18:40 / 04.04.2021
2 684

Икки томонлама жосус. Қамоқдан қочган СССР агенти Жорж Блейкнинг тақдири ҳақида

Икки томонлама жосус. Қамоқдан қочган СССР агенти Жорж Блейкнинг тақдири ҳақида
Фото: Google Photos
1961 йилда Буюк Британияда 42 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Россия разведкачиси Жорж Блейк ҳаёти ҳақида «Дарё» ҳикоя қилади.

Жорж Блейк ким эди?
Икки томонлама разведкачи Жорж Беҳар (Блейк) 1922 йилда Роттердамда туғилган. Биринчи жаҳон урушида Буюк Британия томонида қатнашган Блейкнинг отаси ўша даврларда Британия фуқаролигини олган. Отаси вафот этгач, 13 ёшида Қоҳирага юборилган Блейк у ерда холаси билан яшаган. Бўлажак жосус у ерда аввал француз лицейида, кейин инглиз коллежида таҳсил олди. Жорж ёшлигидан жуда диндор бўлган эди – у руҳоний бўлишни орзу қилганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор.

Блейкнинг фаолияти
1939 йилда Жорж Иккинчи Жаҳон уруши муносабати билан Голландияга қайтди. 1943 йилда Англияга кўчиб ўтган Беҳар у ерда исм-шарифини Жорж Блейкка ўзгартирди ва ихтиёрий равишда денгиз флотига қўшилди. 1944 йилда офицерлар мактабини тамомласа-да, кейинчалик сувости кемалари хизматига лаёқатсиз деб топилди. Кейинчалик унинг ўзи денгиз флоти разведка бўлимида ишлаганини эслайди. Ўша пайтларда у рус тилини мустақил ўрганишга киришган эди.

1948 йилда у Жанубий Кореяга МИ6 резиденти сифатида юборилди. У Вивиан Холт раҳбарлигида Сеулдаги Буюк Британиянинг элчихонасида ҳам ишлаган.

Корея уруши бошланганда Блейк Шимолий Кореядаги бошқа инглиз дипломатлари билан интернатда бўлган. Ўзининг эслашига кўра, тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз муносабатлар унинг ўз эътиқодининг тўғрилигига шубҳаланишига сабаб бўлган ва уни қатъий коммунистга айлантирган. 1951 йилдан у ўз ташаббусига кўра совет разведкаси билан бепул ҳамкорлик қила бошлади.

Жорж Блейк 1961 йилда полшалик разведкачи Михал Голеневскийга нисбатан хоинлик қилиш айблови остида ҳибсга олинган ва ёпиқ суд жараёнидан сўнг 42 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Фото: Google Photos
Қамоқдан қочиш
Беш йил қамоқда ўтиргандан сўнг Блейк танишларни ишга солиб, озод бўлиш имконияти йўқлигини тушуниб етди. 1965 йилда у маҳбуслар Пат Потл, Майкл Рендл ва Шон Бурк ёрдамида қамоқдан қочиш режасини тузди. Қочқинни таниқли инглиз режиссёри Тони Ричардсон молиялаштирди. У пайтларда маҳкамалар зарурий ускуналар билан етарли жиҳозланмаган эди. Ниҳоят 1966 йил 22 октябрда, ёмғирли якшанба куни, қамоқхонадан қочиш режаси амалга ошади ва Блейк паром билан қамоқхонадаги шерикларининг оила аъзолари ёрдамида Бельгияга ва ГДР чегарасига, ундан СССРга етиб олади.

Блейк Москвада
Блейк Москвада совет фуқаролигини олади ва КГБда маслаҳатчи бўлиб ишлай бошлайди. Бир неча йил у «Прогресс» нашриётида таржимон бўлиб ҳам ишлаган.

Фото: Google Photos
Блейк Москвада истеъфодаги КГБ ходими сифатида яшаган ва содиқ коммунист бўлиб қолган. У ватанига хиёнат қилганлик тўғрисидаги айбловларни рад этади ва ўзини ҳеч қачон инглизлар каби ҳис қилмаганлигини таъкидлайди: «Хиёнат қилиш учун аввало ўзингизнинг тегишли эканлигингизни ҳис қилишингиз керак. Мен ҳеч қачон ўзимни Англияга тегишли ҳис қилмаганман. Менда ўзимни оқлайдиган ҳеч қандай айб йўқ. Мен тараққиёт етакчисида бўлганларга ёрдам бердим!»

Блейк ташқи разведка академиясида дарс ҳам берган. 1990 йилда у «Бошқа танлов йўқ» номли таржимаи ҳолини нашр эттирди. Китоб кейинроқ (2006 йил) «Шаффоф деворлар» номи остида кичик ўзгаришлар билан қайта нашр этилди.

2012 йил 11 ноябрда Россиянинг ўша пайтдаги ва амалдаги президенти Владимир Путин Блейкни 90 ёши билан табриклади. Путиннинг телеграммасида айтилишича, Блейк ҳар доим ўзига юклатилган вазифаларни муваффақиятли бажарган.

95 ёшга тўлиши арафасида Блейк ўзининг тўғри ҳаётий танлов қилганини таъкидлаган мурожаат билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, Россия разведка хизматчилари дунёни янги ядро уруши таҳдидидан қутқариши керак, чунки бу таҳдид «масъулиятсиз сиёсатчилар томонидан яна бир бор кун тартибига қўйилган».

Блейк умрининг охиригача ўзининг Москва яқинидаги Кратоводаги дачасида яшади. Умрининг сўнгги йилларда у кўриш қобилиятини йўқотди. Жорж Блейк 2020 йил 26 декабрда 99 ёшида тўсатдан юрак тўхтаб қолиши оқибатида вафот этди, 2020 йил 30 декабрда Троекуровский қабристонидаги Қаҳрамонлар хиёбонида ҳарбий шараф билан дафн этилди.

Жорж Блейк маданиятда

Фото: Google Photos
Жорж Блейк биринчи марта телевизорда 1990 йил «Эътироф» ҳужжатли фильмида кўриниш берган. Унинг ҳаёти ҳақида «Агент Блейкнинг танлови» фильми (режиссёр – Леонид Белозорович, Блейк ролида – Маркус Кунзе) суратга олинган.

Дилбар Исматуллаева тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Икки томонлама жосус. Қамоқдан қочган СССР агенти Жорж Блейкнинг тақдири ҳақида