date

Испанияда қора мушуклар учун ноодатий тақиқ жорий этилди

Испанияда қора мушуклар учун ноодатий тақиқ жорий этилди

Испанияда Ҳалловен байрами арафасида ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида қизиқ қарор қабул қилинди. Каталония минтақасидаги Террасса шаҳрида қора мушукларни вақтинча асраб олиш ёки боқиш тақиқланди. Бу ҳақда маҳаллий ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, ҳар йили октябрь ойининг охирида қора мушукларни асраб олиш бўйича мурожаатлар кескин кўпайиб кетади. Бироқ мутахассислар таъкидлашича, бу ҳолатнинг барчаси ҳам меҳр-муҳаббатдан эмас. Аксинча, айрим шахслар бу ҳайвонларни Ҳалловен кечаларидаги ритуал маросимлар, безак ёки фотосессиялар учун олиб, кейин ташлаб юбориш ҳолатлари учрамоқда.

Шу сабабли шаҳар маъмурияти ва ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ташкилотлари 1-октябрдан 10-ноябргача қора мушукларни асраб олиш жараёнларини вақтинча тўхтатишга қарор қилган. Бу чора ҳайвонларни эҳтимолий зўравонлик ва шафқатсиз муносабатлардан ҳимоя қилишни кўзлайди.

Расмий маълумотларга кўра, Террасса шаҳрида ҳозирда 10 мингдан ортиқ бошпанасиз мушук мавжуд бўлиб, уларнинг юзга яқини шаҳардаги махсус марказларда сақланади. Айнан қора рангли мушуклар сони юқори бўлгани учун уларни ҳимоя қилиш масаласи алоҳида аҳамият касб этган.

Шаҳар ҳокимлиги бу вақтинчалик тақиқ 10-ноябргача амал қилиши, шундан кейин асраб олиш жараёнлари қайта йўлга қўйилиши мумкинлигини маълум қилди. Бироқ мутахассислар таъкидлашича, Ҳалловен байрами давомида ҳар йили шунга ўхшаш хавфли тенденциялар кузатилаётгани сабабли, келгусида бундай тақиқ доимий анъанага айланиши эҳтимолдан холи эмас.

Мутахассислар жамоатчиликни ҳайвонларга нисбатан эҳтиёткор ва инсофли бўлишга чақирмоқда. Уларга кўра, мушуклар байрам учун “аксессуар” эмас, балки меҳр ва ғамхўрлик талаб этувчи жонзотлардир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Испанияда қора мушуклар учун ноодатий тақиқ жорий этилди