date

Хитой олимлари олти кунда ўз-ўзини йўқ қиладиган “тирик пластик” ишлаб чиқишди

Хитой олимлари олти кунда ўз-ўзини йўқ қиладиган “тирик пластик” ишлаб чиқишди

Хитойлик олимлар илм-фан оламида яна бир ноодатий ихтиро билан жамоатчилик диққатини тортди. Улар буйруқ берилганда ўз-ўзидан парчаланадиган “тирик пластик”ни ишлаб чиқди. Энг муҳими, мазкур инновацион материал микропластик ҳосил қилмайди ва атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантирмайди. Бу ҳақда The Independent нашри хабар тарқатди.

Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган кўплаб пластик маҳсулотлар бир марта фойдаланиш учун мўлжалланган. Аммо бундай материаллар табиат бағрида юзлаб йиллар давомида сақланиб қолиши билан экологик муаммоларни янада кучайтирмоқда.

Тадқиқот муаллифи Жуожун Дайнинг таъкидлашича, анъанавий пластиклар асрлар давомида йўқолмайди. Шу сабабли олимлар парчаланиш хусусиятини материалнинг ўзига сингдириш ғояси устида иш олиб борган.

Янги авлод “тирик пластик”и таркибида махсус микроблар мавжуд бўлиб, улар пластикни емирувчи ферментларни ишлаб чиқаради. Олимлар тажриба жараёнида оддий Bacillus subtilis бактериясининг икки хил туридан фойдаланган.

Маълум бўлишича, ушбу бактериялар пластикни атиги олти кун ичида тўлиқ парчалаб юборади. Энг қизиғи, жараён якунланганидан кейин зарарли микропластик қолдиқлари ҳам қолмайди. Бактериялар пластик ичига спора кўринишида жойлаштирилади ва зарур пайтда “уйғотилади”.

Тадқиқотчилар бактерия спораларини поликапролактон — 3D босма технологияларида кенг ишлатиладиган материал таркибига қўшган. Пластикни парчалаш учун эса уни махсус озуқавий эритмага жойлаштириб, ҳароратни 50 даражагача ошириш етарли бўлади. Шунда спора шаклидаги бактериялар фаоллашиб, материални майда қисмларга ажрата бошлайди.

Олимларнинг фикрича, икки хил бактериянинг биргаликдаги фаолияти битта бактерия турига нисбатан анча самарали ҳисобланади. Чунки улардан бири пластик занжирларни ўртасидан кесса, иккинчиси чет қисмларини “кемириш” орқали жараённи тезлаштиради.

Айни пайтда мутахассислар бактерияларни сув муҳитида ҳам фаоллаштириш устида иш олиб бормоқда. Негаки, пластик чиқиндиларнинг асосий қисми айнан денгиз ва сув ҳавзаларига тушмоқда. Шу билан бирга, мазкур технологияни келажакда бошқа турдаги пластик маҳсулотларга ҳам татбиқ этиш режалаштирилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Хитой олимлари олти кунда ўз-ўзини йўқ қиладиган “тирик пластик” ишлаб чиқишди