date

Хитойда дунёдаги энг баланд осма кўприк очилиш арафасида

Хитойда дунёдаги энг баланд осма кўприк очилиш арафасида

Хитой яна бир глобал меъморий рекордни ўрнатди. Мамлакатда дунёдаги энг баланд кўприк қурилиб, унинг расмий очилишига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда CGTN телеканали маълум қилди.

Мазкур улкан иншоот Хитойнинг жануби-ғарбидаги Гуйчжоу водийсида, Лючжи–Аньлонг йўли устида барпо этилган. У Хуацзян Гранд Каньони устидан ўтиб, дарадан 625 метр баландликка кўтарилгани боис аллақачон рекордчи мақомига эга бўлди.

Кўприкнинг умумий узунлиги 2,9 километрни ташкил этиб, асосий ўқ қисми 1,4 километрга тенг. Унинг юк кўтарувчи конструкциялари пўлатдан ишланган бўлиб, оғирлиги тахминан 22 минг тонна бўлган 93 та сегментдан иборат. Бу кўрсаткич иккита Эйфел минораси оғирлигига баробар.

Қурилиш ишлари 2022 йил бошида старт олган. Лойиҳа нафақат минтақанинг асосий транспорт артерияси сифатида, балки сайёҳлар учун ноёб манзарали йўналиш сифатида ҳам эътироф этилмоқда.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги кўприк фойдаланишга топширилгандан сўнг ҳайдовчилар учун катта қулайлик яратади. Аввал икки соат давом этган йўл энди икки дақиқагача қисқаради. Кўприкнинг расмий очилиши 28 сентябрь, якшанба куни белгиланган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитойда дунёдаги энг баланд осма кўприк очилиш арафасида