date
views 2 529

АҚШда президентлик сайловлари: финиш. Оқ уй кимга насиб этади?

АҚШда президентлик сайловлари: финиш. Оқ уй кимга насиб этади?
GETTY/EPA
АҚШ тарихида илк бор президентлик сайловлари натижаси расмий овоз бериш кунидан олдин ҳал бўлиши мумкин. Америкалик сайловчиларнинг қарийб ярми муддатидан олдин овоз бериб бўлишган, барча ижтимоий сўровлар Жо Байден ўз рақибини ишонч билан ортда қолдираётганини кўрсатмоқда. Лекин тўрт йил муқаддам ҳам сўровлар Дональд Трампнинг мағлубиятидан дарак бераётганди.

АҚШда овоз беришнинг расмий санасига уч кун қолган вақтда сайлов комиссияси янги рекорд ҳақида маълумот берди: 91,6 млн сайловчи муддатидан олдин овоз берган ёки почта орқали тўлдирилган бюллетенларни юборган.

Бу мамлакатда рўйхатдан ўтган барча сайловчиларнинг 43 фоизидир, 2016 йилги сайловлар билан таққосланса, бу ўша вақтдаги давоматнинг 67 фоизидир - тўрт йил муқаддам 136,5 млн киши сайловда иштирок этганди.

Расмий маълумотларга кўра, 35 штатда ва Колумбия округида сайловчиларнинг ярмидан ортиғи овоз бериб бўлган. Флорида, Жоржия ва Шимолий Каролинада октябрь ойи охирига келиб сайлов бюллетенларининг 70 фоиздан ортиғи топшириб бўлинган. Техасда бу кўрсаткич 90 фоиздан ошган.

Трамп коронавирусга чалингач, унинг митингларида ниқоб таққанлар сони ҳам ўсган / GETTY IMAGES
Кузатувчилар рекорд даражадаги давоматни ҳам президентлик пойгасида Жо Байден устунлик қилаётганининг яна бир далили сифатида кўришмоқда. Сўнгги ойларда демократлар пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда сайлов участкаларида одам тўпланишининг олдини олиш мақсадида эрта овоз беришни тарғиб қилишмоқда.

Истисносиз барча ижтимоий сўровлар АҚШнинг собиқ вице-президенти рақибидан олдинда эканини кўрсатмоқда: сайлов кунига уч кун вақт қолинганида эълон қилинган маълумотларга кўра, Жо Байден Дональд Трампни камида 9 фоизга ортда қолдирмоқда.

Статистик хатолар
Демократлар номзодининг сайловолди штабидагилар бу рақамларга эътибор бермасликка ҳаракат қилишмоқда.

Жо Байден ўз тарафдорлари қаршисидаги чиқишларида «мовий тўлқин» (Демократик партиянинг расмий ранги) 3 ноябрь куни «республикачиларни кўкка бўяши» ҳақида тинмай гапирмоқда, аммо демократларнинг политтехнологлари жамоатчилик фикрига асосланган сўровномалар натижаларини изоҳлашда эҳтиёткорлик билан ёндашишмоқда.

Байденни фаол қўллаётган Барак Обама Трампни «жинни амаки» деб атади / REUTERS
«2016 йилги сайловлар арафасида ижтимоий хизматларнинг барчаси Ҳиллари Клинтоннинг ғалабасини башорат қилганди, сўровлар натижаси у 3-5 фоиз олдиндалигини кўрсатганди, аммо якунда Дональд Трамп ғолиб бўлганди, у ўшанда ҳатто демократлар тарафдори ҳисобланадиган штатларда ҳам устунликка эришганди», дея қайд этади ўз шахси сир сақланишини сўраган Байден штаби маслаҳатчиларидан бири BBC Russian билан суҳбатда.

Шу билан биргаликда, кузатувчилар 2020 йилдаги вазият 2016 йилдагидан бутунлай фарқ қилишини қайд этишмоқда. Ўшанда Трамп социологларнинг прогнозларида айтилганидек, овозлар сони бўйича Ҳиллари Клинтондан қарийб 3 млн кам овоз олиб ортда қолганди.

Лекин Америка сайлов қонунчилиги тузилиши унга етарли миқдорда делегатларнинг овозига эга бўлиш имконини берганди. Сайловлар натижасида республикачилар Конгрессда ҳам кўп ўрин олишди, Сенатдаги назоратни сақлаб қолишди, шу туфайли Трамп президентлигининг дастлабки икки йилида демократлар сиёсий таъсир учун ҳеч қандай инструментга эга бўлишмади.

Фақат 2018 йилги сайловга келибгина вазият ўзгарди, демократлар Вакиллар палатасида устунликка эга бўлишди.

Ҳозирда, ижтимоий сўровлар натижаларига кўра, Трампнинг мухолифларида Сенатни ҳам қўлга олиш учун ҳақиқий имконият юзага келган. Айрим жанубий штатлар, шу жумладан, ўн йиллар мобайнида республикачилар тараф деб ҳисоблаб келинган Техас ва Аризонада сайловчиларнинг ярми демократлар номзодини қўллаб-қувватлаб турибди.

Социологлар бу вазият юзага келишининг асосий сабаби сифатида коронавирус эпидемиясини кўрсатишмоқда, касаллик оқибатида 230 минг америкалик ҳаётдан кўз юмди. Шунингдек, АҚШнинг қарийб 20 млн аҳолиси ишини йўқотди.

Сайловчиларнинг ярмидан кўпроғи бунда тўғридан тўғри Трампни айблашмоқда, унинг эпидемия билан курашда кеч ҳаракат бошлаши ҳалокатга олиб келди деб ҳисоблашмоқда.

Масофавий ташвиқот

GETTY IMAGES
Сайлов куни арафасидаги сўнгги бир неча ҳафтани Дональд Трамп Air Force One лайнерида ўтказмоқда, у деярли ҳар куни қайсидир штатда тарафдорлари қаршисида чиқишлар қилмоқда.

У ҳар бир чиқишида Жо Байден бир неча ойдан буён Дэлавер штатидаги уйида «пусиб ўтиргани»ни эслатиб ўтмоқда.
«Уйқусираган Жо шунчаки ертўласини тарк этишга қўрқмоқда», демоқда Трамп.

АҚШнинг собиқ вице-президенти чиндан ҳам ёзнинг ўрталарига қадар ўз тарафдорларига фақат видеоалоқа орқали мурожаат қилди, кейин оммавий тадбирларда иштирок этишдан расман бош тортди.

Байденнинг штаби бундай акциялар ўрнига телерекламаларни кучайтиришга урғу қаратди.

GETTY IMAGES
Advertising Analytics компанияси маълумотларига кўра, демократлар томонидан АҚШ телеканалларига жойлаштирилган реклама роликлари сони Трамп кампаниясининг роликлари сонидан қарийб уч баробар кўпроқ бўлди. Шу билан бирга, амалдаги президент штаби бешта штатда умуман телереклама бермаган ва «жанг майдони»ни Демократик партия учун бўш қолдирган.

Шундай бўлсада, америкалик сайловчилар фикрини ўзгартиришда реклама роликлари ва телеянгиликлар қандай ўрин тутиши борасида қарама-қарши фикрга эга.

Трампнинг митингларида қатнашаётган тарафдорлари ҳам ниқобсиз ва ижтимоий масофага риоя қилмаяпти. АҚШ президенти демократлардан бўлган губернаторларни ўринсиз ҳолда қатъий карантин чораларини қўллашда айблаб, улардан зудлик билан мактаб ва коллежларни очишни талаб қилмоқда, у Қўшма Штатлар «эпидемия чўққиси»дан ўтгани, энди иқтисодиёт масалалари ҳақида ўйлаш кераклигини таъкидламоқда.

«Мен шунчаки нормал ҳаётга қайтишни сўрайман. Сизлар ҳам шуни хоҳлайсизку», деди Трамп жума куни Висконсин штатидаги учрашув вақтида.

Ўз навбатида, Жо Байден омма олдидаги чиқишларида мутахассисларнинг тавсияларига амал қилишга, эпидемияни жиловлаш учун карантин чораларига амал қилиш, масофа сақлаш ва ниқобда юришга чақирмоқда.

«Биз учун ниқоб тақиш - сиёсий ишора. Худо ҳаққи, бу ватанпарварлик бурчимиз. Мен иқтисодиётни ўлдирмоқчи эмасман, мен вирусни ўлдирмоқчиман», деди у Висконсиндаги демократларнинг кичик митинги вақтида.

«Уятчан сайловчилар»
Республикачилар партияси политтехнологлари жамоатчилик фикрини ўрганиш асосидаги сўровномада қатнашганларнинг кўпчилиги Трамп тарафдори эканини очиқ айтишни истамайдиганлардан иборат экани, сайлов куни улар амалдаги президентни қўллаб-қувватлаб овоз беришларини айтишмоқда.

«Биз тез-тез «уятчан сайловчилар» ҳақида эшитиб турамиз, улар аслида Трампнинг тарафдорлари бўлиб, ҳозирча ҳеч ким уларга эътибор қаратгани йўқ», дейди Демократик партиянинг Висконсиндаги қўмитаси раиси Washington Post учун берган интервьюсида.

Сўнгги сўровлар эса бу сафар ҳам 2016 йилги сценарий такрорланишини тасдиқламаяпти, тўрт йил олдин Трампнинг ғалабасини бир неча штатда сўнгги лаҳзаларда оммавий равишда сайлов участкаларига келган сайловчилар таъминлашганди.

Сўнгги икки ҳафтада Байден сайловлар натижасида ҳал қилувчи ўрин тутувчи штатлар - Мичиган, Висконсин ва Пенсильванияда ишонч билан етакчилик қилмоқда.

Демографик тадқиқотлар ҳам пойгада АҚШнинг собиқ вице-президенти олдинда бораётганидан, Трамп эса кундан кунга тарафдорларини йўқотаётганидан гувоҳлик бермоқда.

Washington Post газетаси таҳлилларига кўра, умуммиллий сўровномалар Байден 65 ёшдан ошган сайловчилар орасида 9 фоизлик устунликка эгалигини кўрсатган. Тўрт йил муқаддам бу ёш тоифасидаги сайловчилар Трампга 8 фоизлик устунлик берган.

АҚШнинг амалдаги президенти оқ танли эркак сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси 15 фоизга, оқ танли аёл сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланиш даражаси эса 10 фоизга камайган.

Тадқиқотчиларнинг ишонч билан айтишича, бу сафар давомат юқори бўлиши Трампнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлади. Одатда ёшлар ва этник камчиликка мансуб бўлганлар сайлов кунида сайлов участкаларига келишда фаоллик кўрсатишмайди, сиртдан овоз беришга эса пандемия туфайли жорий этилган чекловлар халал беради.

«Ҳозирда истовчиларнинг барчасига масофадан овоз бериш учун почта орқали бюллетенлар етказиб берилган, кўплаб штатларда конвертни юбориш учун почта маркаси ёпиштириш ҳам шартмас - сайлов комиссияси бу харажатларни олдиндан қоплаб қўйган. Бу сайловларда барчасини демократларнинг фаоллиги ҳал қилади, ҳозирча эса Байденнинг тарафдорлари рекорд даражадаги рақамларни қайд этмоқда», деган Hawkfish тадқиқот компанияси маслаҳатчиси Майкл Ҳалле.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШда президентлик сайловлари: финиш. Оқ уй кимга насиб этади?