўлган энг бесамар чорадир».

    АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон эса Вашингтон Теҳронга қарши иқтисодий чораларга риоя қилинишини таъминлашда «тажовузкор ва собит» бўлишини ҳамда бошқа давлатларга уни йўққа чиқаришга йўл қўймаслигини маълум қилди.

    Санкциялар қандай таъсир қилмоқда?

    2018 йилда Эрон валютаси риал ўз қийматининг 70 фоизини йўқотди ва унинг курси пасайишда давом этмоқда. Мамлакатда инфляция тўхтовсиз ўсмоқда. Эрон нефти экспорти июндаги кўрсаткичларга нисбатан учдан бир қисмга қисқарди.

    Хориж, хусусан Европа инвесторлари, компания ва корхоналари ўзлари учун муҳим бўлган Америка бозоридан айрилиб қолмаслик учун мамлакатни тарк этмоқда. Франциянинг Total энергетика концерни миллиард долларлик газ лойиҳасидан чиқмоқда. Германиянинг Daimler, Франциянинг PSA ва Airbus компаниялари Эрондан чиқиб кетишини маълум қилди.

    Эрон ядровий дастури имзоланганидан сўнг 3,3 млрд еврога етган немис-эрон савдоси ҳажми АҚШ шартномадан чиққанидан сўнг 20 фоизга қисқарди. АҚШ санкциялари оқибатидан хавфсираган Европа банклари Эрон билан ҳамкорлик қилмасликни маъқул кўрмоқда.

    Эронга ҳар қандай маҳсулотни импорт қилиш қийинлашди. Мамлакатда муҳим дори-дармонлар етишмаяпти, уларнинг нархи кескин ошиб кетди. Санкциялар режими Эрондаги шусиз ҳам Ғарб билан яқинлашувга қарши бўлган ўта консерватив кучларнинг сиёсий таъсирини кучайтирмоқда.

    Эрон нефти жаҳон нефть бозорининг атиги 3 фоизини ташкил этади ва ҳаттоки бутун дунёдаги мамлакатлар санкцияларга қатъий амал қилганида ҳам у нефть қазиб олишни буткул тўхтатиши мумкинлиги эҳтимолдан йироқ. Бунинг устига, Эрондан энг кўп нефть сотиб оладиган давлат Теҳрон билан савдолар тақиқланишига унчалик парво қилмайдиган Хитойдир.

    Агарда Америка санкциялари кучли салбий таъсир кўрсатадиган Эронни ҳисобга олмаса, қолган давлатлар учун санкциялар на сезиларли зарар келтиради ва на катта фойда. Бизнес гигантлари учун йўқотишлар сезиларли бўлса-да, Эрондаги лойиҳаларни ва шартномаларни бекор қилишни кейинроққа кўчириш қийинчилик туғдирмайди, деб ёзади «Форбс» журнали.
    Дилшодбек Асқаров тайёрлади

    » » АҚШнинг Эронга қарши янги санкцияларидан муддао нима ва у кимга қандай таъсир кўрсатади?