Лувр музейи директори Лоранс де Кар сешанба куни Франция Сенатида сўзга чиқиб, музейдаги видеокузатув тизими етарли эмаслигини ва жорий тизимда кўплаб камчиликлар мавжудлигини тан олди.
Унинг сўзларига кўра, якшанба куни содир бўлган заргарлик буюмларининг ўғирланиши бир қанча “заиф томонлар”ни очиб берди. У “Луврда катта муваффақиятсизликни бошдан кечирмоқдамиз” деб таъкидлади ва бу ҳолат учун жавобгарликни ўз зиммасига олишини айтди. Де Кар истеъфо ҳақида ариза топширганини маълум қилди, аммо Маданият вазири бу аризани қабул қилмаган.
Шунингдек, у хавфсизлик чоралари кучайтирилишини маълум қилди. Хусусан, музей атрофига автотранспортга қарши тўсиқлар ўрнатиш, видеокузатув тизимини кенгайтириш ва янгилаш ҳамда Ички ишлар вазирлигидан музей ичида полиция бўлими ташкил этишни сўраган.
Маълум қилинишича, ҳозирда музейда 80 миллион еврога (92,89 миллион АҚШ доллари) тенг хавфсизлик режаси амал қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!