09:02 / 02.01.2021
2 741

Америкалик разведкачи Пауэрснинг СССРдаги саргузаштлари ҳақида

Америкалик разведкачи Пауэрснинг СССРдаги саргузаштлари ҳақида
Фото: Google Photos
Май ойи тарихи сиёсий воқеаларга бой. Шулардан бири Совуқ уруш билан боғлиқ. 1960 йилнинг 1 май куни Свердловск осмонида Совет ракетаси Америка разведка самолётини уриб туширди. Учувчи тирик қолди ва у АҚШ разведкаси ходими эканини тан олди. «Дарё» Совуқ урушнинг энг машҳур жосуслик эпизодларидан бири бошланган давр ҳақида маълумот беради.

Покистондан Орол денгизи бўйлаб
Марказий разведка бошқармасининг ходими ва корейс уруши фахрийси бўлган ўттиз ёшли Фрэнсис Пауэрс Покистоннинг Пешовар шаҳридаги Америка авиабазасидан СССР томон учиб кетмоқда. У энг сўнгги Lockheed U-2 самолётидан фойдаланган ҳолда Совет армиясининг фаолияти тўғрисида маълумот тўплайдиган Америка разведка дастурининг аъзоларидан бири эди. 1 май куни Пауэрс одатдагидек СССР ҳудуди бўйлаб учиб, ҳарбий объектларни 21 км баландликдан суратга олиши керак эди.

Унинг йўли совет—афғон чегараси бўйлаб Орол денгизи, Челябинск, Киров, Плесецк, Мурманск шаҳарлари орқали давом этиб, маршрут сўнгида самолёт Норвегияга қўниши режалаштирилганди. Бу вақтга келиб, учувчи бундай парвозларни жуда кўп амалга оширганди. Орадан, тахминан, тўрт соатлар ўтиб унинг миссияси тўхтатилди. Самолёт катта баландликда бўлишига қарамай, уни Совет ҳаво мудофаа тизими пайқаб қолди ва уриб тушириш учун ракеталарни йўналтирди. Кўп ўтмай ҳалокатга учраган самолёт ўз базаси билан алоқасини йўқотиб, ерга шўнғиди.

«Мен юқорига қарадим ва атрофимда тўқ сариқ нурни кўрдим. Аввалига бу фонарнинг аксими ёки бутун осмон шундайми, билолмадим. Ўзимга ўзим ё Худойим, мен тамом бўлдим, деганимни эслайман», — деб айтган эди Пауэрс кейинроқ.

Рад этиш, кўникиш, тан олиш
Аввалига АҚШ разведкаси ушбу воқеа ҳақида ҳеч қандай изоҳ бермади. Аммо ҳалокатдан бир неча кун ўтгач АҚШнинг космик агентлиги бўлмиш NASA «Туркиядан парвоз қилган самолёт аввал техник муаммолар туфайли адашиб, сўнгра ҳалокатга учрагани» ҳақида матбуот хабарини тарқатди. Ҳатто оммавий ахборот воситаларида ҳалокатга учраган самолёт тасвирланган фотосурат эълон қилинди. Агентликнинг сўзларини Америка президенти Дуайт Эйзенхауэр ҳам такрорлади.

Аммо ҳақиқий ҳалокат ва NASA баёнотидан бир ҳафта ўтгач, Совет ҳукумати ҳолат Марказий разведка бошқармаси протоколларида кўрсатилганидек эмаслигини баён қилди. Аслида, учувчи нафақат ўлмаганди, балки махфий ҳарбий объектларнинг фотосуратларини ҳам йўқ қилишга улгурмаган эди. Жосус учувчини сўроқ қилиш жараёнларидан олинган лавҳалар, унинг буюмлари, ҳарбий объектлар кўрсатилган хариталари ва U-2 самолётининг парчалари Совет телевидениесида жуда кўп намойиш этилди. Шундан сўнг АҚШ Пауэрсни разведка ходими деб тан олишга мажбур бўлди.

Фото: Wikipedia
Жосуслар ўйини
Пауэрс қўлга олинишига қадар Америка разведкаси Совет Иттифоқи ҳудуди бўйлаб бир неча йил давомида мунтазам равишда учиб юрган ва ўзи муҳим ҳарбий иншоотлар деб ҳисоблаган объектларни суратга олган.

1950 йилларга келиб Совуқ урушнинг ҳар икки томонида ҳам паранойялар ўсиб борди. Ўн йилликнинг ўрталарида эса Қўшма Штатларда яшовчи коммунистик кайфиятдагиларга, Америка раҳбариятини танқид қилганлар ва социалистик ғояларни маъқуллаганларга қарши кенг кўламли сиёсий қатағонлар олиб борилди. Очиқ телевизион эшитувларда маданият ва сиёсий арбоблар суд қилинди ва «коммунистик» фаолияти учун касбий фаолиятдан четлаштирилди.

Жосуслик можаролари эса ушбу паранойянинг янада кўпайишига ёрдам берди. 1957 йилда АҚШ асосий совет жосусларидан бири — Рудольф Абелни фош этди. Уни Америка расмийларига ўзининг собиқ ҳамкори тутиб берган. Абель бир неча йиллар давомида агентлар тармоғи орқали Американинг ядро саноати тўғрисидаги маълумотларни тўплаган. У жосусликда айбланиб, 32 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳарбийлари ва разведкачилари Совет Иттифоқи ҳудудида жосуслик қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқди. Совет ҳаво мудофааси тизимлари ва тутқичларининг такомиллаштирилгани сабабли энди Америка самолётлари СССР чегараларига бемалол яқинлаша олмас эди. Кейинроқ эса замонавий радар тизимлари кузата олмайдиган баландликда, яъни 19 километрдан баланд учадиган самолётлар ишлаб чиқариш таклиф қилинди. Шундай қилиб, U-2 самолётларини фаол ривожлантириш дастури бошланди. 1955 йилга келиб америкаликлар биринчи муваффақиятли синовларини ўтказди ва 1956 йилдан Совет блоки узра парвозлар дастурини йўлга қўйди.

КГБ ертўласида
Марказий разведка бошқармасининг ҳозирда омма учун очилган махфий ҳужжатларига кўра, агар самолёт билан бирор-бир ҳодиса юз берса ёки уни сезиб қолишадиган бўлса, у ҳолда самолётнинг юқори баландликдаги об-ҳавони кузатиш учун ишлатилганини баҳона қилмоқчи бўлишган. Юқорида айтиб ўтганимиз ва ОАВ ларда «суратлари пайдо бўлган самолёт» айнан ўша режа асосида амалга оширилган манёвр эди. Аммо Пауэрснинг ёнидан топилган ҳужжатлар АҚШни ноқулай аҳволга солиб қўйди.

Фото: Wikipedia
Парижда 1960 йилнинг май ойи ўрталарида СССР, АҚШ, Буюк Британия ва Франция раҳбарларининг саммити бўлиб ўтиши керак эди. Учрашув ғарбий ва шарқий блоклар ўртасидаги кескинликни камайтиришга ёрдам бериши кутилаётганди. Аммо Пауэрс воқеаси сабабли ушбу тадбирнинг кун тартиби тубдан ўзгариб кетди.

Совет Иттифоқи етакчиси Никита Хрушёв АҚШ президенти Дуайт Эйзенхауэрдан узр сўрашни ва СССР бўйлаб жосуслик парвозларини тўхтатишни талаб қилди.

Акс ҳолда, АҚШ президентига юборилган Совет Иттифоқига ташриф буюриш таклифини қайтариб олишга ваъда берди. Эйзенхауэр ҳеч қачон Совет Иттифоққа ташриф буюрмаган. Фрэнсис Пауэрс суд жараёнини кутаётган пайтида Лубянкадаги КГБнинг ички қамоқхонасида эди. Учувчи кейинроқ эслашича, уни калтаклашмаган, аммо доимий равишда психологик қийноқларга солишган. Пауэрснинг сўзларига кўра, уни деярли 30 кун давомида сўроқ қилишган, сўроқ пайтида унинг кўзларига ёрқин нурли прожектор ёқиб қўйилган.

Суд
Пауэрс устидан суд жараёни у қўлга олингандан бир неча ой ўтиб — 1960 йилнинг августида бошланди. Совет ҳукумати жараённи очиқ ўтказишга қарор қилди ҳамда Пауэрснинг онаси ва рафиқасига Москвага учиб келишга рухсат берди. Айбловчи томон сифатида шахсан СССР бош прокурори Роман Руденко таклиф қилинган. «Америкалик жосус учувчи устидан ўтказилаётган ушбу суд жараёни, нафақат шахсан Пауэрс томонидан содир этилган жиноятларнинг фош қилинишини, балки халқларнинг тинчлиги ва хавфсизлигига қарши даҳшатли жиноятларнинг ҳақиқий илҳомлантирувчилари ва ташкилотчилари бўлган АҚШ ҳукмрон доираларининг жиноий тажовузкор ҳаракатларини ҳам очиб беради», деган эди Руденко суд жараёнида.

Фото: Wikipedia
Ҳукм ва бартер
Пауэрс жосусликда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Ҳукмга кўра, у дастлабки уч йилни Владимир шаҳрида ўта хавфли жиноятчилар сақланувчи собиқ «Владимирский Централ» қамоқхонасида ўтказиши керак эди. Аммо учувчи қамоқда тўлиқ муддат ўтамади. Чунки бир неча ойлар давом этган музокаралардан сўнг 1962 йилнинг февраль ойида Фрэнсис Пауэрс АҚШда судланган совет айғоқчиси Рудольф Абелга алмашиб олинди. Ушбу жараён голливуднинг машҳур «Жосуслар кўприги» деб номланган фильмида тўлиқ ўз аксини топган.

Аммо Америка Қўшма Штатларида жамоатчилик Пауэрсни ёмон кутиб олди. Чунки АҚШга келгач уни ҳибсга олингани, самолёт аслида ракета ҳужумига учрамагани, Пауэрснинг ўзи уни СССР билан олдиндан тил бириктирган ҳолда ихтиёрий равишда қўндиргани ҳақида матбуотда хабарлар тарқаб улгурган эди. Учувчи қайтиб келгач, Америка махфий хизматлари томонидан сўроққа тутилиб, унга қарши иш қўзғалгани рост. Аммо 1962 йил март ойида барча айбловлар бекор қилиниб, Пауэрс давлат мукофотларига лойиқ кўрилди.

Дарвоқе ушбу воқеа ҳақида 2015 йилда «Айғоқчи кўприги» номли фильм суратга олинди. Ушбу фильм тарихий реалликни ҳаққоний очиб бергани билан диққатга сазовор.

Собиқ жосуснинг сирли ўлими
Фрэнсис Пауэрс 48 ёшида 1977 йилнинг ёзида Калифорниядаги кенг кўламли ўрмон ёнғинларини ўчириш пайтида ҳалок бўлди. Унинг бошқарувидаги вертолётда ёнилғи тугаб, унга энг яқин аэродромдан бир неча километр нарида қулади. Унинг ўлими атрофида ҳам турли туман конспирологик назариялар юради, ҳақиқатни эса олий ҳакам бўлган вақт кўрсатади...

Нурбек Алимов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америкалик разведкачи Пауэрснинг СССРдаги саргузаштлари ҳақида