Аргентина терма жамоаси сардори ва дунё футболи рамзига айланган Лионель Месси U-20 Жаҳон чемпионати финалида мағлубиятга учраган ёш ватандошларини руҳлантирди.
Маълумки, Чили мезбонлик қилган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги мундиал кеча тунда ўз якунига етди. Финалда Марокаш ёшлар терма жамоаси Аргентинага қарши майдонга тушди. Африкаликлар кучли рақибга қарши иродавий ўйин намойиш қилиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 16 йиллик танаффусдан сўнг кубокни “қора қитъа”га олиб кетди.
Учрашув давомида аргентиналик ёшлар устунликка эга бўлсалар ҳам, имкониятларини голга айлантира олмади. Ҳисобда орқада қолган жамоа охирги дақиқаларда ҳам курашни тўхтатмади, аммо Марокашнинг қатъиятли ҳимояси ғалабани сақлаб қолди.
Ўйиндан сўнг Лионель Месси ватандошларига самимий сўзлар билан мурожаат қилди:
«Руҳиятингизни туширманг, йигитлар. Сизлар бутун турнир давомида чиройли ва ақлли футбол намойиш этдингиз. Ғолиблик насиб қилмади, аммо биз фахрланяпмиз. Сизлар Аргентина шарафини ҳақиқий мардона ҳимоя қилдингиз», — деди 39 ёшли афсона.
Маълумот учун, Аргентина ёшлар терма жамоаси финалгача бўлган барча учрашувларда ғалаба қозонган эди. Лекин ҳал қилувчи баҳсда уларнинг ғалаба серияси тўхтади.
Шу билан бирга, Мессининг бу руҳлантирувчи сўзлари нафақат футболчилар, балки бутун мамлакат ёш авлодини ҳам илҳомлантирди. Аргентиналик мухлислар ижтимоий тармоқларда Мессининг мурожаатига “Бундай раҳбар билан фахрланамиз”, “Ёшлар келажаги ёруғ” каби изоҳлар қолдиришди.
Финалдан кейинги бу сўзлар яна бир бор Лионель Мессининг нафақат дунёдаги энг яхши футболчи, балки ҳақиқий етакчи эканини намоён этди.