
2018 йилнинг февраль ойи бошида «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг 100 нафарга яқин россиялик ҳарбийси Суриянинг Дейр-аз-Зор шаҳри яқинида курдлар назоратидаги «Коноко» нефть захираларига ҳужум уюштирилганида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари томонидан қарши олингач, шафқатсиз жанг вақтида ҳалок бўлган. Лекин Россия бу йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни рад этган ва россиялик ҳарбийларнинг ўлими тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаган. Бу ҳақда Reuters агентлиги тадқиқотида сўз юритилади.
Григорий Ганчеров ва унинг рафиқаси Сурияга ҳарбий мутахассис сифатида кетган ўғли Сергей билан охирги марта 2018 йилнинг 4 февралида гаплашган.
Кейинроқ у ўғлининг жангчи ўртоғидан 25 ёшда бўлган Сергей 7 февраль куни Дейр-аз-Зордаги жанг вақтида ҳалок бўлгани ҳақида хабар топган.
Ганчеровнинг ўлими тўғрисида апрель ойи ўрталаригача расмий маълумот берилмаган. Марҳумнинг жасади қайтарилганида, унинг ўлими ҳақидаги маълумотномада у 7 март куни (аслидагидан бир ой вақт кеч) Суриянинг бошқа ҳудудида ҳалок бўлгани айтилган.
Ганчеровнинг ҳикояси Reuters’га маълум 6 ҳодисадан биридир. «Вагнер гуруҳи» сафида Дейр-аз-Зорда жанг қилиб, ҳалок бўлган бошқа жангчилар ҳам жангдан 7 ҳафта ўтиб, уларнинг ўлимидан хабардор бўлганларнинг билдиришича, хато маълумотлар қайд этилган ҳужжатлар билан ватанга қайтарилган.
Яқинлари, танишлари ва жангда иштирок этганлардан бирининг ҳикоя қилишича, барча олти ҳарбий ўтган йилнинг 7 февралидан 8 февралига ўтар кечаси Дейр-аз-Зор провинциясидаги жанг вақтида ҳалок бўлганлар орасида бўлишган.
Бу Сурияда ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтаришнинг одатий амалиётидан фарқ қилади ва бу 18 март кунги президентлик сайловлари (Владимир Путиннинг қайта сайланиши) арафасида жамоатчиликдан катта йўқотишларни яширишга ёрдам берган амалиётдир.
Бу вақтда Москвада Суриядаги ҳарбий амалиётлар муваффақиятли, йўқотишлар кам бўлган кампания сифатида тақдим қилинганди.
Бу воқеалардан қарийб бир йил вақт ўтиб аён бўлмоқдаки, Москва учун ўша вақтда хориждаги ҳарбий кампаниялардаги йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни назорат қилиш жуда муҳим бўлган (бу вақтда руслар Яқин Шарқ ва Африкадаги амалиётларини кенгайтираётганди).
Янги ёдгорлик

Сергей Ганчеровнинг Еленовскдаги қабри
REUTERS/Maria Tsvetkova
Reuters маълумотига кўра, Дейр-аз-Зор яқинида Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидан бўлган 100 нафар атрофидаги ёлланма ҳарбий ҳалок бўлган. Россия Ташқи ишлар вазирлиги жиддий йўқотишлар ҳақидаги маълумотни рад қилган ва бу жангда 5 нафар россиялик ҳалок бўлгани ҳақида маълумот мавжудлиги, лекин бу маълумотни аниқлаштириш зарурлигини билдирган.
Отаси Сергейнинг сафдошига асосланиб айтишича, Сергей Ганчеров ва унинг ҳарбий ўртоқлари коалиция авиацияси ҳужуми вақтида бир-бирига яқин жойлашган ҳолатда бўлган.
Ганчеровнинг дўсти жанг вақтида жароҳатланган, у жароҳатланганларни Россияга олиб қайтаётган самолётдалигида Сергей Ганчеров ҳалок бўлгани ҳақида хабар топган.
Reuters мухбири Ганчеровнинг ушбу дўсти билан боғлана олмаган.
Отаси Сергей Ганчеровнинг қабрига ёғочдан хоч ўрнатган ва унга ҳужжатлардаги маълумот эмас, Дейр-аз-Зордаги жанг санаси қўйилган.
Дейр-аз-Зордаги жангга СССР қулаганидан кейин АҚШ ва Россия ўртасида юз берган илк йирик ҳарбий тўқнашув сифатида қаралади. Бу шунингдек, бу Сурияда россиялик ҳарбий мутахассислар иштирокидаги энг йирик жанг бўлганди.
Аммо Reuters аниқлаган 6 ҳолатда ҳам қурбонларнинг жасадлари Россияга президентлик сайловларидан кейин қайтарилган. Суриядаги россиялик амалдорлар томонидан берилган ўлим ҳақидаги гувоҳномаларда эса ўлим санаси сифатида февраль ойи охири ёки март ойи боши кўрсатилган.
Ҳалок бўлган жангчиларнинг яқинларидан эса юз берган ҳодисани ошкор этмаслик сўралган.
Кремль Ганчеров ва бошқа жангчиларнинг ўлимига изоҳ беришни истамаган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса жангчиларнинг ўлими ҳақида хабар беришни кечиктириш президентлик сайловлари билан боғлиқлиги ҳақидаги маълумотларни «нотўғри маълумотлар» деган.
Песков ҳужжатлардаги саналар хатолиги ҳақидаги саволни «Кремлга бериладиган савол эмас», деб атаган. У шунингдек, жангчиларнинг жасадлари қайтарилиши кечиктирилгани ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.
Россия Мудофаа вазирлиги бу борадаги саволларни очиқ қолдирган.
Reuters маълумотига кўра, Сурияда ўз иттифоқчиси Башар Асадни қўллаш учун Россия хусусий ҳарбий мутахассислардан махфий равишда фойдаланиб келади.
Ёлланма жангчилардан тузилган «Вагнер гуруҳи» номли ташкилот эса Россия армиясининг Суриядаги ҳарбий базасидан, ҳарбий транспортлари ҳамда ҳарбий госпиталидан фойдаланади. Россия Сурияга хусусий ҳарбий мутахассисларни юборгани ҳақидаги маълумотларни инкор этади ва у ердаги ҳарбий хизматчи бўлмаган россияликларнинг барчаси кўнгиллилар эканини айтади.
Песков «Вагнер гуруҳи» Сурияда расмий Москванинг топшириқлари бўйича жанг олиб бориши ҳақидаги маълумотни тасдиқламаслигини билдирган.
Кенг кўламли авиазарбалар

Ўтган йилнинг 7 февралида Ироқ билан чегара ҳудудидаги Дейр-аз-Зор провинцияси, Ҳашам шаҳри яқинида нефть захиралари жойлашган ҳудудга «Вагнер гуруҳи» жангчилари Сурия армияси жангчилари, бошқа ҳукуматпараст кучлар, маҳаллий араб қабилалари вакиллари (ИШИД овчилари номли гуруҳ), шиа афғонларининг «Фотимиюн» гуруҳи ҳамда эронлик ҳарбийлар билан биргаликда ҳужум бошлайди. Бу ҳудудни бироз олдинроқ АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия курдлари (Сурия демократик кучлари) ИШИДдан тортиб олганди.
Баъзи манбаларга кўра, бу ҳужум Россия бош штаби билан келишилмаган ҳолда, суриялик нефть магнатларидан бирининг манфаати йўлида уюштирилган. Яна бир вариантга кўра эса, бу ҳужум ташаббускори курдлардан норози бўлган маҳаллий араб қабилалари бўлишган.

Ҳужум қилувчилар таркибида танклар гуруҳи ҳам бўлган, гуруҳлар миномётлар, артиллерия ва ракеталар билан қуролланганди.
500 нафарга яқин жангчи иштирокида бошланган ҳужумни АҚШ бошчилигидаги ҳарбий авиация кутиб олган. Суриядаги ҳаракатларини Россия билан мувофиқликда олиб борган коалиция Россияни ҳужум ҳақида огоҳлантирган, Россия бу ҳудудда ўз ҳарбийлари йўқлигини маълум қилган. Америкалик ҳарбийлар қуруқликдагиларни АС-130 самолётлари, F-15E қирувчилари, B-52H стратегик бомбардимончиси, MQ-9 русумли ҳарбий дронлар ва АН-64 ҳарбий вертолётлари билан 4 соат давомида ўққа тутган. Охирги ракета зарбалари тонгда чекинаётган ҳарбийлар устига берилган.
Дастлабки маълумотларда, артиллерия зарбалари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳужумлари оқибатида Сурия ҳукумати тарафида урушган ҳарбийлардан 100дан ортиқ киши ҳалок бўлгани, Сурия Демократик кучларининг эса атиги бир жангчиси яралангани, америкалик ҳарбийлар орасида йўқотишлар бўлмагани айтилди.
АҚШнинг ўша вақтдаги Мудофаа вазири Жеймс Мэттис эса коалиция америкалик ҳарбийлар ҳам бўлган позицияларга қилинган ҳужумларни қайтаргани, «русларга бундай ҳужум нега керак бўлгани тушунарсизлиги» ҳақида маълумот йўқлиги ҳақида гапирди.
Россияда бу жанг ҳақида илк марта февраль ойи ўрталарида ижтимоий тармоқларда хабар берилди ва дастлабки хабарларда бу жангда 5-10 нафар россиялик ҳалок бўлгани айтилди. «Московский комсомолец» нашри бу жанг натижасида 40дан ортиқ киши ҳалок бўлгани, 72 киши жароҳатлангани ҳақида ёзди, лекин қурбонларнинг қанчаси россияликлар эканига аниқлик киритилмади. Кўп ўтмасдан Bloomberg агентлиги қурбонлар сони юздан ошиши, ўнлаб россиялик ёлланма жангчилар ҳалок бўлгани тўғрисида хабар тарқатди.
Reuters маълумотига кўра эса, бу жангда камида 100 киши ҳалок бўлган ва 200дан ортиқ киши жароҳатланган. Аноним манба маълумотига кўра, 10 февраль куни ҳолатига кўра, русларнинг 4та ҳарбий госпиталида 50дан ортиқ ҳарбий жойлаштирилган. 9-12 февраль кунлари мобайнида Суриядан Москвага камида 3та самолётда жароҳатланган ҳарбийлар олиб келинган.
2018 йилнинг апрелида ўша вақтда АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари бўлган Майк Помпео (у ҳозирда АҚШ Давлат котиби ҳисобланади) февраль ойи бошида Сурияда «бир неча юз россиялик ўлдирилгани» ҳақида гапирди.
«Бир неча ҳафта илгари Сурияда россияликлар муносиб рақибга дуч келишди ва улардан бир неча юз киши ҳалок бўлди», — деганди Помпео ўз номзоди Давлат департаменти раҳбарлиги учун илгари сурилган Сенат йиғилиши вақтида.
Жангда иштирок этган, пана жой топиб омон қолганлардан бирининг айтишича, у икки дўсти жасадини ҳалок бўлганларнинг кўпдан-кўп жасадлари орасида кўрган.
Кейинроқ у бу дўстларининг жасади Россияга жуда кечиктириб етказилганидан хабар топган. Унга маълум бўлишича, ўша кунларда ижтимоий тармоқда Дейр-аз-Зордаги жанг ҳақида хабарлар тарқалгач, журналистлар бир неча кун давомида Ростовдаги аэропортни (бу аэропорт хусусий ҳарбий кампания учун юк ортиш ва юк тушириш пункти ҳисобланади) кузатишган.
«Бирданига шунча жасадни олиб келиш иложсиз эди, уларни Ростовда журналистлар кутиб туришарди», дейди ушбу жангчи.
У ўзининг номини ошкор этмасликни сўраган. Унга Суриядаги топшириқ ҳақидаги маълумотларни тарқатиш тақиқланганини айтган.
Февраль ойида Дейр-аз-Зордаги жангдан кейин агентлик мухбирлари Ростовда бир неча кунни ўтказишган, улар аэропортни ва ҳарбий моргни кузатишган, аммо тобутларни кўришмаган.
Манбанинг сўзларига кўра, унинг сафдошларидан бири Антон Важов ростовлик бўлган, ҳужжатларда унинг ўлими сифатида 21 март куни кўрсатилган.
Аммо хизматдоши Важовнинг жасадини 8 февраль куни, авиазарбалар тўхтаб, жангдан кейин жасадларни йиғиш жараёни вақтида жасадлар учун қопда кўрганини айтади.
«У қопда эди. Унинг бадани ўқ билан тўлганди», деган манба ва юк машинасида Важов билан бирга яна ўнлаб жасадлар ортилган бўлганини қўшимча қилган.
Таъқиб қўрқуви
Киров областида ҳам уч жангчи қабри жойлашган. Уларни таниганларнинг айтишича, уларнинг жасадлари оиласига апрель ойи бошида қайтарилган.
Дейр-аз-Зор жангидан омон қолган жангчилардан бири ўз сафдоши Александр Лусниковнинг жасадини жанг майдонидан олиб чиққанини айтади. Аммо Лусниковнинг ўлими ҳақидаги маълумотномада у 1 март куни ҳалок бўлгани ёзилган.
Лусниковнинг бевасининг акаси Виктор Думин ҳам куёви Дейр-аз-Зордаги жангда ҳалок бўлгани ҳақида бу жангдан омон чиққанлардан биридан эшитган.
«Президентни сайлаш вақти эди, шу туфайли барчаси яширилган», деган у Reuters мухбирига Лусников кўмилган қабристонда.
Яна икки қурбон - Алексей Калабухов ва Константин Данилогорский Кировда яшашган ва ўзаро дўст бўлишган. Уларнинг яқинлари айтишича, иккиси ҳам Дейр-аз-Зордаги жангдан кейин алоқага чиқмай қўйишган. Уларни рафиқалари қидиришган, аммо топа олишмаган.

Уларнинг вафоти ҳақидаги расмий маълумотномада 27 февраль санаси кўрсатилган. Аммо гувоҳларнинг сўзларига кўра, улар кўрсатилганидан 3 ҳафта муқаддам, Дейр-аз-Зордаги жангда ҳалок бўлишганди.
Россиянинг ғарбий қисмидаги шаҳарлардан биридан бўлган яна бир жангчининг акаси февраль ойи ўрталарида «Вагнер гуруҳи»га алоқадор танишидан ўз укаси Дейр-аз-Зордаги жангда ҳалок бўлганини билган. Аммо унинг ўлими ҳақидаги маълумотномада у март ойи ўрталарида ҳалок бўлгани кўрсатилган.
Жангчининг акаси ўзининг ва укасининг номини келтирмасликни сўраган, у ўз оиласи ҳаёти хавф остида қолишидан чўчиган.
Ўлим ҳақидаги маълумотнома
Ўтган йил баҳорида Сурияда ҳалок бўлганларнинг жасадлари юборилиши кечикиши ва ҳужжатлардаги хато маълумотлар одатдаги тартибга хос эмас. Ундан аввалги икки йил давомида қурбонлар тез вақт ичида Россияга қайтарилар, уларнинг маълумотномаларида ҳақиқий рақамлар кўрсатилар эди.
Сурияда ҳалок бўлган россияликлар ўлимини қайд этиш билан Россиянинг Дамашқдаги консулхонаси шуғулланади. Ўлим ҳақидаги ҳар бир маълумотномада тартиб рақами бор, ҳар йили рақамлаш бошидан бошланади.
Россия консулхонаси ўтган йилнинг бошидан 8 апрелга қадар ўлим ҳақидаги 60дан ортиқ гувоҳнома берган. Улардан камида 33таси 22 мартдан 8 апрелгача бўлган муддатда берилган. Президентлик сайловлари эса 18 март куни ўтказилганди.
Консулхонадагилар бу статистика юзасидан изоҳ беришни истамаган. Агентлик барча гувоҳномалар Дейр-аз-Зорда ҳалок бўлган жангчиларга тааллуқлилигини тасдиқлата олмаган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг