
Дамашқ марказида жойлашган Сурия Миллий музейида ўғирлик содир бўлди, деб хабар берди Сингапурнинг Lianhe Zaobao нашри.
10 ноябрь куни кечқурун номаълум шахслар музей биносига кириб, қадимий Рим даврига оид ҳайкаллар ва қимматбаҳо ёдгорликларни ўғирлаб кетган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
Музей маълумотларига кўра, ўғрилар жиноят вақтида бир нечта шиша токчаларни синдирган. Дамашқ ички хавфсизлик бошқармаси вакиллари эса жиноятчиларни қўлга олиш ва ўғирланган буюмларни қайтариш учун барча чоралар кўрилаётганини маълум қилган.
Нашр ёзишича, музейдан жами олтита қадимий ҳайкал ўғирланган.
1936 йилда ташкил этилган Сурия Миллий музейи араб дунёсидаги энг йирик маданий марказлардан бири ҳисобланади. Фуқаролар уруши даврида 2012 йилда ёпилган музей 2018 йилда қисман, 2025 йил январида эса тўлиқ фаолиятини тиклаган эди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.