date

Қирғизистонда фожиа: 17 ёшли қиз дугонасининг олдига кетаётганда зўрлаб, ўлдиришди

Қирғизистонда фожиа: 17 ёшли қиз дугонасининг олдига кетаётганда зўрлаб, ўлдиришди

Қирғизистонда ёш қиз билан боғлиқ даҳшатли жиноят бутун мамлакатни ларзага солди. Иссиқкўл вилоятининг Етти-Ўғуз тумани, Барскаун қишлоғида яшовчи 17 ёшли Ойсулув исмли қиз шафқатсизлик билан зўрланиб, кейин ўлдириб кетилган. Бу ҳақда “Turmush” нашри маълум қилди.

Маълумотларга кўра, фожиа сентябрь ойининг охирларида содир бўлган. Тушдан кейин Ойсулув дугонаси билан учрашиш учун уйидан чиқиб, Қоракўл шаҳрига йўл олган. Йўлда унга “Honda Stream” русумли машина тўхтаган — унинг ҳайдовчиси 1984 йилда туғилган, бир неча бор судланган эркак экани кейин маълум бўлган.

Ёш қиз дугонасига етиб бормаган. Тергов маълумотларига кўра, эркак уни олма боғи томонга олиб бориб зўрлаган, кейинчалик қилган жинояти фош бўлишидан қўрқиб, уни бўғиб ўлдирган. Сўнгра жасадни Кемин тумани ҳудудига ташлаб кетган ва Бишкекка қочган. Шу пайтда у телефонини ҳам атайлаб йўқ қилган.

Қизнинг қариндошлари уни излаб, тахминан соат 19:30 да полицияга мурожаат қилишган. Аммо, афсуски, бу вақтда қиз аллақачон ҳаётдан кўз юмган бўлган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қисқа фурсат ичида гумонланувчини қўлга олишга муваффақ бўлди.

Ойсулув 30 сентябрь куни ўз қишлоғида, яқинлари ва бутун маҳалла аҳли иштирокида дафн этилган.

Полиция маълумотларига кўра, жиноятда 41 ёшли Бишкекда яшовчи эркак айбдор деб топилган. У фақат зўрлаш билан чекланмай, қизнинг жонига қасд қилган. Тергов доирасида зарур экспертизалар тайинланган.

Марҳуманинг қариндошлари айтишича, дастлаб полиция уларнинг аризасини қабул қилишни кечиктирган ва “3 кун ўтмагунча излаш мумкин эмас” деган. Бироқ Ички ишлар вазирлиги хизмат текшируви ўтказиб, бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Маҳаллий жамоатчилик бу воқеа бўйича адолат талаб қилмоқда ва ёш қизнинг ўлими мамлакатдаги зўравонликка қарши курашнинг жиддий аҳамият касб этиши лозимлигини яна бир бор эслатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистонда фожиа: 17 ёшли қиз дугонасининг олдига кетаётганда зўрлаб, ўлдиришди