19:47 / 14.07.2019
2 875

VISA ва MasterCard Россия бозорини тарк этиши мумкин. Бу нимани англатади?

VISA ва MasterCard Россия бозорини тарк этиши мумкин. Бу нимани англатади?
Россия парламенти халқаро тўлов тизимларидан воз кечишни кўриб чиқмоқда. Ташаббускор депутатлар таклиф қабул қилинса, Россия ташқи молиявий амалиётдан изоляция қилинишини таъкидламоқда. Шундан кейин, валюта хариди бўйича чеклов қўйилади, холос. Бу ҳолат сизга танишми?

«Ўзимиз яратамиз»

«Миллий, ўзига хос ва мос йўлни танлаган давлатлар» жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий интеграция қилишда қийналади. Россия 2014 йилдан буён ўзининг миллий тўлов тизими устида иш олиб боради. Ғарб санкциялари кучайиб кетиши оқибатида миллий тизимни ишга тушириш алоҳида заруриятга айланди.

Айни санкциялар қўлланган бир паллада — 2014 йилнинг баҳорида рус депутатлари «Миллий тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф этишганди. Унга кўра, VISA ва MasterCard тизимлари икки кунлик айланма жамғармасига тенг суммани Россия Марказий банкида очилган махсус ҳисобда сақлаши лозим эди. VISA шартни қабул қилмай, шунчаки Россия бозорини тарк этишга тайёр эканлигини билдирган, иккинчи тизим эса музокаралар столига ўтирди.

Қонунчиликни ўзгартириш бандлари бироз юмшади: махсус ҳисобга қўйилиши лозим бўлган сумма миқдори аниқ белгиланмади ва халқаро тўлов тизимлари Россияда шўъба корхоналар орқали ишини давом эттиришга рухсат олди. Ўтган йиллар оралиғида ишга туширилган «Мир» рус миллий тўлов тизими оммалашмади. Санкциялар фонида аҳоли ўз маблағларини ишончли халқаро тўлов тизимида сақланишини маъқул кўрди.

Шунингдек, «Мир» карталарини қабул қилувчи шохобчалар, банкомат ва терминаллар сони маъмурий буйруқбозлик билан оширилганига қарамай, бу карталар Россиядан ташқарида, амалда, ишламасди.

РФ МБ вакиллари эса бўш келмади: 2018 йил 1 июлдан бошлаб, бюджетдан маош оладиган барча ходимларнинг иш ҳақи «Мир» карталарига ўтказилди. 2019 йил 1 январ ҳолатига кўра, пластик карта эгалари «Мир» картасига кўпроқ мурожаат эта бошлади. Миллий тўлов тизимига уланган карталар 12,5 фоиздан 24,5 фоизга ошган бўлса, VISA 45 фоиздан 39,5 фоизга, MasterCard эса 42дан 36 фоизга тушди.

Собиқ Советдан мерос қолган тамойил — «ихтиёрий-мажбурийлик» асосида кўрилган тадбирлар самара берганига хурсанд бўлиш ўринсиз бўлади. Мажбурийлик асосида кўрилган тадбирлар тизимни яхшиламайди, у рақобатни йўққа чиқаради. Совет машинасозлиги ва электротехника ишлаб чиқариши тажрибаси бунга мисол бўла олади.

Ташқи таъсирдан ҳимояланиш
Бозор қоидаларга хос бўлмаган ҳолда янгиликни жорий этиш, аслида, кутилаётган муаммолар олдида ҳеч нарса эмас. Масалан, маҳаллий бозордан хорижий компанияларни сиқиб чиқариш, қонуний тақиқларни жорий этиш масаласи оғриқли асоратларни қолдириши тайин. Янги таҳрирдаги «Миллий тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунда таъкидланган талабларни хорижий тўлов тизимлари бажара олмаслиги аниқ, кўриниб турган ҳақиқат. Шу билан улар рус бозорини тарк этади. «Мир» карталари эса хорижда қабул қилинмайди, халқаро тўлов тизимлари Россияда ишламай қолади.

Аслида «Мир»нинг тайёргарлиги ортида иқтисодий манфаат кўзланмаётганини тушуниш мумкин. Россия ҳам Эрон каби кучли санкцияларга дош беришга интилмоқда. АҚШ-Эрон масаласида Хитой банклари ҳам Ғарб томонда туриб, байроқ хилпиратганини инобатга олиб, хулоса қилинса, миллий тўлов тизимини мустаҳкамлаш Россия учун, аввало, Путин ҳокимияти учун ҳақиқий зарурият.

Тизимлар тўқнашуви яна бир ҳолатга етаклаши, янги масалани кун тартибига олиб чиқиши мумкин: нақд хорижий валютани харид қилиш, сотиш ва сақлашни назорат қилиш керакми? Негаки, чет элга чиқмоқчи бўлган ҳар қандай шахс халқаро тан олинган валюта кўринишида захира жамғаради. Агар халқаро тўлов тизимлари ишламаса, фискал сиёсат сояда қолиб, муносабатлар нақд кўринишида давом этиши керак.

Буларнинг барча содир бўлмаслиги, яна 2014 йили халқаро тўлов тизимлари эплагандек, музокаралар ташкил этилиши мумкин. Шунда вазият тубдан ўзгаради.

«Мир» ва Ўзбекистон

Ҳозирча «Мир» ва Ўзбекистондаги Uzcard тизимлари ўртасида тўсиқсиз трансчегаравий тўловлар бўйича келишув имзоланган. Бу билан икки тўлов тизимлари фойдаланувчилари транзакциялар ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Шунингдек, Россия ва Ўзбекистон тўлов тизимларини интеграция қилиш даври мобайнида икки тўлов тизимига хизмат кўрсатувчи «Uzcard-Мир» кобейджинг карталарини муомалага чиқариш режалаштирилмоқда.

2019 йил Ўзбекистонда ишга туширилган иккинчи миллий тўлов тизими — HUMO'нинг қисқа муддатда 100 минг фойдаланувчиси пайдо бўлди. Тизимнинг устунлиги контактсиз технологиядан фойдалангани бўлиб қолмоқда.

Шунга қарамай, Ўзбекистонда VISA ё MasterCard каби халқаро тўлов тизимлари иш бошлаши ҳақида Марказий банк расмий маълумот тарқатмаган. Фақат «Ипак Йўли» АИТБ MasterCard International’га принципиал аъзо бўлиш жараёнини бошлаб юборгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Яъни банклар халқаро тўлов тизимлари билан интеграцияни бошлашдан манфаатдор бўлмоқда.

Алишер Рўзиохунов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » VISA ва MasterCard Россия бозорини тарк этиши мумкин. Бу нимани англатади?