Венесуэла воқеалари. Россия ва Хитойнинг манфаати нимада?

  • 27 январь 2019, 22:36
  • 2 459
  • Дунё
  • Венесуэла воқеалари. Россия ва Хитойнинг манфаати нимада?
    Венесуэлада Николас Мадурони ҳокимиятдан кетказиш учун жиддий уриниш давом этмоқда. Бу давлатда рўй бераётган жараён айни вақтга келиб жаҳон ҳамжамиятини иккига бўлиб юборди, бир томон Мадурони кетказиб, мамлакатда демократия ўрнатишни мақсад қилган бўлса, иккинчи томон бу уринишни Ғарб томонидан тайёрланган навбатдаги рангли инқилоб сифатида баҳоламоқда.

    Нималар бўлиб ўтди?
    23 январь куни Каракасда давом этаётган митинглар вақтида Миллий ассамблея спикери, 35 ёшли мухолиф сиёсатчи Хуан Гуайдо ўзини ўтиш даври президенти сифатида эълон қилди. Бир неча дақиқа ўтиб уни АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатнинг янги президенти сифатида тан олди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Мадурони ҳокимиятни Гуайдога топширишга чақирди.

    Гуайдони бирин-кетин Канада, Бразилия, Парагвай, Перу, Колумбия, Чили, Эквадор, Коста-Рика, Ҳондурас, Гватемала, Аргентина, Грузия, Албания, Украина, Дания, Буюк Британия, Франция, Германия, Испания ва Исроил каби давлатлар янги президент сифатида тан олди. Европа дипломатияси раҳбари Федерика Могерини ҳам Евроиттифоқ Гуайдо ҳукуматини тан олишга тайёрлигини билдирди. ЕИ саккиз кун муддат ичида Венесуэлада муддатидан олдинги сайловлар ўтказиш борасида ультиматум қўйди (Европа кенгаши раҳбари Дональд Туск ҳам ўз твиттерида «демократик кучлар»ни – яъни, Гуайдони қўллаб-қувватлади).

    Россия, Хитой, Туркия, Мексика, Куба, Боливия, Эрон, Никарагуа, Сальвадор, Уругвай, Сурия, Греция ва Беларусь каби давлатлар Мадурони ёқлаб чиқишди.

    Мадуро рўй берган ҳодисаларда АҚШ ҳукуматини айблади ва бу давлат билан дипломатик муносабатлар узилганини эълон қилиб, америкалик дипломатларга Венесуэлани тарк этиш учун 72 соат муддат берди. Бу вақтда эса Гуайдо хориж давлатларини Мадуронинг талабларига эътибор қилмасликка чақирди. АҚШ Давлат департаменти бу талабни ноқонуний деб топди. Венесуэла Мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес Мадурони қўллаб-қувватлашини билдирди ва намойишчиларни давлат тўнтаришига уринишда айблади.

    Мамлакатда бир ҳафтадан буён оммавий намойишлар давом этмоқда, митингчилар армия ва полиция вакиллари билан тўқнашмоқда, ўтган вақт ичида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар қўлга олинди.

    Бўлиниш
    Армия ҳозирча Мадуро томонда, лекин ўтган йиллар давомида ҳарбийлар бир неча марта унга қарши исён кўтариб, давлат тўнтариши амалга оширишга уринганди (ҳарбийлар ўтган йили икки марта унинг ҳаётига суиқасд қилишган, жорий йилнинг 21 январида эса навбатдаги давлат тўнтаришига уриниш бўлиб ўтганди). Аҳоли Мадурони қўллаб-қувватламаслиги аниқ (ўтган йил майидаги сайловларда у 68 фоиз овоз олиб, ғалаба қозонгани эълон қилинган бўлса-да, бу рақам ишонарсиз) – мамлакатда юзага келган иқтисодий ва гуманитар ҳалокат бир неча йилдан буён аҳолининг норозиликларига сабаб бўлиб келмоқда. Гиперинфляция (ўтган йилда 2 миллион фоиз), ишлаб чиқариш тўхтаб қолгани, ишсизлик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар танқислиги – булар барчаси вазиятни оғирлаштиришда давом этмоқда.

    Datanálisis томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Мадурони аҳолининг атиги ⁠19 фоизи қўллаб-қувватлайди. 42 фоиз респондент унинг ағдарилишини истайди, сўровномада қатнашганларнинг учдан бир қисми эса бу иш ташқи кучлар бостириб кириши орқали амалга ошишига ҳам қарши эмас.

    Венесуэладан эмиграция кўрсаткичлари 2014 йилда, БМТ маълумотига кўра, 3 млн кишидан ортиқни ташкил қилган (аҳолининг 10 фоизи). Венесуэлаликларнинг қочқинларга айланиши қўшни давлатлар учун жиддий бошоғриққа айланган, шу туфайли Лотин Америкаси давлатларининг аксар қисми Мадуро режимига қарши кайфиятда. Венесуэлада анчадан буён мамлакат ҳудудига АҚШ қўшинлари киритилиши ҳақида миш-мишлар юради, Колумбия ва Бразилия 2018 йилда ҳарбийларини Венесуэла чегараларига келтириб қўйган.

    АҚШ, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкасининг бир қатор давлатлари, масалан, Бразилия ва Колумбия Мадурога қарши санкциялар қўллаган. 2018 йил бошида Лотин Америкасининг 10дан ортиқ давлати ҳамда Канада Мадурони ўз ихтиёри билан ҳокимиятни Миллий ассамблеяга топширишга чақирган (Венесуэла парламенти 2015 йилдан буён мухолифат қўлига ўтган, аммо Мадуро 2017 йилда ўзига янги парламент – Конституциявий ассамблея тузиб олган).

    Венесуэла ўз қарз мажбуриятлари юзасидан дефолт эълон қилган ва Американинг нефть қазиб олиш ишлари билан шуғулланувчи Citgo компаниясининг фақат PDVSA ширкатидаги 2,5 млрд долларлик еврооблигацияларини қайтаради. Citgo акцияларининг 49,9 фоизлик улуши Роснефть томонидан 2016 йили берилган 1,5 млрд доллар миқдоридаги кредит билан кафолатланган.

    Мадурога кейинги вақтларда Хитой, Россия ва Туркия томонидан иқтисодий ёрдамлар кўрсатилган. Мадуро ўтган йил охирида Пекин ва Москвага ташрифларни амалга оширганди. Владимир Путин билан учрашув якунида у Россия Венесуэланинг нефть саноатига 5 млрд доллардан ортиқ маблағни инвестиция қилиши ҳақида гапирганди. Шунингдек, Россия томонидан бошқа секторга, масалан олтинни қазиб олиш ишларига ҳамда 600 минг тоннадан ортиқ буғдой етиштириш учун жами 1 млрд доллардан ортиқ инвестиция қилиши айтилганди. Ўз навбатида, Путин Венесуэлага ташқи таъсир ўтказилишини қаттиқ қоралаб ўтганди. Ўтган йилнинг ноябрида Каракасда Россия ҳукумати делегация бўлган ва Венесуэла иқтисодини қутқариш режаси ишлаб чиқилганди, декабрда эса Россия Венесуэлага намойишкорона тарзда Ту-160 стратегик бомбардимончи самолётларни йўллаганди, Мадуро мамлакат ҳудудида россияликларнинг ҳарбий базаси очилишига ишора қилганди.

    Reuters маълумотларига кўра, 2006 йилдан буён Россия ҳукумати ва Роснефть Каракасга камида 17 млрд доллар миқдорида кредит ажратган. Хитой эса ундан ҳам кўпроқ – 2018 йилдан буён 70 млрд доллардан ортиқроқ. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Мадурони телефон қўнғироғи орқали қўллаб-қувватлади. Хитой ва Россия тезда реакция билдирмади. Россия давлат нашрлари бу масалада эҳтиёткорлик билан хабарлар беришди, ТИВ расмийси Мария Захарова ва бошқа бир неча россиялик сенаторлар Венесуэладаги намойишларни танқид қилиб чиқишди. 24 январь куни Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин – Николас Мадурони ҳокимиятдан четлатиш - қонунсизлик бўлиши ҳақида гапирди.

    Инвесторлар Венесуэладаги воқеаларни кўтаринкилик билан қаршилашди: 2038 ва 2027 йилларда қайтарилиши кўрсатилган Венесуэла евробондлари нархи 11 фоизга ўсди. Нефть бозорида эса нархнинг кескин тушиши кузатилди: Brent котировкалари 2 долларга қулади. Шундай бўлиши табиий эди, мухолифат ғалаба қозонадиган тақдирда – нефть қазиб олиш ҳажми тикланиши тезлашади (БМТ маълумотига кўра, дунёдаги энг катта нефть захираларига эга бўлган Венесуэлада 2017 йилда кунига 1,91 миллион баррель нефть қазиб олинган, 2018 йил декабрида эса бу миқдор кунига 1,41 миллион баррелгача пасайган.

    Воқеалар ривожи
    Намойишчилар ўз етакчисига эга. Бу намойишлар Киевдаги Майдан воқеалари ёки ўтган йилнинг баҳорида Еревандаги намойишлар каби муваффақиятли якунланиши эҳтимоли юқори. Чунки, намойишлар давом этса венесуэлалик ҳарбийлар ўз ватандошлари (намойишчилар орасида албатта ҳар бир венесуэлалик аскарнинг яқинлари топилади) томон ўқ узишдан бош тортиши мумкин. Гуайдо эса тинмай уларни халқ томонига ўтишга чорламоқда. Армия ҳали ўз жавобини айтгани йўқ: ҳарбийлар намойишчилар томонига ўтгани ҳам йўқ, намойишлар бостирилмаяпти ҳам.

    Венесуэланинг иттифоқчилари бўлмиш Россия ва Хитой эса Мадуро режимини қўлламоқда. 26 январь куни бўлиб ўтган БМТнинг фавқулодда йиғилиши вақтида бу икки давлат АҚШ томонидан таклиф қилинган, Николас Мадурони ҳокимиятдан четлатиш кўзда тутилган резолюцияга вето қўйди. Россия ва Хитой томони буни бошқа давлатнинг ички ишига аралашиш сифатида баҳоламоқда.

    Агар Ғарб давлатлари Венесуэлада ҳокимиятни ўзгартириш аҳдида қатъий турса, Россия нима қила олади? АҚШ билан савдо уруши олиб бораётган Хитойнинг қарори қандай бўлади?

    Агар мухолифат ғалаба қозонса, Россия ва Хитой қийин аҳволда қолади. Лекин Хитой томони мухолифатчиларга шарт қўйиб, ўзи берган кредитлар қайтарилишига кафолат олиб, ён бериши ҳам мумкин. Россия эса АҚШнинг «бурни остидаги» иттифоқчини йўқотиш, бу орқали ҳам сиёсий ҳам иқтисодий ҳамкоридан айрилишни асло истамайди, Россия Жанубий Америкага «вагнерчилар»ни йўллаб, бу мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетиши ҳам мумкин (ОАВ маълумотига кўра, «Вагнер» гуруҳининг 400 нафар ҳарбийси Мадурони ҳимоя қилиш учун Каракасга етиб борган, РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса бу маълумотни рад этди ва «қўрқиб кетишганидан уларнинг кўзига шундай кўрингани» ҳақида айтиб, киноя қилди.

    АҚШ бу вазиятда, мухолифат ғалаба қозонган тақдирда, «бир ўқ билан икки қуённи уриши» мумкин. Бир томондан Венесуэла нефтларини қўлга киритиши, иккинчи томондан Мадурони очиқчасига қўллаб-қувватлаётган Россияни янги санкциялар ботқоғига ботириши мумкин.

    Венесуэла - жаҳондаги нефтга энг бой давлат. Бу мамлакат захиралари 300 млрд баррелдан ошади - бу Саудия Арабистони заминидаги «қора олтин»дан кўп (266 млрд), бу Ироқ ёки Эроннинг захираларидан икки баробар ортиқ.

    Шундан келиб чиққан ҳолда, Венесуэла жаҳон нефть бозорида асосий регуляторлардан биридир. Айни вақтда дунёда энг кўп нефть захираларига эга бўлган 10 давлатдан 2таси - АҚШ (39 млрд баррел, 10-ўрин) ҳамда Россия (80 млрд баррел, 8-ўрин) шу ўнликдаги давлатларни таъсир доиралари орқали «бўлиб олган». Саудия Арабистони (266, 4 млрд баррел, 2-ўрин), Канада (169,7 млрд баррел, 3-ўрин), Ироқ (142,5 млрд баррел, 5-ўрин), Кувайт (101,5 млрд баррел, 6-ўрин) ва БАА (97 млрд баррел, 7-ўрин) АҚШ билан «дўст». Венесуэла (300,8 млрд баррел, 1-ўрин) ва Эрон (158,4 млрд баррел) Россия билан ҳамкор, фуқаролик уруши ҳолатидаги Ливияда (48 млрд баррел, 9-ўрин) ҳам Россиянинг таъсири каттароқ.

    Шу туфайли, агар Венесуэлада ҳукумат ўзгарса, бу Россиянинг сиёсий мавқесига ҳам, иқтисодий ҳолатига ҳам жиддий таъсир кўрсатади.

    » » Венесуэла воқеалари. Россия ва Хитойнинг манфаати нимада?