date

АҚШда бегуноҳ эркак 43 йил қамоқда ўтирди

АҚШда бегуноҳ эркак 43 йил қамоқда ўтирди

Америка Қўшма Штатларида одам ўлдириш жиноятида ноҳақ айбланган ва умрининг 43 йилини темир панжаралар ортида ўтказган эркак — Субраманям Ведам ниҳоят озодликка чиқди. Бироқ энди уни яна бир синов кутмоқда — ҳиндистонлик эркак депортация қилиниши мумкин. Бу ҳақда BBC маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Ведам октябрь ойида янги далиллар асосида собиқ хонадошининг ўлими бўйича оқланган. Аммо эркинликка чиқишидан аввалоқ, у АҚШнинг Иммиграция ва божхона назорати (ICE) ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Энди у юз йиллар давомида яшаб келган Америкадан ўз она юрти Ҳиндистонга қайтарилиши эҳтимоли бор.

Воқеалар ривожига назар ташласак, 1980 йилда 19 ёшли коллеж талабаси Том Кинсер бедарак йўқолган. Тўққиз ойдан сўнг унинг бош суяги ўқ жароҳати билан ўрмонда топилган ва шундан кейин Ведам айбдор сифатида қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, ўша куни Ведам Кинсердан унинг машинасида сайр қилишни сўраган, аммо кейин автомобил одатдаги жойига қайтарилган — уни ким олиб келгани номаълум бўлган.

Шу асосда Ведам ҳибсга олиниб, гаровга қўйилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни “қочиб кетиши мумкин бўлган хорижлик” сифатида эълон қилган. 1982 йилда суд уни айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этган. Кейинроқ у гиёҳванд моддаларга оид айблов билан яна 2,5–5 йиллик жазога ҳукм қилинган.

Шундан бери Ведам ҳар доим ўзининг бегуноҳлигини таъкидлаб келган. Унинг оиласи жиноятга боғлиқ ҳеч қандай қатъий далил йўқлигини маълум қилган. Янги технологиялар ёрдамида ўтказилган экспертизалар ва ДНК таҳлиллари кейинчалик Ведамни оқлашга асос бўлди.

Бироқ энди, озодликка чиққанидан сўнг ҳам, унинг тақдири яна хатар остида. Сабаби — у 1988 йилдаги суд ҳукми туфайли депортация рўйхатига киритилган ва ҳозирда ICE уни Ҳиндистонга қайта юбориш масаласини кўриб чиқмоқда.

Ведам тўққиз ойлигида ота-онаси билан АҚШга кўчиб келган, шу ерда ўсиб-улғайган ва қонуний доимий резидент сифатида яшаб келган. Ҳатто озодликка чиқишидан олдин у АҚШ фуқаролигини олиш учун ариза ҳам топширган. Унинг ота-онаси ва қариндошлари ҳам АҚШ ҳамда Канадада яшайди.

Ведамнинг адвокати Ава Бенач бу ҳолатни қаттиқ қоралаб, шундай деди:

“Уни бошқа мамлакатга жўнатиш — бутун ҳаёти давомида адолатсизликка дучор бўлган инсонга нисбатан яна бир оғриқли хатони такрорлашдир”.

Бу воқеа Америка суд тизимидаги энг узоқ вақт ноҳақ қамалиш ҳолатларидан бири сифатида тарихга кириши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда бегуноҳ эркак 43 йил қамоқда ўтирди