Буюк Британиянинг Жанубий Уэлс ҳудудида икки сузувчи сунъий интеллект тавсияси туфайли деярли ҳалок бўлишди. Futurism нашри хабар беришича, улар сув тўлқини вақти ҳақидаги маълумотни ChatGPT орқали олиб, нотўғри ҳисоб-китоб қилган.
Салли оролидан қирғоққа қайтишни режалаштирган икки киши сузишдан олдин нейрон тармоқдан паст ва баланд сув вақти ҳақида сўраган. Аммо AI уларга нотўғри жадвални кўрсатган.
"Мен паст сув вақтини ChatGPT орқали текшириб, катта хатога йўл қўйдим. У ерда 9:30 деб ёзилганди. Биз етиб оламиз деб ўйладик, лекин қайтганимизда вазият мутлақо бошқача бўлиб чиқди. Бу биз учун катта сабоқ бўлди", — деди сузувчилардан бири.
Бахтга кўра, уларга ёрдамга денгиз бўйидаги ресторан эгаси Гордон Хедфилд етиб келган. У тўлқин тез кўтарилаётганини кўриб, қўлига мегафон олиб, сузувчиларни орқага қайтишга чақирган.
"Улар аллақачон ярим йўлда эдилар, сув эса тез суръатда кўтарилаётганди. Агар улар давом этганида, натижа фожиали бўлиши мумкин эди", — деди у.
Маълумотларга кўра, воқеа содир бўлган кўрфаз дунёдаги энг кучли тўлқин ҳаракатлари билан танилган — тўлқин баландлиги 15 метргача етиши мумкин. Оқимлар эса соатига 13 километр тезликда ҳаракат қилиб, бир неча дақиқада хавфсиз жойни фалокатли ҳудудга айлантиради.
"Бу ҳодиса сунъий интеллект ҳеч қачон инсоннинг онгли диққати ва тажрибасини тўлиқ алмаштира олмаслигини ёдга солади", — дея хулоса қилди Хедфилд.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!