Президент Шавкат Мирзиёевга пойтахт ва уни ўраб турган ҳудудларда юк автомобиллари учун махсус автовокзаллар ҳамда тўхташ майдонлари қуришга қаратилган янги лойиҳа тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, янги объектлар йўл-патрул хизматининг “Эркин”, “Шарқ”, “Бектемир”, “Уч қаҳрамон” ва “Турбанов” постлари яқинида барпо этилади. Бу ерларда ҳайдовчилар учун дам олиш ҳудудлари, кемпинглар ва хизмат зоналари ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.
Маълумотларга кўра, айрим объектлар учун 7,7 гектар, 4,25 гектар ва 8 гектарлик ер майдонлари ажратилади. Улар орасида энг гавжум нуқта сифатида Сергели туманидаги “Эркин” пости кўрсатилмоқда — бу ер орқали кунига 40–50 мингга яқин транспорт воситаси кириб-чиқади.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов “Ўзбекистон 24” телеканалидаги “Менимча” дастури орқали пойтахтда юк автомобиллари ҳаракати муайян вақтларда чекланишини маълум қилди.
“Тошкентда тиғиз соатларда юк машиналарининг ҳаракатини вақтинчалик чеклаш режаси бор. Эрталабки пайтларда чекловлар жорий этамиз. Автобуслардан ташқари, юк машиналари учун ҳам дам олиш масканлари қурилади. Масалан, Самарқанддан келаётган юк машинаси соат 8:00 да Тошкентга етиб келса, у махсус тўхташ майдонида бир неча соат кутиб, кейин шаҳарга кириши мумкин бўлади. Шунда тиғиз вақтда ҳаракатни тартибга солиш осонлашади”, – деди вазир.
Бундан аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов пойтахтга ҳар куни 400 мингдан ортиқ автомобиль кириб келишини таъкидлаб, бу ҳолат ҳаракат тизимида жиддий муаммоларни келтириб чиқараётганини айтганди.
Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Ҳайдаров эса кириш-чиқиш постларини кўчириш ва янги йўл ечимлари орқали тирбандликни қисқартириш режалаштирилаётганини маълум қилган.
Янги лойиҳага кўра, шаҳар ташқарисида автовокзаллар, кемпинглар ҳамда енгил ва юк машиналари учун алоҳида тўхташ ҳудудлари барпо этилади. Маблағ ажратиш масаласи ҳал этилган, лойиҳалаш ишлари 2025 йилда, қурилиш эса келаси йил бошида бошланиши кўзда тутилган.
Мутахассислар фикрича, ушбу тизим Тошкентдаги йўллардаги тирбандликни сезиларли даражада камайтиради ва транспорт оқимини тартибга солишда муҳим роль ўйнайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!