Коронавирусларнинг манбаи кўпинча кўршапалаклар бўлган. Нега?

  • 14 февраль 2020, 11:15
  • 1 733
  • Дунё
  • Коронавирусларнинг манбаи кўпинча кўршапалаклар бўлган. Нега?
    Фото: Getty Images
    Хитойда янги коронавирус пандемияси давом этмоқда. Интернетда вирус тарқалишига кўршапалаклар сабаб бўлгани борасида гап тарқалган эди. Қуйида ушбу масалада тадқиқот ўтказган олимларнинг хулосаларини келтирамиз.

    Эбола, SARS, қутуриш ва MERS вируслари. Ва катта эҳтимол билан шу кунларда Хитойни ларзага солаётган янги коронавирус Cорвид-19 ҳам. Бу касаллик вирусларини одамга кўршапалаклардан ўтиши аниқланган. Нега?

    Тадқиқотлар шунга ишора қилмоқдаки, қўлқанотлилар туркумига мансуб кўршапалакларнинг организми бундай вируслар учун идеал инкубатор бўлиб хизмат қилар экан. Чунки бу жонзотларнинг иммун тизими жуда барқарор ва мустаҳкамки, унга тушган вирус бу муҳитда яшаб қолиш учун ўзи курашишига тўғри келади ва натижада вирус штаммлари «чиниқиб», янада кучлироқ бўлади ва мослашувчан тарзда ривожланади.

    Натижада кўршапалакдан бошқа организмларнинг иммун тизими учун бу вируслар хатарли бўлиб етилади. Сабаби, бошқа ҳайвонлар ҳамда одамнинг иммун тизими кўршапалакникичалик чидамли эмас. Кўршапалак танасида ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсата олмайдиган тожвирус бошқа исталган организмга тушса, унинг ҳужайраларига ҳалокатли таъсир қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда патоген ўзгаришлар кучаяверади.

    Бу жараён айнан қандай рўй беришини ўрганиш мақсадида Берклидаги Калифорния университети эпидемеколог олимлари кўршапалаклар ҳужайраларидаги вирусларнинг инфексион хоссаларини тадқиқ қилди. Улар Миср мева кўршапалаги (Rousettus aegyptiacus) ва Австралия қора учар тулкиси (Pteropus alecto) ҳужайраларидан олинган инфекцион вирус намуналари билан тажриба қилиб кўрди. Тажриба учун яшил мартишка маймунидан олинган ҳужайра намуналарининг кўршапалаклардан олинган вирусларга реакцияси кузатилди. Тадқиқот ҳақидаги мақола eLife платформасида эълон қилинди.

    Аниқланишича, кўршапалакнинг иммун тизимини бу қадар кучли қиладиган энг муҳим молекуляр механизмлардан бири уларнинг танасида сигнал молекулалари, яъни интерферонлар фавқулодда тез ишлаб чиқарилиши билан боғлиқ экан. Ўз навбатида, интерферонлар вирусга қарши жуда тезкор, деярли шу заҳоти реакция кўрсатади. Бунда кўршапалакнинг вирус билан зарарланган ҳужайраси вирусга қарши интерферон ишлаб чиқариши заҳоти унга қўшни бўлган бошқа ҳужайралар ҳам дарҳол ҳимоя режимига ўтади. Бундай механизм эса кўршапалакларнинг ўзида бор холос, тажриба учун олинган яшил мартишка маймунларида эса у йўқ.

    Парадокс шундаки, аввал бошда ўша интерферон вирусларга халақит қилиб, уларни кўршапалак ҳужайраларини ўлдиришига йўл қўймаса ҳам, лекин охир-оқибат унинг ўзи вирусларга ёрдам кўрсатган бўлиб чиқади. Жараённинг компьютер модели шуни кўрсатдики, сигнал тизими вируснинг ишига тўғаноқ бўлиб, ҳужайраларни ўлимдан қутқариб қолгани билан, у инфекциянинг ўзини бартараф қилмайди.

    Яъни вирус барибир ҳужайра ичида яшаб қолади ва шароитга мослашишга киришади. Вақт ўтиши билан у бу шароитга бутунлай мослашади. Натижада кўршапалак ҳам, вирус ҳам бир танада бир-бирига халақит бермай яшаб юраверади. Ва вирус худдики пайт пойлайди. У кўршапалакдан бошқа жониворга ўтиши билан иммун системаси кўршапалакчалик бўлмаган янги организмни тез орада зарарлай олади.

    Одам танасида ҳам интерферонлар албатта мавжуд. Бироқ одам интерферони кўршапалакникичалик кучли эмас. Энг ёмони шундаки, одам танасига бу каби тожвирус тушганда аввалига ҳеч қандай аниқ белгилар кўзга ташланмайди. Фақат узоқ муддатли, яширин инфекция авж ола бошлайди.

    Коронавирусларни кўршапалакдан одамга тўғридан-тўғри ўтиши қийин масала. Бу жараёнда одатда бошқа бир ҳайвон (одатда хонаки ҳайвон) воситачи бўлиб хизмат қилади. Масалан, одамда аниқланган турли коронавирусларда туя, чўчқа ва от воситачи бўлган. Ухань коронавируси, яъни Covid-19 да эса воситачи панголинлар бўлган бўлиши тахмин қилинмоқда.

    Кўршапалакларнинг интерферонларидаги ўзига хослик айнан нимада эканини аниқлаш учун қўшимча илмий тадқиқотлар ўтказилиши керак бўлади.

    » » Коронавирусларнинг манбаи кўпинча кўршапалаклар бўлган. Нега?