date
views 4 578

«10 йилда бирор марта солиқ текширувини кўрмадим» – Украинадаги ўзбек тадбиркор

«10 йилда бирор марта солиқ текширувини кўрмадим» – Украинадаги ўзбек тадбиркор
Ўзбекистонлик Бахтиёр Ғанижонов 10 йилдан бери Украинада тадбиркорлик билан шуғулланади. Бу мамлакатга 1 ойга дам олиш учун борган ҳамюртимиз бизнес муҳитнинг қулайлигини кўриб, шу ерда қолишга қарор қилган. Бахтиёр Ғанижонов билан Украинага сафаримиз давомида суҳбатлашдик.

10 йилдан буён Львов вилоятида тадбиркорлик қилиб келаётган 43 ёшли шаҳрихонлик ҳамюртимиз Украинадаги бизнес муҳит, тадбиркорларга яратилган шароитлар, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ва у билан боғлиқ масалалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Айни пайтда «поддон» (ёғоч таглик) чиқарадиган кичик цехимиз бор. Ҳамкорларимиз билан уни Европага экспорт қиламиз. Бундан ташқари, Ўзбекистондан мева-сабзовотлар ва тикувчилик маҳсулотларини Украинага импорт қиламиз», – дейди Бахтиёр Ғанижонов.

Украинадаги бизнес муҳити ҳақида
– 2010 йилда Украинанинг Львов вилоятига дам олиш учун келганман. Аммо муҳитнинг қулайлигини кўриб, якка тадбиркор сифатида иш бошлаганман. Ўзбекистондан тикувчилик маҳсулотларини импорт қилганмиз.

Ўша пайтда тадбиркорнинг бир ойлик тўланадиган солиғи 25 АҚШ доллари бўлган. Ҳозир мана 65-66 долларга кўтарилди. Шуни тўлагандан кейин тадбиркор 60 минг долларлик «оборот» қилишга ҳақли бўлади.

Йилда фақат бир марта солиқ ҳисоботини топширасиз. Солиқ инспекторини ҳатто кўрмайсиз. Банкда ҳамма нарса электронлаштирилган, масофадан бажарилади. Ҳисоб рақамингиздаги пулни валютага конвертация қилиб, хоҳлаган давлатга чиқара оласиз.

Банкда тадбиркорга бириктирилган махсус менежер бўлади. У билан мулоқот қилиб турасиз. Агар хорижга пул чиқармоқчи бўлсангиз, заявкани электрон тарзда, масофадан туриб тўлдирасиз. Ўша куниёқ пулни хоҳлаган давлатга чиқара оласиз.

Ўзим ўша пайтда Украинага 1 ой дам олгани келганман ва бизнес муҳитининг қулайлигини кўриб, тадбиркорлик қилиш учун қолиб кетганман.

Ёғоч поддонлар / Фото: rabota-biznes.com
Украина солиқ тизими ҳақида
– Бу жуда қизиқ. Ҳисоботлар йиллик топширилади, бу мажбурий. Аммо ихтиёрий тарзда ҳар кварталда ҳам топширса бўлади. Қизиғи шундаки, 10 йилдан бери ишлаётган бўлсам-да, бирор марта солиқчининг текшириб келганини кўрмадим. Фақат ўз вақтида ҳисобот топширилса бўлди.

Мисол учун, солиқчи ҳар уч йилда текширади, деган қонунни эшитганман. Аммо нега бизни текширмаганини билмайман. Биз қонунни бузмасдан, вақтида солиқларни тўлаб келганимиз учун шундай имтиёз берилган бўлиши мумкин.

Ўзбек халқи – тадбиркор. Ўзбекистондаги тадбиркорларнинг жуда кўп меҳнат сарфлаб, қийин аҳволга тушиши, касодга учраши, муаммолари матбуотда чиқарилиб, кейин ҳал бўлаётгани мен учун ачинарли ҳолат.

Уларга Украинага келсангиз яхшироқ, демоқчимасман. Шунчаки уларга имконият яратилишини, бошлаган ишини охирига етказишга имкон берилишини хоҳлайман. Уларнинг муаммоларини бу ердаги билан таққосласак, жуда катта муаммо эмас.

Нега 10 йил олдин шу ерда бизнесимни очганман? Чунки муҳит Ўзбекистондан яхшироқ эканини кўрдим.
Агар тадбиркорларимиз шунча меҳнатини Украинада қилишганида, миллионер бўлиб кетишарди. Чунки бу ишлар, қурилаётган иссиқхоналар жуда катта фойда келтирадиган бизнес ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ҳақида
– Ўзбекистондан Украинага экспорт қилинаётган мева-чевалар мазаси ва ташқи кўриниши бўйича бемалол Испания ва бошқа давлатларнинг маҳсулотлари билан рақобатлаша олдик. Аммо сақланиши ва қадоқланиши бўйича эътирозлар бор.

Нима қилиш керак? Меваларнинг янги, ташишга чидамли навларини экиш керак. Масалан, Ўзбекистондан хурмо келтириляпти, аммо тахир. Хурмонинг яхши навлари зарур. Узум, анорларимизнинг мазаси яхши. Аммо ташиб келтиргунча сифати бузилиб кетяпти. Испаниядан келтирилаётган хурмо қаттиқроқ бўлса-да, тахирмас. Чунки унинг нави янги. Шу сабабли, Ўзбекистондан Украинага келтирилган хурмоларни тадбиркорларимиз зарарига ҳам сотишди. Озарбойжонлар эса аксинча, хурмодан жуда яхши фойда олишди.

Ўзбекистоннинг мева-сабзовот экспортидаги муаммолари сабаби нимада?
– Мутахассис йўқ. Ҳамма ўз билганича иш қиляпти. Масалан, Украинага Ўзбекистондан узум олдирдик. Аммо жуда сифатсиз қадоқланган экан. Ҳаммасини чиқиндига ташлаб юбордик.

Жўнатган одамлар «яхши қадоқладик», дейди, аммо жуда сифатсиз бўлиб келган. Агар шу ишларнинг қоидасини ўргатадиган мутахассис бўлса, кўп нарсадан ютган бўлардик. Мутахассисни хориждан олиб келиш ёки ўзимизда тайёрлаш керак. Бу ишларни жуда тез қилиш керак. Чунки иқтисодиёт учун фойдали. Биз пахтага қанчалик меҳр қўйганмиз, бу ишгаям шунчалик меҳр қўйиш керак. Фойдаси ундан ҳам кўпроқ бўлади.Ўзбекистонда 25 йил олдин қандай ўрама бўлса, ҳозир ҳам шундан фойдаланяпмиз. 25 йил олдин қандай нав бўлса, ҳозир ҳам шу экиляпти. Ўсиш йўқ, янги навлар йўқ.

Меваларни Туркия ёки Испанияники билан солиштирсак, ўзимизники мазали. Уларнинг фақат ташқи кўриниши яхши. Бизнинг меваларда чирой ҳам бор, маза ҳам яхши. Натижада, талаш бўлиб кетди.

Узум ҳам яхши бўлди, фақат унинг навини кўпайтириш керак. Узумларимиз ўраб олиб келинади. Туркияники эса очиқ келади, чунки пўсти қалин. Турклар Украинада минглаб тонна узум сотади.

Нурмуҳаммад Саид суҳбатлашди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «10 йилда бирор марта солиқ текширувини кўрмадим» – Украинадаги ўзбек тадбиркор