Ўзбекистон 2025 йилнинг январ–август ойларида бизнес ва тижорат мақсадида ташриф буюрувчи хорижликлар сони бўйича янги кўрсаткични қайд этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, шу даврда мамлакатга жами 287,7 минг нафар чет эл фуқароси келган.
Бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 190,3 минг нафарга кўп бўлиб, деярли уч баробар ўсишни кўрсатмоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай ўсиш мамлакатдаги инвестиция муҳити, транспорт қулайликлари ва бизнес учун яратилаётган шарт-шароитлар билан изоҳланади.
Энг кўп меҳмон Афғонистондан бўлган — 267 879 нафар фуқаро Ўзбекистонга тижорат ёки ишбилармонлик мақсадида ташриф буюрган. Шунингдек, Тожикистондан 14 648, Туркманистондан 2 235, Россиядан 585, Туркиядан 392, Қозоғистондан 373 нафар киши келган.
Бошқа давлатлардан келганлар сони 1 635 нафарни ташкил этди. Мутахассислар фикрича, Афғонистон билан иқтисодий алоқаларнинг кучайиши ва чегара орқали фаол савдо алмашинуви ушбу кўрсаткичда ҳал қилувчи омил бўлди.
Шунингдек, мамлакатда тадбиркорлик фаолияти учун енгиллаштирилган виза тизими, солиқ имтиёзлари ва эркин иқтисодий зоналар сонининг кўпайиши ҳам хорижликлар қизиқишини орттирган.
Иқтисодий таҳлилчиларнинг баҳолашича, хорижий бизнес делегацияларининг ўсиши мамлакатнинг инвестицион салоҳиятини оширади ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳам фаоллик ошиши кутилмоқда. Экспертлар фикрича, мамлакатдаги бизнес туризм сектори келгуси йилда янада кенгайиши мумкин — бу эса Ўзбекистоннинг минтақавий савдо марказига айланиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!