21:30 / 18.01.2020
2 545

Сулаймонийнинг ўринбосари – Исмоил Қоний ҳақида нима маълум?

Сулаймонийнинг ўринбосари – Исмоил Қоний ҳақида нима маълум?
Фото: AFP
Қосим Сулаймонийнинг ўлимидан сўнг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг хориждаги операцияларига жавобгар «ал-Қудс» гуруҳига раҳбар этиб Исмоил Қоний тайинланди, деб ёзади The National нашрига таяниб Дарё.

Исмоил Қоний аслида ким?
Исмоил Қонийнинг аслида қандай шахс эканини тушуниш учун у 20 йил мобайнида Афғонистон ва Покистонда олиб борган сиёсатга тўхталиш лозим. Эҳтимол, Қоний шахсияти мамлакат ғарбидаги қўшниларга унча таниш эмасдир, аммо у шарқдаги қўшнилар – Кобул, Душанбе, Тошкент ва ҳаттоки Ҳиндистонда ҳам «Толибон» ҳаракатига қарши курашчи сифатида 1990 йиллардан бери яхши маълум.

Жаноб Қоний журналистларни хушламайдиган, издоши Сулаймонийдан тажовузкорлик борасида қолишмайдиган генераллардан биридир. 2001 йил 11 сентябрь воқеларидан сўнг унинг қўмондонлиги остидаги кучлар АҚШ ҳарбий кучларига Афғонистонда хавфсизликни таъминлашга ёрдам берди. Шу билан бирга, АҚШнинг Саудия Арабистони, Миср, Покистон ва совуқ уруш альянси мамлакатлари билан муносабатларида қатнашди.

Ядро қуролига эга Покистон билан ўзаро низоларни урушгача олиб бормасдан ҳал қила олган сиёсатчи сифатида Исмоил Қоний эътиборга моликдир. Маълумотларга кўра, Қоний ўн йилдан ортиқ вақт мобайнида Белужистон ва Карачидаги вазиятни назорат қилган ҳамда айғочилар тармоғини яратган. У, шунингдек, Хитой ва Покистон ўртасидаги келишувга мувофиқ Ғарбий Хитойни Арабистон денгизига боғловчи Гвадар порти бўйича келишувни қўпоришга эришган шахс сифатида ҳам маълумдир.

Қоний, шунингдек, покистонлик шиа гуруҳлари кўнгилли тарзда тузган, Сурияда шафқатсизлиги билан танилган «Зайнабиун» гуруҳининг асосчисидир. Бу гуруҳни Покистон ҳукумати йўқ қилган. Исмоил Қоний ташкил этган гуруҳ Эроннинг шиа жамоаси манфаатлари доирасида Покистондаги кам сонли шиа жамоатини ўз сафига қўшиш учун тарғибот юритган.

Исмоил Афғонистонда шиалардан иборат «Лива ал-Фатманион» гуруҳини ташкил қилиб, улар Суриядаги жангларда иштирок этишини таъминлаган.

Покистондаги муаммолардан ташқари, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ва «ал-Қудс» Покистон фуқароларини ўғирлаб, уларнинг паспортларидан террорчилик ва айғоқчиликда фойдаланган. 2017 йилда Саид Мустафо Ҳайдар Нақвий Исроил учун айғоқчилик қилганликда айбланиб Берлинда ҳибс этилганди. Германия хавфсизлик кучлари у «ал-Қудс» аъзоси эканини, гуруҳ сафига 2012 йилда Германияга ўқишга келган пайтида аъзо бўлганини исботлаб берганди.

Қонийнинг яна бир тажовузкор ҳаракати Кувайт амири шайх Жобир ал-Аҳмад ас-Сабоҳнинг жонига уюштирилган суиқасдда (1985) намоён бўлади. Қўлга тушган икки эронлик тинтув қилинганда улардан Покистон ватандошлиги паспорти олиб қўйилганди. Суиқасдни Қосим Сулаймонийга уюштирилган ҳужумда ҳалок бўлган ироқлик шиа лашкарбошиси Абу Маҳсий ал-Муҳандис уюштирган эди.

Исмоил Қоний Афғонистонда фаолият юритар экан, унинг асосий вазифаси Афғонистон ёки Покистондан Эрон ҳудудига қаратилган уруш ҳаракатларининг олдини олиш ва Афғонистоннинг Покистонга иқтисодий қарамлигига барҳам бериш эди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси назарида Эронга чегарадош Афғонистон, Покистон ҳудудлари, АҚШ Эронга ҳужум қилгудек бўлса, энг заиф нуқтадир. Чунки минтақада сиёсий тартибсизлик авж олган, турли жиноий гуруҳлар фаолият олиб борар, АҚШ эса уларни бартараф этиши мумкин эди. Бундан ташқари, минтақада кўпчилик сунний бўлиб, Эрон олий раҳбарининг ҳукми уларга ўтмас эди. Шунинг учун Эрон Исломобод ва Кобул берган «минтақа тинч» деган хабарларга ишонмасди.

Исмоил Қонийни Эрон ичида Афғонистондаги урушни чўзганликда, урушга АҚШ ва унинг иттифоқчилари – Покистон, Саудия Арабистони ва бошқа араб давлатларини жалб қилганликда ҳам айблашади. Толиблар 1996 йилда Кобулни забт этганида Исмоил Қоний аскарлари афғон ҳукумати ташкил этилишига қарши альянс ҳам тузган эди.

Сулаймоний араб дунёсида уруш билан банд бўлган бир вазиятда ўлдирилиши сиёсий таҳлилчиларни ўйлантириб қўйди. «Ал-Қудс» қўмондонлиги Исмоил Қоний қўлига ўтар экан, балки у Эрон кучлари диққатини мамлакат шарқига қаратар... Аммо Эрон на Ғарб бўлсин, на Шарқ, амалдаги сиёсатини ўзгартирмаслиги аниқ.

Жаҳонгир Эргашев

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сулаймонийнинг ўринбосари – Исмоил Қоний ҳақида нима маълум?