18:42 / 19.10.2020
2 467

Ниқоб тақиш керакми, йўқми? Коронавируснинг иккинчи тўлқинига келиб олимлар аниқ жавоб бера оладими?

Ниқоб тақиш керакми, йўқми? Коронавируснинг иккинчи тўлқинига келиб олимлар аниқ жавоб бера оладими?
Коронавирус пандемияси бошидан буён ниқоб тақиш юзасидан оммавий ва анчагина тажовузкор баҳслар тўхтагани йўқ. Баъзи ҳолатларда ниқоб тақишни мажбурий қилишга уринган мансабдорларга таҳдидлар ҳам бўлган. Турли мамлакатларда касалланиш яна ўса бошлаганидан кейин эса бу баҳслар янада фаоллашди. Meduza ниқоблар қанчалик даражада самарали эканлиги юзасидан ҳозирда нималар маълум эканлиги ҳақида ёзди.

Ниқоблар биринчи ўринда бошқаларга касаллик юқтирмаслик учун керак. Ҳаттоки сиз йўталмаётган ва аксирмаётган бўлсангиз ҳам
Вазиятга қараганда, коронавирус, асосан, ҳаво-томчи йўли билан юқади: касалланган одамнинг нафас йўлларидаги коронавирусли томчилар ҳавога чиқади, сўнг соғлом одамнинг шиллиқ қатламларига ўтади. Томчилар ҳавога чиқиши учун касалланган одам йўталиши ёки аксириши шарт эмас — шунчаки нафас олиши, гапириши ёки қўшиқ айтиши кифоя. Оғир томчилар ерга тезроқ тушса, майдалари ҳавода узоқ туриши мумкин. Фикрларга кўра, янги коронавирус айнан оғир томчилар орқали анча кўп даражада тарқалади.

Шу сабабли камида бир метрлик масофани сақлаш муҳим. Албатта, бу тахминий ўлчам: касал одамдан томчилар яқинроққа ҳам, узоқроққа ҳам тушиши мумкин, шунинг учун масофа каттароқ бўлгани яхши. Касалланган одамнинг ниқоби (нафас чиқариш клапанига эга респираторлардан ташқари) бу томчиларни ушлаб қолади — қайсидир ниқоблар буни самаралироқ бажарса, қайсиларидир камроқ самарага эга. Шу туфайли одатда зарур масофани сақлаш иложи бўлмаганда ниқобларни тақиш тавсия этилади.

Ниқобларни пандемияга қадар ҳам нафас йўлларининг юқумли касалликлари билан касалланганлар тақиши керак эди — шу йўл билан улар атрофдагиларни ҳимоя қиларди. Баъзи инфекциялар аста-секин аниқ бўлганидек COVID-19 билан ҳам боғлиқ муаммо шундаки, одам унда симптомлар пайдо бўлишидан бир неча кун аввал ҳам атрофдагилар учун хавфли бўлиши мумкин. Ҳатто организмда вирус бор бўлиб, касаллик ўзини намоён қилмаган ёки ноодатий тарзда (масалан, бош оғриши ёки ич кетиши орқали) намоён қилган ҳолатда ҳам.

Шу сабабли касалланган одам ўзида симптомлар пайдо бўлгунича ёки коронавирусга топширган тести ижобий чиққунигача бўлган икки кун ичида икки метрдан камроқ масофада мулоқот қилган одамлар АҚШда яқин контактлар деб қаралади — улар икки ҳафтага карантинга кириши керак (ҳатто коронавирусга тест салбий чиқса ҳам). Аммо икки кун — бу, албатта, шартли муддат: вирус бундан ҳам аввалроқ юқиши ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Ҳаттоки одам ҳозиргина коронавирус тестининг салбий жавобини олган бўлса ҳам, бу унинг атрофдагилар учун хавфсизлигини билдирмайди: бундай тадқиқотлар ноаниқ. Агар одам касал бўлиб ўтган бўлса, бу ҳам унинг вирус юқтирмаслигини кафолатламайди: қайта касалланиш ҳолатлари кузатилган (тўғри, бундай ҳолатлардан тўрттаси қайд этилган) ва одам бундай вазиятда ҳам симптомларга эга бўлмаган ҳолда вирус тарқатиши мумкин.

Буларнинг барчаси тиббий ташкилотлардан ташқарида ниқоблар тақишни тавсия этиш учун назарий асослардир. Математик моделлаштириш ҳам оммавий равишда ниқоб тақиш муайян шароитларда фойдали бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Ҳамон ниқоб тақиш одамни яхши ҳимоялайди, деб айтиб бўлмайди. Шу сабабли бошқа профилактика усулларини ҳам ёдда тутиш зарур
Янада қийинроқ савол: ниқоб таққан одам ҳимояланадими? Бундай маълумотлар тиббиёт ходимлари учун мавжуд: уларнинг юзига доимий равишда кимдир аксиради ёки йўталади. Беморлар билан ишламайдиган одамларга келсак, бу ҳақдаги маълумотлар жуда кам. Бундан ташқари, ниқоблар вирус учун яна бир кириш йўли — кўзларни ҳимоя қилмаслигини ёдда тутишимиз керак.

Айни вақтда ушбу мавзу бўйича Данияда ўтказилган сифатли тадқиқотлар натижаларининг эълон қилиниши кутилмоқда, ҳозирча бизнинг ихтиёримизда бўлган оддийроқ маълумотларга кўра, ниқоб тақиш одамни бироз ҳимоя қилади. Бироқ қанчалик даражада ҳимоя қила олиши илмий тасдиққа эга эмас.

Нима бўлганда ҳам, ниқоб — инфекциянинг тарқалишини тўхтатиш усулларидан фақат биттаси холос: масофа сақлаш ундан анча муҳимроқ. Қўлларни ювиш ва уларни юздан узоқроқ тутиш зарурлигини ҳам эсдан чиқариш керак эмас. Касалликнинг контакт орқали юқиши асосий бўлиб туюлмаса-да, у барибир муҳим.

Ниқоб тақиш хавфсиз. Ижтимоий тармоқлардаги қўрқитувчи постларга ишонманг
Турли ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда ниқоблар аксинча зарар етказиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Масалан, гўёки, ниқоб таққани туфайли 13 ёшли қизча вафот этгани ҳақида. Бундай эмас. Ниқоблар нормал газ алмашинувига халал бермайди, кислород етишмовчилигидан ёки карбонат ангидрид кўпайиб кетганидан зарар кўрмайди.

Яна ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларга кўра, гўёки Америка Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари кўп ниқоб тақадиган одамлар кўпроқ касал бўлишини аниқлаган. Бундай постларни ҳам жиддий қабул қилиш керак эмас.

Уларда гап бир мақола ҳақида боради, унда касалланган ва касалланмаган одамларда қандай контактлар бўлгани ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Аниқланишича, ресторанларга ва таом тортиладиган бошқа жойларга бориш анча хавфли. Муаллифлар буни у ерда зарур масофани сақлаш қийинлиги, ниқоб билан эса еб бўлмаслиги билан боғлаган. Муаллифлар ниқоблар самарасиз деган хулосага келмаган (ниқобларнинг самарадорлигини ўрганиш тадқиқот мақсади бўлмаган).

Ижтимоий тармоқлардаги постлар муаллифлари Касалланганлар ва касалланмаганлар қандай ниқоб таққани ҳақида статистика келтириб ўтилган жадвалга таянган. Касалланганларнинг кўпчилиги ниқоб таққан, бундан баъзи ўқувчилар ниқоб тақиш хавфли деган хулосани чиқарган. Аммо касалланмаганлар гуруҳида ниқоблар таққанлар улуши янада каттароқ, ниқоб тақишдан бош тортганлар ҳиссаси эса аксинча кичик. Шундай экан, бу маълумотлар ниқобларнинг хавфи ҳақида гапирмайди, балки аксинча. Устига устак, айнан шу жадвалга киритилган иштирокчилар сони катта эмас ва ҳар қандай талқинларни ҳам ишончли деб айтиб бўлмайди.

Ниқоблар фойда бериши учун уларни тўғри тақиш керак
Афсуски, ниқоблар тиббиёт муассасаларидан ташқарида ёрдам бериш-бермаслиги ҳақидаги баҳсларда кўпинча барча мамлакатларда ҳам одамларни ниқобни тўғри тақишга ўрганмаганлиги ҳисобга олинмайди. Ниқоб таққанда нафас олиш қийин бўлиши мумкин, терида намлик тўпланади, кўзойнак буғланади, шу туфайли, жамоат жойларида ниқоб тақишнинг классик усули, камида Россия ҳақида гапирганда — иякка тушириб тақиш. Ниқобни бундай тақишнинг фойдаси кам.

Ниқобларни тақиш бўйича тавсиялар берадиган йирик ташкилотларда чегарадош вазиятларда нима қилиш кераклиги ҳақида маслаҳатлар йўқ. Масалан, агар одам ниқобини олиб, чўнтагига солиб қўйган бўлса, кейинроқ уни яна тақиш ёки умуман тақмай юриш ҳақида иккиланаётган бўлса. Бу ҳолатда фақат назария билан чекланиш мумкин. Атрофдагилар учун, албатта, одамнинг ниқобда бўлгани яхшироқ: агар у аллақачон касалланган бўлса, улар ҳимояланади. Одамнинг ўзи учун эса ниқобни қайта тақиш хавфсиз бўлмайди, айниқса агар у кейин тиғиз вақтда автобусда юрмоқчи бўлмаса. Гап шундаки, у ювилмаган қўллари билан ниқобнинг ички қисмига вирусни ўтказган бўлиши мумкин. Агар у, айтайлик, ниқобни стол устига қўйган бўлса, ёнида йўталиб қўйган касал одамнинг нафас йўлларидан томчилар тушиши мумкин.

Бироқ ниқоблар етишмаслиги туфайли, баъзи тиббиёт ташкилотлари жуда зарур бўлганда қандай қилиб минимал хавф билан ниқобдан қайта фойдаланиш ҳақида тавсиялар бермоқда. Албатта, агар ниқоб намланиб қолган, ифлосланган ёки йиртилган бўлса, уни ташлаб юбориш керак. Ташлаб юбориш имкони бўлмаса, уни тахлаш керакки, ташқи қавати ҳеч нарсага тегмасин, сўнг қоғоз пакетга ёки ҳаво кирадиган (ниқоб қуриши учун) контейнерга солиш ва оғзини ёпиш керак. Пакетни қайта ишлатиш мумкин эмас, контейнерни эса дезинфекция қилиш керак бўлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ниқоб тақиш керакми, йўқми? Коронавируснинг иккинчи тўлқинига келиб олимлар аниқ жавоб бера оладими?