
Голливуд юлдузи Женнифер Энистон ўз ҳаёти давомида болали бўлиш учун кўп уринишлар қилганини, бироқ ҳеч қачон фарзанд асраб олишни хоҳламаганини очиқ тан олди. Бу ҳақда у “Armchair Expert” подкастидаги интервьюсида сўзлаб берди.
56 ёшли “Дўстлар” сериали юлдузи шундай деди: “Кўпчилик менга: ‘Нега фарзанд асраб олмайсан?’ дейишарди. Лекин мен ҳар доим ўз ДНКмни кичик инсонда кўришни хоҳлардим. Бу мен учун ягона йўл эди — буни кимдир худбинлик деб ҳисобласин ёки йўқ, аммо бу менинг ҳақиқий ҳис-туйғуларим эди”.
Энистон суҳбат давомида бепуштлик билан олиб борган узоқ кураши, шифокорлар билан бўлган оғриқли сўзлашувлар ва умидсиз паллалар ҳақида ҳам гапирди. “Баъзида мен ҳамон болали бўлишим мумкин деб ўйлардим, аммо бу умидлар жуда тез сўнарди”, — деди у.
Актриса шунингдек, шифокорлар унинг кейинги уринишлари бефойда бўлишини айтганида ҳис қилган изтиробини эслаб, бу жараён унинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилганини таъкидлади.
Женнифер 2016 йилда ёзган машҳур иншосида ҳам шу мавзуга тўхталиб, ҳаётнинг қадри фақат турмуш ёки бола орқали ўлчанмаслигини айтган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.