20:36 / 09.04.2019
4 957

“Саддам қулади, лекин ўнлаб янги Саддамлар пайдо бўлди”

“Саддам қулади, лекин ўнлаб янги Саддамлар пайдо бўлди”
Ироқда Саддам Ҳусайн тузуми ағдарилганига 16 йил тўлди. “Саддам биологик қуроллар ишлаб чиқаради” деган иддао билан бошланган қонли ишғол ваъда қилинганидек Ироққа демократия эмас, фуқаролар уруши, террор ва талотўпни олиб келди.

АҚШ ва Буюк Британия бошчилигидаги коалиция кучлари 2003 йилнинг 20 мартида Бағдодни бомбардимон қилган ҳолда Ироқни ишғол қилиш даврини бошлаб берган эди. 9 апрель куни Бағдод марказига кирилгунга қадар тинч аҳоли яшайдиган мавзелар, давлатга тегишли кўплаб ҳарбий ва разведка ташкилотлари авиазарбаларга учради.

Ироққа “барқарорлик ва демоктария” олиб келишни ваъда қилган операцияга “Ироқни озод қилиш операцияси” номи берилди. Бироқ бу ҳарбий аралашув туфайли келиб чиққан мазҳаблараро уруш ва терактлар туфайли юз минглаб тинч аҳоли қирилиб кетди, миллиардлаб доллар ҳавога соврилди ва террорчи ташкилот – ИШИДнинг пайдо бўлишига замин ҳозирланди.

АҚШ ҳарбийлари 2003 йилнинг 9 апрелида Бағдоднинг рамзларидан бири бўлган Фирдавс майдонига кириб, Саддам Ҳусайннинг баҳайбат ҳайкалини зирҳли машина ёрдамида, ироқликларнинг кўз ўнгида қулатди. Шу тариқа 35 йиллик давр ниҳоясига етди.

Саддамдан кейин мамлакат бошқарувини қўлга олганлар фуқароларга энг асосий хизматларни тақдим эта олмади, аҳолининг катта қисми ишсиз қолди, кўпчилик мамлакатни тарк этиб, хорижга йўл олди.

Ироқликларнинг аксари Саддамнинг репрессив даври ортда қолган бўлса-да, “келажак ноаниқ ва умид бағишловчи эмас” деган фикрда. Уларда 9 апрель ҳақида аниқ фикр йўқ: бу кун Бағдонинг қулашими ҳисобланадими ёки тузумнинг қулаши?..

67 ёшли Абу Саад Ироқийнинг фикрича, 9 апрель куни БААС ва Саддамдан кейин ўнлаб янги Саддамлар пайдо бўлди.

“Мамлакат бошқарувини қўлга олган сиёсатчилар аниқ-тиниқ муваффақиятсизликка учради, халққа ҳеч нарса бера олмади. Уларнинг кўпида қўш фуқаролик бор, шунинг учун Ироққа содиқ эмас, – дейди у. – Саддамнинг тузуми қулади, аммо ҳеч нарса ўзгармади. Ироқ халқи энг ёмон даврни бошидан ўтказяпти. Ироқда қарийб 4,5 миллион киши ишсиз ва 3,5 миллион бева аёл бор, уларга давлат ёрдам бермайди. Бағдодда 2003 йилдан бери 448 та завод-фабрика бекор ётибди”.

Ироқий мамлакатдаги умидсизлик ва мавҳумлик туфайли халқнинг катта қисми Саддам даврини соғина бошлаганини айтади. “Саддамни қулатишди, лекин у амалга оширган ишларни нега йўқ қилишди?” – дея савол беради у.

Журналист Ҳусайн Ламий ҳам 9 апрелда диктаторлик даври ниҳоясига етди деган фикрда: “Ўша куни Бағдодда эдим, халққа қарши қонли жиноятларни содир этган Саддам даври кўз ўнгимда тарихга айланди. Шу кунни сабрсизлик билан кутган эдик ва ниҳоят Фирдавс майдонида тузумнинг ҳайкали қулади”.

Унинг таъкидлашича, 2003 йилдан кейин халқ кутган озодлик ва фаровонлик келмади, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ижобий ўзгаришлар рўй бермади. Журналист Ламий давлатнинг бошқаруви коррупциялар гуруҳининг қўлига ўтиб қолганини ва алғов-далғов мамлакатда яшашини айтади.

Тадқиқотчи ва сиёсий таҳлилчи Али Суҳайл 2003 йилнинг апрелида бир партиялилик ва оилавий тузумга барҳам берилганини айтади: “Бугун эса бир нечта партиялар ва оилалар ҳукмронлик қиляпти. Ироқни бу тарзда бошқараётганлар мамлакатни қай томонга етаклаётгани аниқ эмас”.

Шунингдек, у Ироқ иқтисодий таназзулга учраганини ва халқ ерости бойликларидан (нефтдан) фойдалана олмаётганини таъкидлайди.
“Ироқда мазҳабчилик ва ҳизбчилик кўпайиб кетди”, – дейди у.
Ҳайдар Караалп, “Анадолу” агентлиги
Туркчадан Убайдуллоҳ Адҳамов таржимаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Саддам қулади, лекин ўнлаб янги Саддамлар пайдо бўлди”