21:43 / 07.04.2020
2 184

Борис Жонсон реанимацияда. У ўз ўрнига қолдирган Доминик Рааб ўзи ким?

Борис Жонсон реанимацияда. У ўз ўрнига қолдирган Доминик Рааб ўзи ким?
DINENDRA HARIA / ALAMY STOCK PHOTO
Март ойи ўрталарида коронавирус юқтириб олган Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг аҳволи 6 апрелга келиб оғирлашди. 55 ёшли бош вазир Лондондаги Сент-Томас касалхонасининг интенсив терапия бўлимига ўтказилган.

Эндиликда унинг вазифасини Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бажариб туради. Борис Жонсон ишониб ўз вазифасини вақтинчалик топширган бу вазир ким, бош вазир мамлакатни бошқаришни нега унга топширди, қуйида шулар ҳақида.

Доминик Ренни Рааб 1974 йилда чехословакиялик муҳожирлар оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг аввал Оксфордда, сўнг Кембрижда таҳсил олган.

Турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келган Доминик Рааб 2018 йилнинг 9 июлида собиқ бош вазир Тереза Мэй тузган иккинчи ҳукуматда Дэвид Дэвис ўрнига Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича вазир (Брексит вазири) лавозимига тайинланади. Ҳукумат таркибида қисқа муддат ишлаб, 2018 йил 21 октябрда истеъфога чиқади.

Борис Жонсон Буюк Британия бош вазирига айлангач, у 2019 йил 24 июлда Доминикни ташқи ишлар вазири этиб тайинлайди. Борис Жонсон 2019 йил декабрида иккинчи ҳукуматни шакллантирганида Доминик Рааб ўз лавозимини сақлаб қолишдан ташқари ҳукуматда биринчи вазир мақомини ҳам олади. Бу унга Борис Жонсон ишонганидан далолат эди. Кеча 6 апрель куни Борис Жонсон унга Буюк Британиянинг вақтинчалик бошқариб туришни топшириб, ўша ишончини яна бир бор исботлади.

Тони Блэрнинг халоскори
Доминик Рааб ташқи ишлар вазирлигида ишлаб юрган пайтларида Британия ташқи ишлар вазирлигининг Ҳаага халқаро судидаги вакили сифатида ишлаган пайтида кенг омма эътиборига тушган.

Ўшанда у Сербиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич ва Босниядаги Серб республикаси президенти Радован Караджич устидан бўлиб ўтган суд жараёнларида қатнашади. Суд мажлисларидан бирида Слободан Милошевич судьядан Буюк Британия бош вазири Тони Блэрни гувоҳ сифатида чақириб, сўроқ қилишни талаб қилади. Ўшанда айнан Доминик Рааб келтирган далиллар ортидан судья Милошевичнинг талабини рад этади. Ўша воқеадан кейин Доминик Рааб Тони Блэрнинг халоскори сифатида тилга олинганди.

Феминистлар танқидчиси
2011 йилда, Ишер ва Уолтон округидан Британия парламентининг депутати бўлган Рааб феминистларни «жирканч муросасизлик»да айблаб чиқади. Ўшанда, ўз айбловига изоҳ берган Доминик Рааб сўнгги вақтларда эркаклар дунё бўйлаб «шафқатсиз камситилиш»га дуч келаётгани ҳақида гапирган.
Доминик Раабнинг фикрига кўра, дунё бўйлаб эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ ишлайди, аммо иш жойларини аёллардан кўра осонроқ йўқотади.

Ўша пайтда Дэвид Кэмерон ҳукуматида иккита лавозим, Ички ишлар вазири ва Аёллар ва тенглик масалалари бўйича вазир лавозимларида ишлаган Тереза Май Доминик Раабни феминистлар тўғрисида билдирган фикрлари учун танқид қилиб чиқади. Доминик Раабнинг феминистлар билан муросасизлиги ҳам маълум маънода унинг янада танилишига сабаб бўлганди.

«Магнитский акти»

Рааб Россия билан муносабатларда қатъий позицияни эгаллаган / GETTY IMAGES
2012 йилда Доминик Рааб россиялик ҳуқуқшунос Сергей Магнитскийнинг ноҳақ айбланиши ва қийноққа солиниши оқибатида ҳалок бўлиши билан боғлиқ ишдаги иштироки туфайли Буюк Британияга кириш тақиқланган Россия амалдорларининг «Магнитский рўйхати»ни тузиш ташаббуси билан чиқади.

Доминик Рааб «бундай рўйхатни тузиш нега керак?» деган саволга асос сифатида, ноҳақликка қарши доим курашиш кераклигини айтиб, бунда бир-бирига рақобатдош бўлган икки партиянинг сенаторлари Бен Кардин ва Жон Маккейн ҳамкорликда тузган ҳамда Барак Обама маъмуриятининг эътирозларига қарамай россиялик амалдорларга қарши чекловларни қабул қилган АҚШни мисол қилган эди.

«Ҳатто Сталин давридаги мустабид тузум ҳам қонун номидан иш кўрган ва тартибни сақлаб қолган. Айбланувчилар аввал судга тортилган, кейин қамоқхоналарга юборилган, ана ундан кейин овози ўчиши учун улар жисмонан йўқ қилинган. Аммо Россияда овозлар сохталаштирилган ҳолда ўтказилиши режалаштирилаётган президентлик сайловлари арафасида Владимир Путин, Россия тарихидаги энг йирик солиқ фирибгарлигини фош қилгани учун қамоққа тиқилганидан сўнг салкам бир йил ўтиб, суддан аввал қийноққа солиниши оқибатида ҳалок бўлган адвокат Сергей Магнитскийни ўлимидан сўнг уни яна айблашни режалаштирмоқда», деган эди Доминик Рааб Sunday Times газетасига берган интервьюсида.

Ўшанда «Магнитский рўйхати»ни тузиш ҳақидаги ташаббуси билан у янада машҳурроқ бўлганди.

«Брексит» вазири

Доминик Рааб рафиқаси, келиб чиқишига кўра бразилиялик бўлган Эрик Рей билан / Facebook
Аввалги келишмовчиликларга қарамай, 2018 йил июль ойида бош вазир Тереза Май Доминик Раабни Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича вазир этиб тайинлайди.

«Брексит вазири» сифатида қарийб беш ой ишлаган Рааб 2018 йил ноябрь ойида Тереза Мэй томонидан тақдим этилган Европа Иттифоқи билан тузилилиши режалаштирилган шартнома лойиҳасини танқид қилиб, истеъфога чиқади.

Ўша лойиҳада Буюк Британия таркибидаги Шимолий Ирландия учун махсус мақом берилиши Доминик Раабга ёқмайди. Доминикнинг фикрича, лойиҳа Бирлашган Қиролликнинг (Буюк Британиянинг) ҳудудий яхлитлигига рахна солади.

Шартнома лойиҳасида Брексит амалга оширилганидан сўнг Буюк Британия таркибидаги Шимолий Ирландия билан Европа Иттифоқи вакили бўлган Ирландия Республикаси ўртасида ҳеч қандай божхона чегараси бўлмаслиги кераклиги назарда тутилган эди.

Эслатма: Бугун Ирландия ороли иккига бўлинган. Унинг катта қисми Ирландия Республикасига тегишли. Шимолий қисми эса Буюк Британия таркибига киради ва Шимолий Ирландия деб аталади. Анча йиллардан бери Ирландия Шимолий Ирландиядаги оролни яхлит бир давлатга айлантиришни хоҳловчи гуруҳларни қўллаб-қувватлаб келади. Шу туфайли ҳам Доминик Рааб, агар Ирландия ва Шимолий Ирландия ўртасида алоҳида имтиёзли божхона тартиби жорий қилинса бу Буюк Британиянинг ҳудудий яхлитлигига рахна солади деб ҳисоблаган.

Шунингдек, лойиҳада агар томонлар 2020 йил охирига қадар янги божхона режими тўғрисида келишувга эриша олмасалар, Буюк Британия Европа Иттифоқи билан ягона божхона ҳудудида қолиши ва Европа Иттифоқининг розилигисиз ундан чиқа олмаслиги белгиланган эди.

Брекситни қизғин қўллаб-қувватлаганлар, шу жумладан Доминик Раабнинг фикрича, лойиҳада кўзда тутилган шартлар, яъни «бэкстоп» деб номланган нарса Буюк Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишини ортга суришни ифодалайдиган Brexit моҳиятини акс эттиради.

Ўшанда Рааб, Буюк Британиянинг 2019 йил 31 октябрда Brexit’ни ортга сурмасдан, ҳеч қандай имтиёзли келишувсиз, Европа Иттифоқи таклиф қилган шартлар билан чиқиб кетишни хоҳлашини билдирган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Борис Жонсон реанимацияда. У ўз ўрнига қолдирган Доминик Рааб ўзи ким?