Россияда мигрантлар ўртасида оммавий муштлашув: ўнлаб жароҳатланганлар бор

Россияда хорижлик меҳнат муҳожирлари ўртасида навбатдаги жиддий можаро юз берди. 12 май куни Ленинград вилоятининг Киров туманида жойлашган Приладожский посёлкасидаги йирик парранда фабрикасида Ўзбекистон ва Бангладеш фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди.
Маҳаллий нашрлар, жумладан “47news” хабарига кўра, можаро “Синявинская” парранда фабрикасида келиб чиққан. Дастлаб оғзаки тортишув сифатида бошланган келишмовчилик қисқа вақт ичида кескинлашиб, катта тўқнашувга айланиб кетган. Натижада қарийб 60 нафарга яқин ишчи муштлашувда иштирок этган.
Воқеа оқибатида камида 20 кишига тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг етти нафари оғир тан жароҳатлари олгани сабаб шифохонага ётқизилган. Шифокорлар айрим жабрланганларнинг аҳволи жиддий эканини билдирган.
Россия Ички ишлар вазирлигининг Петербург ва Ленинград вилояти бўйича бош бошқармаси вакиллари “Фонтанка” нашрига маълум қилишича, ҳодисадан сўнг энг фаол иштирокчилардан 12 нафари қўлга олиниб, полиция бўлимига олиб кетилган. Расмий маълумотларда улар 21 ёшдан 39 ёшгача бўлган Марказий Осиё давлатларидан бирининг фуқаролари сифатида қайд этилган.
Дастлабки текширувларга кўра, жанжал оддий оғзаки келишмовчилик сабаб юзага келган. Бироқ айнан қандай сабаб тортишувни кескинлаштиргани ҳозирча очиқланмаган.
Журналистлар корхона раҳбарияти билан боғланишга ҳаракат қилган. “Фонтанка” мухбирлари фабрикани бошқараётган ижрочи директор билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган, бироқ у можаро тафсилотлари, иштирокчилар сони ва жабрланганлар ҳақида аниқ маълумот беришдан бош тортиб, суҳбатни якунлаган.
Орадан кўп ўтмай, парранда фабрикаси директори қисқа изоҳ бериб, воқеа юзасидан текширув ишлари олиб борилаётганини билдирган.
“Ҳозирча бу масала бўйича изоҳ берилмайди, ҳолат ўрганилмоқда”, — дея қайд этган у.
Айни дамда ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисанинг барча тафсилотларини аниқлаш устида ишламоқда. Полиция томонидан жиноят иши қўзғатиш масаласи ҳам кўриб чиқилаётгани маълум қилинди.
Мазкур ҳодиса Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар ўртасидаги ижтимоий муҳит, иш шароитлари ва ўзаро муносабатлар билан боғлиқ муаммолар яна бир бор долзарб эканини кўрсатмоқда. Мутасаддилар бундай низоларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чоралар кўриши зарурлиги таъкидланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!