12:23 / 29.09.2019
2 816

Экология сиёсатини ўзгартирган қиз

Экология сиёсатини ўзгартирган қиз
Фото: Google Photos
The Bloomberg ахборот нашри 16 ёшли Грета Тунбергнинг БМТда чиқиши ортидан катта сиёсат саҳнасида ёш экология ҳимоячиси нутқи қандай акс садо бергани ҳақида мақола чоп этди.

Сент-Люси раҳбари «Грета бизни асосли равишда танқид қилди, биз шунга арзиймиз», деб фикр билдирди. Трамп кутилмаганда саммитда пайдо бўлди, Рим папаси эса саммит иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Душанба куни дунё раҳбарлари ва йирик компаниялар эгалари БМТ саммитида тўпланиб, ишончни оқламаша олмаётганини эътироф этди.

16 ёшли швециялик Грета Тунберг «Сизлар қуруқ ваъдаларингиз билан менинг болалигим ва орзуларимни ўғирладингиз. Қандай журъат қиляпсиз?!», деб нутқ сўзлади.
Ҳеч ким унга қарши чиқа олмади. Аксинча, кўпчилик унинг нутқини олқишлади.

Душанба куни БМТ Бош ассамблеясининг икки ҳафталик саммити билан ёнма-ён равишда БМТ иқлимий ҳаракати саммитида бош котиб Антонио Гуттериш дунё раҳбарларини парник газлари чиқарилишини чеклашга ва сайёрамиздаги иссиқлик даражаси кўтарилишининг олдини олишга жиддийроқ ёндашиб, мажбуриятлар олишга чақирди. Саммитда вақти-вақти билан Германия канцлери Ангела Меркель, Франция президенти Эммануэль Макрон, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модиларнинг айбдорлик оҳангидаги иродлари янгради. Кутилмаганда бу ерга Трамп ҳам келди, аммо сўзга чиқмади.

Давлатлар ва компаниялар дунё иқлими исишига қарши миллиардлаб доллар сарфлашга тайёр эканини билдирди, аммо ҳеч ким амалга ошираётган ишидан ташқари мажбурият олишни истамади.
Дунё иқлими исишига энг катта таъсир ўтказаётган АҚШ ва Хитой раҳбарларининг бу саммитда чиқиш қилмагани яққол кўзга ташланди.

Собиқ давлат котиби Жон Керри «Бирор-бир мамлакат ўз ишини қилмаяпти. Фарзандларимиз кўчага чиқиб, бизга танбеҳ беришга уринаётгани бежиз эмас» деди.
Душанбадаги иқлим саммити асосий жиҳатлари.

Оптимизм ҳисси
Саммит арафасида Антонио Гуттериш давлат бошлиқларида муаммони кечиктириб бўлмаслик ҳиссини уйғотишга уринди. Давлат бошлиқларини аср охирига бориб сайёра 3 даража ҳароратга исиши борасида огоҳлантирди. Қайғули маълумотларга қарамай, давлат раҳбарлари ҳали кеч эмаслигини, муамонинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлади.

Трампнинг кутилмаган ташрифи
Кутилмаганда Дональд Трамп Майкл Пенс ва Майк Помпео ҳамда маъмурият бошлиғи вазифасини бажараётган М. Малвайни билан саммитга ташриф буюрди. У Гретанинг чиқишини тинглади.

Иқлим ўзгариши борасида ўз ҳиссасини қўшаётганини кўрсатиш мақсадида якшанба куни иқлим тўғрисидаги тадбирни бойкот қилмоқчи эмаслигини билдириб, Хьюстондаги тошқин борасидаги брифингда ўзининг иқлим борасидаги муаммолардан хавотирда эканини билдиришга ҳаракат қилди. Трамп унда кибр йўқлиги, жуда бандлигини, тошқинлар ва иқлимий ўзгаришлардан хавотирда эканини таъкидлади.

Трампга ҳужумлар
Аммо бу Трамп танқидчиларини тўхтата олмади. Трампни бундан олдин ҳам 2017 йилда Париж битимидан чиққани учун танқид қилишган.
Калифорния губернатори Гевин Ньюсом «иқлим масаласида президентимизнинг менсимаслик муносабати бизга келажакда қандай таъсир қилишини билмайман. Менинг қанотларим синди», деганди.

Хитой ташқи ишлари вазири Ван И «дунё АҚШсиз ҳам иқлим ўзгаришига қарши курашиши мумкин»лигини айтди.
Вашингтон губернатори Жей Инсли «ҳеч бир мамлакат иқлим ўзгаришларини рад этаётган Трамп ортидан қоядан сакрамайди», деб таъкидлади.

Россиянинг совғаси
3,5 йилга орқага қадам ташлашдан кейин Россия президенти Париж битимини тасдиқлашга қарор қилди. Бу қарор кўпроқ иқлимий ўзгаришларга қўшилишдан кўра геосиёсий дипломатия ва иқтисодий манфаатдорликдай кўринди. Франция раҳбари бу қарорни «кутилмаган совға» деб атади.

Янги норозиликлар
БМТ саммити иштирокчилари иқлимий ўзгаришларни муҳокама қилаётган бир пайтда Вашингтон кўчаларида иқлимий сиёсат тарафдорларининг намойишлари давом этди. Экотадбир фаоллари «Ҳаёт учун қўзғал!», «Ҳақиқатни сўзла!» шиорлари билан кўча ҳаракатини тўсиб қўйди.

Германия ва Британия ҳаракатни кучайтиради
Германия иқлимий ўзгаришларга қарши курашда ривожланаётган мамлакатларга 4,4 миллиард доллар ажратишга ваъда берди. Бу аввалги ваъда қилинган маблағдан икки баробар кўпдир. Меркель бу муаммони биргаликда ҳали қилиш кераклигини ва мауммони саноати ривожланган мамлакатлар келтириб чиқарганини алоҳида қайд этди.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон иқлимий ўзгаришларга қарши курашиш учун ривожланаётган мамлакатларга молиявий ёрдам дастурини беш йил мобайнида 14,4 миллиард долларга етказишга ваъда берди. Олдинги мажбурият 7,2 миллиард долларга тенг эди.

Корпорациялар мажбурияти
Корпорациялар қайта тикланадиган энергия воситаларини сотиб олиш ва углерод чиқаришни камайтиришга кўплаб ваъдалар берди. Amazon компанияси 2040 йилгача маҳсулотларни етказиш учун 100 минг электромобилга буюртма беришни ваъда қилди.

Google компанияси қайта тикланадиган энергия воситаларини катта ҳажмда сотиб олишини таъкидлади.
Электр жиҳозлар ишлаб чиқарувчи энг йирик Schneider Electrics компанияси 2025 йилгача углероддан фойдаланишни 0 фоизгача туширишни баён қилди.

13 та энг йирик нефть-газ соҳасида фаолият юритадиган компаниялар иссиқлик газини ушлаб қолувчи технологиялар учун энг йирик сармоя киритишларини маълум қилди.

БМТ бош котиби 77 давлат шундай улкан ваъдалар билан ташаббус кўрсатгани иқлимий ўзгаришларга қарши курашда тараққиёт эканлигини айтди. У барчани яшил иқтисодиётга ўтишга даъват этди.
Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Экология сиёсатини ўзгартирган қиз