13:53 / 10.04.2020
2 108

Рааб ёки Гоув: Жонсон истеъфога чиқса, Британия бош вазир ким бўлиши мумкин?

Рааб ёки Гоув: Жонсон истеъфога чиқса, Британия бош вазир ким бўлиши мумкин?
Фото: Reuters
Brexit’ни амалга ошириш учун бош вазир бўлган Борис Жонсон асосий миссияни бажарди ва қиролликни ЕИдан олиб чиқиб кетди. Кўп ўтмай бутун дунёни «уйига қамаган» коронавирус «озод» Британиягача етиб борди. Касаллик нафақат Бирлашган Қироллик аҳолисига қийинчилик туғдирди, балки бош вазирни ҳам тўшакка «михлади»...

Лондон ҳокими бўлган вақтидаёқ қувноқлиги ва ноодатий чиқишлари билан қиролликнинг энг машҳур одамларидан бирига айланган Жонсон бош вазирликка ҳам кутилган ҳолатда келди. Тереза Мэй ўзи тиш-тирноғи билан курашган Brexit режасини амалга ошира олмаслиги аниқ бўла бошлаган бир вақтда кўпчилик Британия сиёсатига қатъиятли раҳбар кераклигини англаб етган ва бундай инсон ҳақида гапирганда одамларнинг кўз ўнгига Лондоннинг собиқ мэри ва собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон келаверди.

Жонсон расман ишсиз бўлган вақтида ҳам журналистлар унинг уйига бориб кўрсатувлар суратга олишар, агар бош вазир бўлганда нима қилиши ҳақида сўрашарди. Мана шундай ажойиб кунларнинг бирида ҳукмрон консерваторлар орасида обрўси баланд бўлган Жонсон бўшаб қолган бош вазирлик курсисига ўз номзодини қўйди ва айтарли қаршиликсиз ғолиб бўлди.

Фото: Charlie Bibby / Financial Times
Бугун эса Борис Жонсоннинг аҳволи яхши эмас. Ҳам сиёсий маънода, ҳам ўз маъносида унинг ҳолатига ҳеч ким ҳавас қилмайди. 27 март куни унда коронавирус аниқланди. Ўша вақтлар ўта хотиржам кўринган Жонсон касалликка чалингани ҳақида ўзи твиттердаги саҳифасида позитив кайфиятда хабар қилганди. Катта эҳтимол, ўрнини йўқотиб қўйишдан чўчиган Жонсон ҳаммаси жойида эканини айтиб, масофадан ишлаб ҳукуматни бошқаришда давом этишини айтганди.

Фото: Image: Facebook/Boris Johnson
Аммо 10 кун ўтиб ҳам касаллик аломатлари сақланиб қолавергач, Жонсон касалхонага ётқизилди ва бош вазирлик лавозимини вақтинча ташқи ишлар вазири Доминик Рааб эгаллади.

Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб. Фото: Getty Images
Британияда аллақачон «Жонсон ҳукуматга қайтадими?», «У кетса ўрнини ким эгаллайди?» каби саволлар муҳокама қилинмоқда. Албатта, ҳозир Жонсон учун биринчи ўринда саломатлиги туради, аммо Британиядек демократик давлат учун асосийси ҳукуматнинг мустаҳкамлиги. Бундай қудратли мамлакат раҳбарлик лавозими масаласи узоқ вақт мужмал бўлиб қолишига йўл қўя олмайди.

Ҳозир Жонсоннинг аҳволи оғир эмас, аммо бош вазир уч кундирки касалхонанинг жонлантириш бўлимида қолмоқда. У коронавирусдан тузалса ҳам, Британияни бошқара олмаслиги ва истеъфо бериши мумкинлиги ҳақида тобора кўпроқ одам ўйлай бошлади. Хўш, агар Жонсон кетса, кимга Британиядек буюк қироллик бош вазири бўлиш бахти насиб қилиши мумкин?

Британияликлар икки номзод ҳақида кўпроқ ўйлашмоқда. Биринчиси айни дамда ҳукуматни вақтинчалик бошқариб турган ташқи ишлар вазири Доминик Рааб. Уни шахсан Жонсон ўз ўрнига қолдириб кетган. Иккинчи номзод эса Жонсоннинг энг ишонган одамларидан бири ва ҳаммаслаги Майкл Гоув.

Жонсон кетса, табиийки Доминик Раабнинг имконияти юқорироқ бўлади. Уч кунлик ҳукумат раҳбари лавозимида унинг сиёсий қарашлари тобора кўпроқ одамларнинг эътиборини тортди. Ахир бундай катта лавозимда бир кунгина бўлишнинг ўзи одамлар ишончини қозониш учун етарли бўлиши мумкин. Рааб эса камида Жонсон қайтгунига қадар ҳукуматни бошқаради.

Доминик Рааб Жонсоннинг потенциал вориси сифатида қаралаётганининг яна бир сабаби шундаки, бир неча кун олдин нариги номзод Майкл Гоувнинг оила аъзоларидан бирида коронавирус аниқланди. Энди у ҳам карантинда ўтиришга мажбур. Энг ёмон ҳолатда Гоувнинг ўзи ҳам хавфли вирусни юқтирган бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда Доминик Рааб камида ҳаммаси ойдинлашгунча ягона номзод сифатида қолиш эҳтимоли юқори. Ахир британияликлар сўнгги вақтларда бош вазирни шундоғам кўп ўзгартиришди. Кейинги бош вазир ҳам коронавирусга чалиниб ҳукумат бошсиз қолишини исташмайди. Ҳа, айнан ҳукумат, давлат эмас. 93 ёшли қиролича ҳали тетик экан қироллик эгасиз қолмайди.

Келинг, қисқача Майкл Гоув ҳақида гаплашсак. У шу пайтгача Дэвид Кэмероннинг (Тереза Мэйдан олдинги бош вазир) биринчи ҳукуматида халқ таълими вазири, иккинчи ҳукуматида адлия вазири ва Лорд-канцлер, Тереза Мэйнинг иккинчи ҳукуматида атроф-муҳит, озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири лавозимларида ишлаган. Майкл Гоув Европа Иттифоқидан чиқиб кетишнинг ашаддий тарафдори сифатида Борис Жонсоннинг ҳам ишончини қозонган.

Майкл Гоув. Фото: cityam.com
2019 йилда Тереза Мэй истеъфога чиққанида Майкл Гоув ҳам консерваторларнинг янги лидери бўлиш учун ўз номзодини қўяди ва Борис Жонсон (160 овоз) ва Жереми Ҳантдан (77 овоз) сўнг 75 овоз билан учинчи ўринни эгаллайди. Сўнги босқичда у ўз номзодини қайтариб олиб, консерваторлар партияси етакчиси бўлиши учун Борис Жонсонни қўллаб-қувватлайди. Бош вазирликка сайланган Жонсон эса Гоувнинг «сиёсий садоқати»ни муносиб тақдирлаб, ўзига энг яқин одам сифатида унга Вазирлар Маҳкамаси вазири вазифасини топширади.

Буюк Британия ҳукуматида бошқалар учун тушунарсиз бир мансаб мавжуд: «Вазирлар Маҳкамаси вазири». Ушбу мансаб эгаси турли вазирликларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва бошқа давлат тузилмаларида ҳукмрон партия сиёсатини илгари суриш вазифасини бажаради. Бундан ташқари, одатда Вазирлар Маҳкамасидаги вазир, амалдаги бош вазирнинг энг яқин ҳаммаслакларидан бири ҳисобланиб, унга ички ва ташқи сиёсат дастурини шакллантиришда ёрдам беради.

Борис Жонсон ўзи шакллантирган ҳукуматда ушбу вазифани айнан Майкл Гоувга ишониб топширгани бежиз эмас. Бугун Майкл Гоув Борис Жонсон билан энг яқин муносабатда бўлиб турган одам ҳисобланади. Бош вазирнинг соғлиги билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам матбуотга маълумотларни айнан Майкл Гоув бермоқда.

Жонсон ва Гоув. Фото: Mary Turner / PA Wire
Кўпчиликнинг фикрича, ҳозир фақат бош вазирга яқин бўлган одамлар мамлакатни бошқариш вазифасини ўз зиммасига олиши керак. Майкл Гоув шундай одамлардан бири сифатида ўз иқтидорини исботлай олган эди. Аммо у ҳозир ҳукуматни қўлга олиб, мамлакатни бошқара олмайди, чунки 6 апрелда Майкл Гоув ҳам ўзини ўзи изоляция қилиш учун кетаётганини эълон қилди. Юқорида айтганимиздек, вазирнинг оиласида коронавирус инфекцияси ҳолати аниқланган.

Демак, ҳукуматни бошқариш учун асосий номзод Доминик Рааб бўлиб қолди. Амалда шундай бўляпти ҳам. Энг ишонган одамининг карантинда ўтириши ҳақида билган Борис Жонсон ҳукуматни бошқаришдай масъулиятни яна бир ишонгани ташқи ишлар вазири Доминик Раабга юклади. У Жонсоннинг мажбурий танаффусида ҳукуматни бошқариб туради. Агар Борис Жонсон бирор сабабга кўра ёки тузалганидан сўнг ўз вазифасини бажара олмаса, Доминик Рааб консерваторлар овоз бериш йўли билан янги етакчи танлагунча мамлакат бош вазири лавозимида қолади.

Агар Борис Жонсон соғлиги сабабли сиёсатдан кетишга мажбур бўлса, бундай вазиятда мамлакат бош вазирдан, ҳукумат бошлиғидан айрилади, консерватив партия эса етакчисиз қолади. Назарий жиҳатдан бундай пайтда қиролича бошқа сиёсатчини янги бош вазир этиб тайинлаши мумкин, аммо у ҳам консерваторлар партияси ўзининг янги раҳбарини танлаш тўғрисида қарор қабул қилишини кутиши ҳақиқатга яқин.

Бу жараён умумий овоз бериш шаклида бўлиб ўтади: Жонсоннинг ўзи ҳокимиятга шу тарзда келган. Шу билан бирга, мамлакатда умумий сайловлар эълон қилинмайди, бунинг учун нафақат Жонсон, балки амалдаги ҳукумат ҳам истеъфога чиқиши керак. Ҳозирги ҳолатда эса ҳукуматнинг истеъфога чиқишига асос йўқ, фақат бош вазир соғлиги туфайли алмашиши мумкин.

Қолаверса, ҳозирги вазиятда ҳукуматнинг тарқатилиб юборилишига Доминик Рааб ҳам йўл қўймаса керак. У бунга йўл қўймасли учун етарлича машҳур, консерватив ва тажрибали сиёсатчи. Раабнинг вазифаси ҳозирда Жонсон тузалгунига қадар ишонч билан ҳукуматни бошқариб, ҳаммасини назоратда ушлаб туриш. Агар вазият ёмонлашиб бораверса ёки энг ёмон сценарий бўйича кетса, Доминик Рааб консерватив партияни қалтис ва нозик вазиятдан такрорий сайловларга муваффақият билан олиб чиқиб кетиши керак.

Доминик Рааб исми ва руҳи билан консерватив, аммо агар унинг қарашлари либерализмга ҳам яқин. Рааб ҳар доим Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан тезроқ чиқиб кетиши тарафдори бўлиб келган. Тўрт ой вақт «Brexit вазири» лавозимида ишлаганида Британияни Европа Иттифоқидан қисман эмас, балки батамом ажратиб олишга ҳаракат қилган.

Айнан у Тереза Мэйнинг Европа Иттифоқи билан Brexit масаласидаги «Brexit’сиз Brexit» келишув лойиҳасини кескин танқид қилган ва охир-оқибат шу лойиҳа туфайли ўз лавозимини тарк этган эди.

Британиянинг собиқ бош вазири Тереза Мей. Фото: AP
Бўлиб ўтган баҳсларда Доминик Рааб Brexit’га қаршиларнинг Европа Иттифоқи таркибида қолиш фойдалари ҳақидаги далилларини писанд қилмай, Буюк Британияга Европа Иттифоқисиз фойдалироқ ва яхшироқ бўлиши ҳақидаги ғояни илгари суради, аммо енгилади.

Ўшанда у ўз атрофига Тереза Мэйнинг лойиҳасига қарши бўлган ўнгчи консерваторлар гуруҳини тўплаганди. Воқеалар ривожида гарчи Доминик Рааб ўз лавозимини бўшатиб берган бўлса-да, унинг саъй-ҳаракатлари изсиз кетмади ва охир-оқибат Тереза Мэй ўз лойиҳасини ҳимоя қила олмай, кўзда ёш билан бош вазирликдан кетиши билан якун топди. Тереза Мэйнинг истеъфосидан кейин Доминик Раабнинг ўзи ҳам ҳукмрон консерваторлар партияси раҳбари бўлиш учун курашиб кўрди, аммо зўрға бешинчи ўринни эгаллади.

Шундан сўнг доим ақлга таяниб хулоса қиладиган Доминик Рааб ўз қарашларига яқин фикрлайдиган Борис Жонсонни қизғин қўллаб-қувватлади ва Жонсоннинг бош вазир бўлиб сайланишига муносиб ҳисса қўшди. Унинг бу хизматларини муносиб қадрлаган Жонсон унга ташқи ишлар вазирлиги лавозими билан бирга «биринчи вазир» мақомини берди.

Рааб ва Жонсон парламентда. Фото: Jessica Taylor / AFP
Доминик Рааб консерватив муҳитда анча машҳур ва мавқейи жуда юқори. Бугун вақтинча ҳукуматни бошқараётгани келажакда катта мартабаларга эришиш учун трамплинга айланиши ва вақт ўтиши билан Рааб тўлақонли бош вазир бўлиб ҳукуматни бошқариши мумкин. Асосийси, бу ҳозирги ҳолатда эмас, балки вақти-соати билан бўлиши керак. Ана шунда Британиянинг барча консерваторлари ҳам, шубҳасиз, бунга рози бўлишади. Ҳозир эса унинг ҳар қандай ошиқча ҳаракати партия томонидан «ҳокимиятга интилиш учун хиёнат» деб баҳоланиши мумкин.

Нима бўлганда ҳам, аввало Борис Жонсон тузалиб кетсин ва ҳукумат раҳбарлигига қайтсин. Британия сиёсатчилари 3 йил Brexit деган бошоғриқ сабаб айтарли сиёсат билан шуғуллана олмай бошлари сайловдан чиқмади. Энди улар ҳам тинчгина ишлашсин...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рааб ёки Гоув: Жонсон истеъфога чиқса, Британия бош вазир ким бўлиши мумкин?