13:46 / 19.07.2020
2 525

Швецияда коррупцияга қарши қандай курашишади?

Швецияда коррупцияга қарши қандай курашишади?
Фото: Dreamstime
Швеция коррупцияни буткул йўқотмаган бўлса-да, лекин унинг мавжудлигини ва жамият ҳаёти ҳамда иқтисодиётга кўрсатадиган салбий оқибатларини камайтира олган мамлакат ҳисобланади. “Прямая речь” нашри ушбу мамлакатнинг коррупцияга қарши курашдаги тажрибаси билан таништирди.

«Соддалик индекси»
Одатда Швеция коррупция даражаси паст мамлакат ҳисобланади. Коррупцияга қарши «Трансперенси Интернешнл» халқаро ташкилотининг йиллик ҳисоботлари буни тасдиқлайди. Швеция Коррупцияни қабул қилиш индекси (Corruption Perception Index) рейтингида 3-4 ўринларни эгаллаб келади. Мазкур индекс экспертлар ва ишбилармон доиралар вакиллари орасида ўтказилган сўров натижалари асосида тузилади. Сўровлар давлат бошқаруви ёки бизнес муҳити таҳлили билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан ўтказилади.

«Порага қарши институт» ташкилоти бош котиби Хелена Сунден бу индексни «соддалик индекси» деб атайди.
‒ Скандинавия мамлакатларида ҳам коррупция бор. Бизда шаффофлик юқори даражада, аммо барибир коррупция ҳолатлари учраб туради.

Бунинг устига, кейинги вақтда масалан Ўзбекистонда «Телиа» компанияси билан юз бергани каби коррупцион можаролар янги тенденцияни кўрсатмоқда ‒ швед бизнеси мамлакат ичида ҳалол ўйин олиб бормоқда, аммо коррупция даражаси юқори мамлакатларда ахлоқ нормаларини унутиб қўймоқда.

Швед прокурорлари коррупцияни қабул қилиш индекси ҳақиқий ҳолатни эмас, бизнинг қанчалик содда эканлигимизни кўрсатади дейишади. Ҳа, швециялик амалдорлар порасиз ҳам ишлайди, бизда ҳукуматга нисбатан ишонч бор, бироқ барибир бундай ҳолатлар юз бермоқда. Шу боис биз қўл қовуштириб ўтирмаслигимиз керак, ‒ дейди Хелена.

Чизиқни белгилаб бериш
Швециядаги «Порага қарши институт» жамоат ташкилотига 1923 йилда асос солинган ва у соф ноҳукумат ташкилоти эмас. Бизнес ташкилотлари ва Стокҳолм савдо палатаси томонидан молиялаштириладиган бу институт коррупцияга қарши қонунчиликнинг нозик жиҳатларини аниқлашга эътибор қаратган. У одамларга пора ва ахлоқий меъёрлар ўртасидаги чизиқни белгилашда ёрдам беради. Бунда асосий эътибор бизнес ҳамжамиятига йўналтирилади. Умуман олганда, ташкилот фаолияти «Совғалар, мукофотлар ва рағбатлантиришлар тўғрисидаги низом»га асосланган. Низом юридик кучга эга бўлмаса-да, ўз-ўзини бошқариш воситаси ҳисобланади.

‒ Швецияда порага қарши қонунчилик 2012 йилда янгиланди. Қонунда айтилган – агар қарор қабул қилишингга таъсир кўрсатадиган бирор нарсани ваъда қилишса ёки беришса, демак сен чизиқни кесиб ўтдинг. Аммо янги қонун қисқа ва батафсил эмас, унда қоидалар умумий берилган. Шу боис институт қонунга тушунтириш берувчи низом тайёрлаган, ‒ дейди Хелена Сунден.

«Порага қарши институт»да шунингдек, коррупция билан боғлиқ саволлар бўйича маслаҳатлар олиш мумкин. Ташкилот бизнес ва ҳокимиятга нима мумкин, нима мумкин эмаслиги борасида семинарлар ўтказади.

‒ Ҳокимият вакили тадбиркор билан чой ичиши мумкин, аммо ресторанда унинг тушлиги учун пул тўланиши қарор қабул қилинишига таъсир ўтказиши мумкин. Биз бизнес ҳамжамиятига қонунда кўрсатилганидан ҳам яхшироқ бўлишингиз мумкин деб тушунтиришга ҳаракат қиламиз, ‒ дея сўзида давом этади Хелена.

Улар бир қарашда арзимасдек кўринган ана шундай нарсалар билан шуғулланиб, улкан коррупцион можароларнинг олдини олишга уринишади. Ташкилот ҳузурида юриспруденция ва молия соҳасида катта тажрибага эга экспертлардан иборат ахлоқ комиссияси фаолият кўрсатади. Комиссия аниқ ҳолатларни кўриб чиқади ва бизнеснинг ҳаракати қонунга мувофиқлигини аниқлайди. Сўнгра бошқалар ҳам бундай вазиятда нималарга эътибор бериши кераклигини билиши учун комиссия қарори эълон қилинади. Комиссия яқинда тадбиркорлар ўз ҳамкорлари учун зиёфат уюштириш мумкинми ёки йўқлиги масаласини кўриб чиқди.

‒ Бундай тадбирга давлат харидлари билан ишлайдиган ва қарорлар қабул қиладиган амалдорни таклиф этиш мумкин эмас. Чунки зиёфатдан сўнг у холислигини сақлаб қолиши қийин. Ҳокимият, бизнеснинг бошқа вакилларини чақириш мумкин, ‒ деб тушунтиради Хелена Сунден.

«Порага қарши институт» коррупцияга қарши прокурорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади, уларнинг сони эса бутун Швеция учун атиги 7 нафар. Ушбу бўлинма Швеция прокуратураси ҳузурида 2003 йилда ташкил этилган, 2012 йилда эса коррупцияга қарши полиция ҳам пайдо бўлган. Унда 25 нафарга яқин киши ишлайди.

‒ Ишлар оз, аммо жиноятнинг бошқа турларига таққослаганда, айблов ҳукмлари фоизи юқори. Бу медианинг юқори даражадаги қизиқиши билан изоҳланади ‒ Швеция ОАВ коррупционерларни фош қилишда етакчи ҳисобланади, ‒ дея қайд этади Хелена.

Агарда хусусий компания пора орқали иш қилгани аниқланса, давлат ўша пора миқдорига тенг маблағни ҳамда пора ёрдамида топилган қўшимча даромадни мусодара қилади. Ҳозирда бизнес учун энг катта жарима 10 млн крон (1,1 миллион доллар). Аммо жарима миқдорини янада ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда.

‒ Бизнес полициядан кўра журналистлардан кўпроқ қўрқади. Агарда компания нашрнинг биринчи саҳифасида коррупцион иш билан чиқадиган бўлса, унинг йўқотишлари анча жиддий бўлади. Обрўсини йўқотиш давлатга тўланган жаримадан қимматроққа тушади, ‒ дейди Сунден.

ОАВда коррупция ҳолати ошкор қилинадиган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари келтирилган фактлар бўйича шу заҳоти текширувни бошлаб юборади. Шведларнинг ўзлари ҳам маълумотни полициядан кўра журналистларга айтишни маъқул кўради. Швецияда ана шунақа – халқ журналистларга ва уларнинг профессионаллигига ишонади.

Худди кафтдагидек
Коррупцияга қарши курашдаги яна бир кучли қурол – максимал даражада ахборот олиш имконияти. Швецияда ҳар қандай киши солиқ идорасига қўнғироқ қилиб, фуқаронинг шахсий рақамини айтиб унга оид барча маълумотни олиши мумкин. Унинг даромади, мол-мулки, транспорт воситалари, ҳаттоки қарздорлиги ҳақида ҳам. Хоҳишга қараб жавобни почта ёки интернет орқали ҳам олиш мумкин.

‒ Сиз масалан, менинг исмимни айтишингиз мумкин. Сизга ҳамма нарсани айтиб беришади ‒ қаерда ишлайман, маошим қанча, оилалиманми, фарзандларим борми, улар даромад топишадими. Барча маълумотлар максимал даражада очиқ, ‒ дейди Хелена.

Мавжуд амалиёт туфайли Швецияда декларациялар реестрига ҳожат йўқ – ҳар қандай фуқаро ўзи истаган маълумотни осонгина олиши мумкин. Бунда ҳокимият сўровнинг мураккаблигидан келиб чиқиб белгиланган муддатда жавоб қайтариши шарт. Одамни куттириш мумкин эмас. Аммо табиийки, истиснолар ҳам бўлади – айрим амалдорлар бир неча соат ичида жавоб қайтарса, айримларининг жавобини ҳафталаб кутишга тўғри келади.

Асосий курашчи давлат бўлиши керак
«Трансперенси Интернешнл Швеция» ташкилоти қонунларни қандай қўллаш бўйича амалдорлар учун семинарлар ташкил этади. Шунингдек, университет ва коллежларда коррупцияга қарши сабоқлар олиб боради.
Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – давлат харидлари тўғрисидаги мавжуд қонунчилик бўйича тушунчалар бериш.

‒ Швеция 219 та муниципалитет бўлиб, катталари ҳам, жуда кичиклари ҳам бор. Кичикларида қонунни талқин қилишда кўп адашишади, аммо «манфаатлар тўқнашуви» каби қўпол хатолар ҳам бўлиб туради. Давлат харидларидаги энг катта муаммо – «дўстлик коррупцияси». Ҳужжат маълум бир етказиб берувчиларга расмийлаштирилиши ҳолатлари кўп учрайди. Кўпинча бу ҳолат шундоқ кўриниб туради, аммо исботлаш қийин бўлади. Бизда шундай ҳолат бўлганди ‒ ҳукумат ўт ўчирувчилар учун қутқарув вертолёти сотиб олган. Жудаям қимматга ва ҳужжатлар маълум бир итальян компаниясига расмийлаштирилган. Катта жанжал бўлди. Бу ҳолат журналистлар томонидан ёритилди, сўнгра суриштирув ишлари бошланди.

Бизда коррупцияни қабул қилиш индекси яхши, катта жанжаллар деярли йўқ, ўқитувчи ёки шифокорларга пора берилмайди деган фикр тарқалган. Аммо бошқа вазифалар бор – давлат харидларининг софлиги, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида ҳисобга олиш. Швециянинг йирик компаниялари хорижда бизнес юритади ва улар коррупцион схемаларга аралашиб қолган. Улар Швециядан ташқарида бу мумкин деб ўйлашади. Амалдор ўз қариндошидан бирор нарса сотиб олаётганида бу мумкин эмаслигини ва бу ҳалол рақобат тамойилини бузишини ўйламайди, ‒ дейди ташкилот вакили Лотта Рюдстрём.

‒ Сербияда ишлаган вақтимда маҳаллий шифокорларни пора олмасликка кўндиришга урингандим. Улар ўзларини шундай оқлашган: «ойлигимиз оз, тизим юқоридан коррупция ботқоғига ботган, шунинг учун пора олишимизга тўғри келади». Коррупцияга қарши асосий курашни давлат олиб бориши шарт, фақат «юмшоқ куч» барча муаммоларни ҳал қила олмайди. Биргина ташкилотнинг саъй-ҳаракатлари эса етарли эмас, ‒ деб хулоса қилади Хелена Сунден.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Швецияда коррупцияга қарши қандай курашишади?