Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган “Насаф” – “Хоразм” (2:1) учрашувидан сўнг қаршиликлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этиб, жамоанинг навбатдаги ғалабаси ва келгуси режалари ҳақида тўхталди.
Бердиев сўзининг аввалида мухлисларни табриклаб, асосий урғуни натижага қаратди:
— “Ўйин ҳақида алоҳида тўхталгим йўқ. Чунки футболда баҳс ўтиб кетади, аммо натижа қолади. Биз охирги пайтларда очколар йиғишда давом этяпмиз. Ҳозир энг муҳими — шу. “Хоразм” бизга жуда яхши қаршилик кўрсатди, айниқса биринчи бўлимда вазиятлар яратишди. Аммо иккинчи таймда уларнинг кучи камайгач, устунлик бизга ўтди ва муҳим ғалабани қўлга киритдик”, — деди мураббий.
Учрашувда икки легионернинг захирага олиниши ҳақида Бердиев шундай изоҳ берди:
— “Афсуски, улардан кутилган самара кўринмади. Шу боис ҳужумни кучайтириш мақсадида бошқа ўйинчиларга ишонч билдирдик.”
Умар Эшмуродовнинг баҳс сўнгги дақиқаларида майдонга туширилиши ҳам мураббий томонидан шарҳланди:
— “Умар кўплаб ўйинларда асосий таркибда тушиб, катта ишларни бажариб келган. Бу сафар унга дам беришни истаган эдик, аммо ўйин шароити туфайли захирадан қўшдик.”
Янги келган легионерлар ҳақида Бердиев қуйидагича фикр билдирди:
— “‘Насаф’ — катта клуб. Бундай жамоага дарҳол мослашиб кетиш осон эмас. Ҳар бир футболчи, хусусан легионерлар мослашиш жараёнидан ўтиши табиий.”
Клубнинг келгуси “Ал Ҳилол”га қарши ОЧЛ ўйинига тайёргарлиги ҳақида ҳам фикр билдирилди:
— “‘Ал Ҳилол’ — Осиёнинг энг кучли клубларидан бири. Юлдузлар билан тўлиб-тошган жамоа. Биз аниқ натижага ваъда беролмаймиз, аммо футболчиларни жисмонан ҳам, руҳан ҳам тўлиқ тайёрлаймиз. Ҳаммасидан ҳам мухлислар қўллови жуда зарур. Стадионда бўлишса, биз учун 12-ўйинчи бўлишади. Ижтимоий тармоқларда қўллаб-қувватлаш ҳам катта руҳий куч беради.”
Шунингдек, тажрибали ҳужумчи Драган Чераннинг ҳолати ҳақида тўхталиб, мураббий қуйидагича қайд этди:
— “Албатта, ёш омиллари таъсир қилади. Лекин у ҳануз жамоага катта ёрдам бермоқда. Ҳужумларни бошлашда ва вазият яратишда Чераннинг тажрибаси ва фаоллиги бизга керак бўлмоқда.”