15:00 / 17.02.2021
1 686

Исроилда вакцинация коронавирусни енгишни бошлади, бунга «британча» штамм ҳам тўсиқ бўлмаяпти

Исроилда вакцинация коронавирусни енгишни бошлади, бунга «британча» штамм ҳам тўсиқ бўлмаяпти
Тель-Авивда коронавирусга қарши эмланиш учун навбат. 2021 йил 9 февраль
Фото: Sinxua

Исроил аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тезлиги бўйича дунёда етакчи бўлиб қолмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 16 февралдаги маълумотларига кўра, бутун аҳолининг 28 фоиздан ортиғи, катталарнинг (16 ёшдан ошганлар) эса 39 фоизга яқини тўлиқ эмланган, деб ёзади Meduza. Бундай натижага Pfizer компанияси билан тузилган махсус келишув сабабли эришилган дейилади хабарда.

«2021 йил марти охирига келиб, 16 ёшдан катта бўлган исроилликларнинг барчаси Pfizer/BioNTech вакцинаси билан эмлана олади», — дея мамлакат бош вазири Бинямин Нетаньяху февраль бошида эълон қилган эди.

Битим доирасида Исроил «бутун бир мамлакатни тезкорлик билан эмлашнинг халқаро модели»га айланди, дея тушунтирди бош вазир. Нетаньяхунинг ўзи учун муваффақиятли эмлаш кампанияси — унинг 23 мартдаги парламент сайловидан кейин лавозимга қайта сайланишига ёрдам бериши керак бўлган сиёсий вазифа ҳамдир, деб эслатади The Guardian.

Исроилда биринчи бўлиб эмланишни бошлаган 60 ёшдан катта одамлар орасида касалланиш даражаси аллақачон тезлик билан пасая бошлади (бу гуруҳда вакцинанинг зарур бўлган иккала дозасини ҳам қабул қилганлар улуши 72—83 фоизга тенг). Ушбу тоифадагилар орасида касалхонага ётқизишлар сони январь ўрталаридаги кўрсаткичдан 34 фоизга қисқарди, ёшроқ одамлар орасидаги касалхонага ётқизишлар сони эса ўша даражада қолди ва ҳаттоки, бироз ошди, яъни бу эффект мамлакатда 2021 йил январида навбатдаги локдаун жорий қилиниши билан боғлиқ эмасга ўхшайди.

«Кекса одамлар орасида ёшроқ аҳолига нисбатан таъсир кучлироқ, ёшроқ аҳоли кейинроқ эмланиши керак эди ва бу қонуният аввалги изоляция вақтида кузатилмаган эди», — деди Исроил ССВ учун маълумотларни таҳлил қилиш билан шуғулланувчи илмий гуруҳ раҳбари ва биологй профессор Эран Сегал.

Мамлакатдаги энг йирик тиббий ташкилотлардан бири, ярим миллион кишини вакцинанинг иккала дозаси билан ҳам эмлашга улгурган Маккаби клиникалар тармоғининг маълум қилишича, эмланганларнинг 544 нафари ёки 0,1 фоизидагина кейинчалик коронавирус аниқланган. Ушбу касалланиш даражасини эмланмаган одамлар назорат гуруҳидаги кўрсаткич билан таққослаб, Маккабидагилар вакцинанинг самарадорлик даражасини 93 фоиз деб баҳолади.

Аммо Исроил ССВ аҳолининг ҳали вакцинация билан қамраб олинмаган ёшроқ гуруҳлари орасида касалланиш даражаси ўсишидан хавотирда. «60 ёш ва ундан катта одамлар орасида коронавирус билан жиддий касалланишлар сони яққол пасаймоқда, — дейилади муассасанинг 14 февралдаги ҳисоботида. — Аммо ёшроқ аҳоли гуруҳлари орасида оғир аҳволдаги беморлар сони ошмоқда».

ССВ маълумотларига қараганда, ўтган дам олиш кунлари, 12—13 февралда, COVID-19 ташхиси қўйилган одамларнинг қарийб 75 фоизи 40 ёшдан кичик ва атиги 7 фоизи — 60 ёшдан катта бўлган. 60 ёшдан кичик одамлар ҳиссасига ҳозир касалликнинг оғир кечиш ҳолатларининг 38 фоизи тўғри келади ва бу бир ой аввалги кўрсаткичдан 53 фоизга кўп демакдир.

ССВ эслатишича, коронавируснинг «британча» штамми тарқалиш даражаси бўйича устунликка эришган, у эса сўнгги тадқиқотларга қараганда, янада юқумлироқ ва касалликнинг янада оғирроқ кечишини келтириб чиқаради.

Шундай бир вазиятда Исроил ҳукуматини вакцинация суръатларининг тушиши жиддий хавотирга солди. Январда кунига 150 минггача одам эмланган бўлса, февралда — энди 16 ёшдан ошган барча фуқаролар эмланиш имкониятига эга бўлганига қарамай — бу рақам мунтазам равишда пасайиб, кунига 60 минг кишига тушиб қолди.

Ҳукумат бунга чора-тадбирларнинг бутун бир комплекси билан жавоб қилди. ССВ вакцинацияга қарши қаратилган дезинформация билан курашиш учун ишчи гуруҳни кучайтирди. У ҳар куни бир нечта тилда ижтимоий тармоқларни мониторинг қилиб, улардан бундай постларни блоклашни талаб қилади.

Исроилликларни рағбатлантириш усуллари ҳам қўлланилган: 21 февралдан бошлаб ҳукумат эмланган фуқароларга спорт ва тренажёр заллари, бассейнлар, меҳмонхоналар ва маданият муассасаларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Ҳозир у ерлар локдаун туфайли ёпиқ (аммо кўча дўконлари, савдо марказлари, музей ва кутубхоналар барча учун очилади). «Тренажёр заллари ва маданий тадбирларга бориш ҳуқуқини қўлга киритасизми ёки орқада қоласизми? Вакцина олинг!» — деб ёзди соғлиқни сақлаш вазири Юлий Эделштейн Twitter’да.

Эмланганларга ёки касалланиб ўтганларга «яшил паспорт» деб аталувчи махсус ҳужжат берилади. «Яшил пасспорт» эгалари учун рухсат берилган муассасаларга кириш имкониятини ташкиллаштириш учун махсус мобил дастур ишга туширилади. Кимда смартфон бўлмаса — булар асосан ўта ортидокс жамоалар вакиллари — штрихкодли сертификатни чоп эттириши мумкин, у киришда сканерланади.

Бундан ташқари, «яшил паспорт» карантинсиз Греция ва Кипрга, шунингдек, Ўлик денгиз курортларига бориш имконини беради — улар Исроил билан тегишли битимни имзолаган.

Ҳукумат ҳисобот беришича, бу чоралар аллақачон ўз самарасини берган ва вакцинация суръатлари ўсиб, дастлабки кўрсаткичларга чиқиб олган. «Кеча 156 минг киши эмланди», — дея 16 февраль куни маълум қилди соғлиқни сақлаш вазири.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Исроилда вакцинация коронавирусни енгишни бошлади, бунга «британча» штамм ҳам тўсиқ бўлмаяпти