20:05 / 29.11.2020
3 471

Пётр учун дарс бўлган муҳораба. Нарва жанги тарихи

Пётр учун дарс бўлган муҳораба. Нарва жанги тарихи
Фото: Google Photos
1700 йилнинг 30 ноябрь куни Россия подшолиги ҳамда Швеция қироллиги ўртасида Эстониянинг Нарва шаҳрида Шимолий уруш доирасида муҳим жанг бўлиб ўтди. Жангда Буюк Пётр I ҳукмронлик қилаётган Россия қўшинлари 18 ёшга ҳам тўлмаган Швеция қироли қўшинлари томонидан тор-мор этилди. «Дарё» мазкур жанг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Тарихий жараён
Россия XVII асрда бошқа Европа мамлакатларидан ривожланишда анча орқада эди. Айниқса, ҳарбий соҳада. Россия подшоси Буюк Пётр эса Россиянинг ҳудудларини кенгайтиришни мақсад қилган эди. Денгиздан денгизгача шиорини илгари сурган Пётр Болтиқ денгизи мамлакатларини Швециядан қайтариб олишни истарди. Бу ҳудудлар 1617 йилда Столбово шартномасига биноан қўлдан чиққан эди. Пётр хориждан ҳарбий офицерлар ёллаган бўлишига қарамасдан, армиянинг тайёргарлиги яхши эмасди.

Швеция эса яхши тайёргарликдан ўтган, замонавий қуроллар билан қуролланган кучли армияга эга эди. Швеция ўша пайтдаги Шимолий Европанинг энг кучли давлати эди, таркибига Германия шимоли, Болтиқ ҳавзаси давлатлари ҳамда Финляндия кирарди. Қирол Карл XI вафотидан кейин мамлакат тахтига 15 ёшли Карл XII ўтирди.

Янги қиролнинг тажрибасизлиги ва ёшлигидан фойдаланиб бой берилган ҳудудларни қайтариб олиш мақсадида қўшни мамлакатлар ўзаро бирлашишга қарор қилди. Шу мақсадда Дания, Польша, Норвегия, Саксония ва Россия ҳукмдорлари ўзаро иттифоқ тузди ва Швецияга қарши уруш қилишга келишиб олди.

1700 йилнинг ёзида Дания қироли Фредерик IV Шлезвиг-Гольштейнни эгаллаб олди. Саксония армияси эса Ригани қамал қилди. Ўз навбатида, 8 августда Карл XII Копенгагенда Дания қўшинларини мағлуб этди. Ноябрь ойига келиб, Россия қўшинлари Нарва шаҳрини эгаллаш мақсадида уни қамал қилишни бошлади. Карл XII эса рус қўшинларига зудлик билан зарба бериб уларни бартараф қилишга қарор қилди.

Жангнинг бориши
Нарва шаҳридан оқиб ўтувчи Нарва дарёси бўйида жойлашган рус қўшинлари сони турли манбаларда 34 мингдан 40 минггача бўлгани кўрсатилади. Шведларнинг асосий қўшинлари қишки қароргоҳида бўлгани сабабли қиролнинг қўшинлари сони камчиликни ташкил этарди. 1 900 кишилик Нарва қалъасидаги Нарва гарнизони ҳамда 9 минг кишилик қирол қўшини русларга қарши жанг қилиши лозим эди.

Фото: Google Photos
21 ноябрь куни рус қўшинида хиёнат юз берди. Асли эстландиялик бўлган капитан Якоб Гуммерт Нарвага қочиб кирди ва рус қўшинлари таркиби ва жойлашуви ҳақида маълумот етказди. Пётр эса Нарвада турган қўшин таркибидаги швед миллатига мансуб барча офицерларни бошқа бўлинмаларга юборишга буйруқ берди.

Шведларнинг яқинлашиб келаётганини эшитган Пётр 29 ноябрь куни қўмондонликни саксониялик фелдмаршал, герцог Де Круага қолдириб Новгород шаҳрига жўнаб кетди. Бунга сабаб швед асирларининг қиролнинг 50 минг кишилик қўшин билан келаётгани ҳақидаги ёлғон хабар бўлган эди.

Рус қўшинлари яқинига келиб қолган шведлар 30 ноябрь тундаёқ юришни бошлади. Соат тонгги 10 да руслар шведларни кўрди. Де Круа шошилинч мажлис чақирди. Кенгашда Шереметов Нарва қамали учун қўшин қолдириб, қолган кучлар билан шведларни қарши олиш учун майдонга боришни таклиф қилди. Герцог қўшинлар шведларга қарши очиқ майдонда жанг қила олмаслигини айтиб, бунга рози бўлмади. Кенгаш шведлар келгунча жойдан қимирламаслик ва уларни шу ерда кутиб олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу эса шведларга устунлик олиб келди.

Руслар шведлар сонини билмас, Карл XII эса рус қўшинлари сонидан яхшигина хабардор эди. Рус қўшинларининг марказий қисми кучли эканини билган қирол қанотларга ҳужум қилишни буюрди. Шу орқали уларни дарёга сиқиб бориб сувга чўктириб юборишга қарор қилди. Қўшинни шахсан қиролнинг ўзи бошқарди.

Жанг Кундуз соат 2 да бошланди. Шу куни қорбўрон бўлгани сабабли кўриш узоқлиги 20 қадамни ташкил қиларди. Бу эса шамол йўналиши бўйлаб ҳаракат қилган шведларга қўл келди ва улар рус қўшинининг жигаригача кириб боришига имкон берди. Ярим соатдан сўнг рус қўшинларининг уч жойида ёриқлар пайдо бўлди. Тезкорлик билан ҳаракат қилган шведлар рус лагеригача кириб борди. Руслар орасида саросима бошланди. Аскарлар орасида «сотқин немислар» деган овозлар эшитилиши оқибатида, руслар хорижлик офицерларни дўппослай кетди. Кўприк орқали чекинмоқчи бўлган рус пиёдаларини кўприк кўтара олмади ва аскарлар сувга ғарқ бўлди. Шереметов бошлиқ отлиқлар эса Нарванинг чап қирғоғи бўйлаб чекинди ва кўприк орқали нариги соҳилга ўтиб, Псков шаҳрига жўнаб кетди.

Фото: Google Photos
Бош қўмондон Де Круа ва бошқа бир қатор хорижлик офицерлар ўз аскарлари томонидан калтакланишдан хавфсираб шведларга таслим бўлди. Бу вақтда рус қўшинларининг ўнг қаноти шведларга қаттиқ қаршилик қилди. Чап қанот ҳам шведлар ҳужумини мардонавор қайтаришга эришди. Қиролнинг шахсан жанг майдонида экани ҳам аскарлар руҳини кўтара олмади. Жанг қоронғи тушган пайтда тугади. Тунда икки томонда ҳам саросима тинмади. Шведлар бир-бирларини руслар деб ҳисоблаб ўзаро уришиб кетди. Рус аскарлари ҳам қўшинлар таркиби сақланганига қарамасдан, бош қўмондоннинг йўқлиги сабаб нима қилишни билмай қолди. Чап ва ўнг қанотлар ўртасидаги алоқа узилиб қолди.

Рус армиясининг таслим бўлиши
Жангнинг эртаси куни княз Яков Долгоруков, Автоном Головин, Иван Бутурлин, Саревич Александр Имеретинскийлар таслим бўлиш ҳақидаги музокаралар бошлашга қарор қилди. Долгоруков шведларни рус қўшинларининг дарёнинг ўнг қирғоғига қуроллар ва герблар билан эркин ўтишларига кўндирди. Аммо артиллерия ва аравалар шведларда қолиши керак эди. 1–2 декабрь кунлари рус қўшинлари дарёнинг нариги қирғоғига ўтди. Ўлжа тариқасида шведлар 20 мингта мушкет милтиғи ва 32 минг рубль миқдорида подшоҳ хазинасига эга бўлди. Шунингдек, 210 та байроқни ҳам қўлга киритди. Шведлар 677 кишини йўқотган бўлса, 1 250 киши жароҳатланди. Рус армиясида эса етти мингга яқин киши ҳалок бўлди, бедарак йўқолди ва жанг майдонини ташлаб қочди.

Жанг натижасида руслар катта йўқотишга учради. Карл XII нинг номи дунёга достон бўлган бўлса, Пётрнинг обрўси тушиб кетди. Австрия ва Франция дипломатлари воситачилигида Карл билан тинчлик сулҳи имзолаш учун қилган ҳаракатлари бесамар кетди. Натижада, Россия–Саксония иттифоқи юзага келди. Пётр учун мазкур жанг яхшигина дарс бўлди. У энди армияни кучайтириш ва замонавийлаштириш вақти келганини англаб етди.

1704 йилда иккинчи бор Нарвага юриш қилган Пётр энди уни эгаллашга муваффақ бўлди. Полтава жангида эса шведларни мағлуб этишга эришди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Пётр учун дарс бўлган муҳораба. Нарва жанги тарихи